Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) жорий йилнинг июнь ойида ўз бизнесининг ривожлантириш истиқболларини қандай баҳолашларини билиш учун республика бўйлаб 1700 га яқин корхоналар билан суҳбат ўтказди.
Корхоналарни ўрганиш икки йўналишда олиб борилди: бизнеснинг ҳозирги ҳолатини сифатли баҳолаш ва тадбиркорларнинг кейинги 3 ой ичида ўз бизнесларини ривожлантириш истиқболларига бўлган умидлари.
Жорий йилнинг июнь ойида ишбилармонлик муҳитининг умумий кўрсаткичи 5 пункитга ўсди ва 58 баллни (-100 дан +100 гача бўлган шкала бўйича) ташкил этиб, мамлакатдаги ишбилармонлик муҳити ҳолатини ижобий деб баҳолади.
Ишбилармонлик муҳити кўрсаткичининг динамикаси
Тармоқлар бўйича ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи қишлоқ хўжалигида 62 пунктни, хизмат кўрсатишда 59 пунктни, қурилишда 63 пунктни ва саноатда 51 пунктни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида Наманган (81 п.), Бухоро (74 п.), Сурхондарё (71 п.), Самарқанд (70 п.) ва Қашқадарё (70 п.) вилоятларида ишбилармонлик муҳитининг нисбатан юқори кўрсаткичлари қайд этилди.
Ишбилармонлик муҳити республика бўйича ўртача кўрсаткичдан Тошкент вилоятида (32 п.), Тошкент ш. (37 п.), Андижон (40 п.) вилоятида, Қорақалпоғистон Республикасида (48 п.) нисбатан паст.
Ишбилармонлик муҳити кўрсаткичидаги ижобий ўзгаришлар индикаторнинг қуйидаги таркибий қисмларидаги ўзгаришлар билан боғлиқ:
Бизнеснинг ҳозирги ҳолати кўрсаткичи 7 пунктга ўсди ва 45 пунктни ташкил этди, бу тадбиркорлар бизнесининг ҳозирги ҳолатига нисбатан ижобий кайфиятини тавсифлайди.
Бизнеснинг ҳозирги ҳолатини яхши деб қайд этган респондентларнинг улуши жорий йилнинг ўтган ойига нисбатан 3% га ошди ва 43% ни ташкил этди.
Сўнгги 3 ой ичида тадбиркорларнинг 40% ўз бизнесларининг ҳолати яхшиланганлигига ишонч билдирмоқда (май ойига нисбатан 4% га ўсишган).
Республика бўйича 46% корхоналарда товар/хизматларга бўлган талабнинг яхшиланиши (7% ўсиш) қайд этилди, ходимлар сони эса 31% корхоналарда (5% ўсиш) кўпайди.
Ўз навбатида, жорий ҳолат кўрсаткичининг ўсиши қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлар ўртасида кайфиятнинг яхшиланиши билан боғлиқ бўлиб, жорий йилнинг май ойига нисбатан 15 пунктга ошган ва 51 пунткни ташкил этди; саноат соҳасида – 40 пункт (3 п. ўсиш); хизматлар – 43 пункт (6 п. ўсиш).
Ҳозирги ҳолат кўрсаткичининг нисбатан юқори кўрсаткичлари Наманган (72 п.), Самарқанд (61 п.) ва Бухоро (58 п.) вилоятларида қайд этилди. Бошқа ҳудудлар орасида нисбатан паст кўрсаткичлар Тошкент вилоятида (21 п.) ва Тошкент шаҳрида (25 п.) қайд этилди.
Бизнеснинг ривожланиш истиқболлари кўрсаткичи 2 пунктга ошди ва 72 пунктни ташкил этди, бу эса тадбиркорларнинг кейинги 3 ой давомида ўз бизнесининг ривожланиш истиқболлари ҳақидаги умидларини акс эттиради.
Тадбиркорларнинг 76% бизнес истиқболлари яхшиланишини тахмин қилди. 66% корхоналарда (май ойида 70%) товар ва хизматларга бўлган талаб яхшиланиши ва ходимлар сони 69% (май ойида 62%) ошиши кутилмоқда.
Ҳудудлар орасида кутиш кўрсаткичининг энг юқори кўрсаткичлари Сурхондарё (91 п.), Наманган (90 п.) ва Бухоро (90 п.) вилоятларида қайд этилди. Бошқа вилоятлар орасида нисбатан паст кўрсаткич Тошкент вилоятида (44 п.), Тошкент шаҳрида (49 п.) ва Андижон вилоятида (51 п.) қайд этилди.
Умуман олганда, мавжуд вазият ва истиқболдаги кутилмалар ўртасидаги боғлиқлик шуни англатадики, бизнес субъектларининг тахминларига кўра, иқтисодиётни ижобий ривожлантириш тенденцияси кейинги 3 ой ичида давом этади.
Ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатадики, салбий табиий ҳодисаларга қарамай, жорий йилда иқтисодий тикланишнинг барқарор хусусиятидан дарак беради, бу эса сўнгги тўрт йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар самарадорлигига боғлиқ бўлиб, бизнес учун қулай ишбилармонлик муҳити ва иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлайди.
Ферузбек Давлетов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш