Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилади

Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилади

Ҳуқуқий ахборот портали хабарига кўра, “Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори такомиллаштирилади.

Классификатор, жумладан, таълимнинг энг паст даражасига қўйиладиган талабларни бекор қилган ҳолда ҳар бир лавозим ва касб бўйича малака доирасига мувофиқ малака даражасига талаблар киритилишини назарда тутади.

Талаблар тегишли лавозим (касб)нинг малака даражасидан келиб чиққан ҳолда иш берувчилар томонидан мустақил белгиланади.

Қарорга кўра, Президент ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдор бўлган Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгаш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилади.

Масъул вазирлик ва идораларда уларнинг умумий штат бирликлари сони доирасида меҳнатга ҳақ тўлаш шароити бўйича мустақил бўлим бошлиғига тенглаштирилган Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгаши котиби лавозими киритилади.

Қарор билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Республика бандлик ва меҳнат муҳофазаси илмий маркази вазирлик ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти этиб қайта ташкил этилди.

2021 йил 1 апрелгача “profstandart.uz” касбий стандартларнинг ягона очиқ портали ишлаб чиқилади.

2021/2022 ўқув йилидан:

олий таълим муассасаларида амалиётга йўналтирилган таълим дастурларини жорий этиш мақсадида дуал таълим тизими жорий этилиши;

дуал таълим тизими асосида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган ўқувчиларга иш берувчи билан тузилган муддатли меҳнат шартномасига мувофиқ иш ҳақи тўланиши мумкин.

2021 йил 1 апрелдан янги касбий стандарт қабул қилинганда ёки амалдагиларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда, тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар навбатдаги ўқув йили бошланишидан олдин таълим ташкилотларининг тегишли таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, профессор-ўқитувчиларининг малакасини оширишни ташкил этади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар