Сурхондарё халқи қандай муаммоларни кўтармоқда? (+фото)

Сурхондарё халқи қандай муаммоларни кўтармоқда? (+фото)

Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси, инсон қадрини юксалтириш, халқпарвар давлат барпо қилиш, адолат ва қонун устуворлигини амалда таъминлашдек бир-бири билан ўзаро уйғун ғояларининг ҳаётий кўриниши узоқ йиллар давомида халқ ва раҳбарлар ўртасида юзага келган тубсиз жарликни мустаҳкам мулоқот кўпригига, эътибор ва меҳр риштасига айлантирилганида акс этади. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан тузилган Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги фаолият манзили Сурхондарё вилояти.

Президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳи таркибидан ўрин олган Халқ қабулхоналари, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, ўттизга яқин вазирлик, қўмита ва ташкилотлар раҳбарларининг оммавий қабуллари Термиз шаҳридан 90 километр масофадаги Қумқўрғон туманининг “Янгиер” маҳалласидан бошланиб, вилоят марказидан 120 километр олисдаги Денов туманининг “Истиқбол” маҳалласида давом этди. Асосан Қумқўрғон, Бандихон, Шўрчи, Денов ва Олтинсой туманларидан келган юртдошларимиз билан бевосита мулоқотларда ҳар бир масала вертикал тизимда – республика, вилоят ва туманлар масъуллари иштирокида синчиклаб кўриб чиқилмоқда.

Республика ишчи гуруҳи кўплаб масалаларни жойига чиқиб ўрганмоқда ва шу аснода уларнинг ечими ҳам топилмоқда. Айтайлик, қумқўрғонлик тадбиркор Озода Эрданова Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларига туманнинг Жалойир маҳалласида давлат-хусусий шерикчилиги асосида хусусий клиника ташкил қилишни таклиф қилди. Бу масала ҳар томонлама ўрганиб чиқилгач, битим имзолашга ва шу асосда Қумқўрғон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 101-оилавий шифокорлик пунктининг фойдаланилмаётган ҳудудидан 4 сотих ер майдони ажратишга келишиб олинди.

Деновлик ҳунарманд Сурайё Норованинг фаолиятини кенгайтириш билан боғлиқ мурожаати жойига чиқиб ўрганилгач, унга ўзи яшаётган “Чўнтош” маҳалласидан бўш турган бино ажратилиб, ҳудуддаги 10 нафар хотин-қиз шогирд сифатида бириктирилди.

Денов тумани “Буюк келажак” маҳалласида яшовчи Ашурбой Каримовнинг “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти масъулларига мурожаатидан сўнг ҳудуддаги ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ масалага ҳам жойида ечим топиб берилди. Гап шундаки, бу маҳалладаги 14 минг нафардан зиёд аҳолига оби ҳаёт етказиб берувчи насос таъмирталаб аҳволда экан. Ўрганишлардан сўнг ҳозирча насос таъмирланиб, ишга тушириладиган, тез орада эса буткул янгилаб бериладиган бўлди.

Денов тумани Намуна маҳалласида яшовчи 70 ёшли Маҳкам ота Алиқулов ҳам ҳудуддаги 3 км. кўчани тош йўлга айлантириб беришларини сўради. Бу мурожаатдаги барча масала аҳоли билан бирга ўрганилиб, кенгашилди ва ечим ҳам бирга топилди. Шу асосда зарур техникалар жалб қилиниб, Намуна маҳалласи кўчаларини намунали йўлга айлантиришга киришилди.

“Оммавий қабуллар уч ойлиги” доирасидаги мулоқотлар давомида суд-ҳуқуқ, ички ишлар, кредит ажратиш, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маҳалла, оила ва хотин-қизлар масалаларига оид қатор мурожаатлар ҳам ҳал қилинди. Дейлик, шўрчилик Тошбиби Чўтматова яхши ниятлар билан иккиламчи бозордан автомобиль сотиб олмоқчи бўлади-ю, фирибгарга учрайди. Тошбиби опанинг Ички ишлар вазирлиги масъулларига айтишича, улар “Кобальт” автомобили учун келишилган суммани тўлиқ тўласа-да, бироқ сотувчи олувчи номига автомобилни расмийлаштириб бермаган. Аёлнинг мурожаати асосида тегишли текширув-суриштирув ишлари олиб борилганда, Тошбиби Чўтматованинг барча важлари тасдиқланди ва аёлнинг ўғли номига сотиб олган автомобили расмийлаштириб берилди.

Деновлик тадбиркорлар Адҳам Мақсудов ва Сожида Қорақулованинг Қурилиш вазирлиги масъулларига айтишича, улар Денов тумани Шароф Рашидов кўчасидаги 26 сотих майдонда жойлашган биноси ўрнига 9 қаватли бизнес маркази барпо қилмоқчи. Сабаби олдинги бино фойдаланишга яроқсиз деб топилган ва унинг ўрнига янги бино қуриш тавсия қилинган. Бу борада лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Мажмуа таркибида кинотеатр, савдо дўконлари, тадбиркорлик маркази бўлади. Бу билан юзлаб янги иш ўринлари яратилади. Бироқ, тадбиркорларнинг айтишича, қурилишни бошлашга рухсат бериш негадир кечикмоқда. Мурожаатдан сўнг бу масала ҳар томонлама ўрганиб чиқилгач, қурилишни бошлашга рухсат берилди.

Деновлик Бекзод Мирзаевнинг мурожаати асосида унга ўзи яшаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур маҳалласида кичик тикувчилик корхонаси ташкил қилиши учун 25 миллион сўм кредит ажратилиши таъминланди.

Шўрчилик Нилуфар Мусурмонованинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун кредит ажратиш билан боғлиқ масаласи ҳам шу ерда ҳал қилинди.

Денов тумани Ўшор қишлоғида яшовчи Олтиной Очилованинг уч фарзанди олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Аёл Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъулларидан талаба фарзандларининг таълимдан бўш вақтида ишлаши учун шароит яратиб беришда амалий ёрдам сўради. Унинг Нукус давлат педагогика институтида таълим олаётган фарзанди бепул ётоқхона ва қўшимча иш билан таъминланди, Термиз Давлат университети магистратурасида таълим олаётган фарзанди ўша университетнинг ўзида ишга жойлаштирилди.

Худди шу мазмундаги мурожаатлар асосида деновлик Эркин Равшанов, Хадичабону Ғиёсова, Қаҳрамон Сувонов, Мунира Мирзаева каби ўндан зиёд ёшлар вазирлик тизимидаги таълим муассасаларида иш бошлади.

Қабуллар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож ўнлаб мурожаатчиларга саломатликларини тиклаши, даволаниши, бепул жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун йўлланмалар ажратилди.

Деновлик Жумагул Худойназарованинг ҳам анча йиллик дарду ташвишлари шу қабулларда ариди. Жумагул опанинг туғма юрак хасталиги билан дунёга келган 5 яшар қизини даволатиш катта катта маблағ талаб қилар, бироқ ўзи оғир ижтимоий аҳволдаги оиланинг бунга қурби етмаётган эди. Мурожаатидан сўнг аёлнинг қизида Тошкент шаҳрида бепул жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди.

Дастлабки кунларнинг ҳисоб-китобларга кўра, Қумқўрғон ва Денов туманларидаги қабулларда 1 минг 220 та мурожаат кўриб чиқилган, уларнинг 606 таси жойида ҳал қилинган. 275 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунча берилган бўлса, 339 та масала юзасидан аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, Президент Администрацияси ва Халқ қабулхоналари назоратига олинди.

Давлатимиз раҳбаридан аниқ кўрсатма ва вазифалар олган Республика ишчи гуруҳининг воҳа бўйлаб бундай оммавий қабуллари олти кун давом этади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар