Солиқ органлари томонидан 7 483 та субъектларнинг банк операциялари суд қарорларисиз 10 кундан кўп муддатга тўхтатиб қўйилган

Солиқ органлари томонидан 7 483 та субъектларнинг банк операциялари суд қарорларисиз 10 кундан кўп муддатга тўхтатиб қўйилган

Ҳисоб палатаси хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 111-моддасида "солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга, ўн кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг илтимосномасига асосан суд томонидан қабул қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Бироқ, ўрганишларда 2020 йилнинг 24 сентябрь ҳолатига солиқ органлари томонидан 7 483 та субъектларнинг банк операциялари суд қарорларисиз 10 кундан кўп муддатга тўхтатиб қўйилганлиги аниқланган.

Тадбиркорлик субъектларининг банк операцияларини тўхтатиш муддати 10 кундан кўп бўлган ҳолларда суд қарори мавжуд бўлмаса, банклар томонидан солиқ органининг қарорларини бажаришни давом эттириш ёки бекор қилиш тартиби Солиқ кодексининг 113-моддасида аниқ белгиланмаган.

Хусусан, 111-модданинг биринчи қисмида солиқ органи қарори билан банк ҳисобварақлари бўйича операциялари тўхтатилган субъектларнинг операциялари суд томонидан қарор қабул қилингунга қадар тўхтатиб турилиши белгиланган.

Бироқ, солиқ органи ўн кунлик муддат тугагунга қадар судга илтимоснома билан мурожаат этмаган ҳолатларда, банкнинг операцияларини тўхтатиб туриш жараёнини давом эттириш ёки бекор қилиш тартиби ёритилмаган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Солиқ кодексининг 111-моддаси биринчи қисмини қуйидаги хатбоши билан тўлдириш таклиф этилади:

– Агар солиқ органи қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун муддатда судга илтимоснома билан мурожаат этмаган ва бу ҳақда тижорат банки хабардор қилинмаган тақдирда, солиқ тўловчининг ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатилмаган деб ҳисобланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар