Ўзбекистонда 2 456 нафар хотин-қизлар илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида маълум қилинди.
Таъкидланишича, бугунги кунда мамлакатимизда Фан доктори (DSc) илмий даражасига эга аёллар сони 271, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга аёллар сони 1 411 нафарни ташкил этади.
2020-2021 йилларда олий таълимдан кейинги таълим тизимини мувофиқлаштирувчи Ягона электрон тизимда рўйхатдан ўтган, илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган жами хотин-қизлар сони 2456, таянч докторантурада 1185, докторантурада 80, PhD мустақил изланувчиликда 964 нафардан иборат.
Қолаверса, 110 нафар аёл DSc мустақил изланувчи сифатида қайд этилган бўлса, 117 нафар хотин-қизлар стажёр-тадқиқотчиликка жалб қилинган.
2019-2021 йиллар мобайнида вазирликка хотин-қизларнинг инновацион ишланмалари ва стартап лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келиб тушган мурожаатларнинг 13 тасини молиялаштириш учун Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан 12 млрд 141 млн 786 сўм ажратилган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2020 йилда эълон қилинган “Олима аёллар грантлари” амалий ва инновацион лойиҳалар танловига хотин-қизлар томонидан умумий қиймати 1,7 трлн сўм бўлган жами 111 та илмий лойиҳа тақдим этилган. Дастлабки техник экспертиза натижаларига кўра, 40 та лойиҳага ижобий хулоса берилган ҳамда умумий ҳажми 10 млрд 450 млн сўмлик 9 та лойиҳа молиялаштирилган.
“STEAM” фанлари (Science - табиий фанлар, Тechnology - технологиялар, Engineering - техник ижодкорлик, Аrt - санъат, Мathematics - математика) бўйича таълим олаётган хотин-қизларнинг магистрлик, докторлик ишларини давлат ташкилотлари, хусусий компанияларда апробациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш яхши самара беради.
Изоҳ қолдириш