Давлатимиз раҳбари мактабда ўқиётган қизлар ва маҳалладаги аёлларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароитлар яратилишини таъкидлади.
Эҳтиёжманд хотин-қизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича шароитлар яратилади, “Халқ банки” тажрибаси асосида аёлларни эшитиш ва уларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича “билим платформаси” жорий қилинади, қолаверса, алимент тўловларини кафолатли таъминлаш бўйича янги тизим барпо этилади", деди Президент Шавкат Мирзиёев.
2022 йил 1 июндан бошлаб мактабда ўқиётган қизлар ва маҳалладаги аёлларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун зарур бўлган шароитларни яратувчи янги тизим йўлга қўйилади:
- ҳар бир вилоятдаги мономарказлар ва олийгоҳлар қошида Малакани баҳолаш марказлари ташкил этилади;
- марказларда “устоз-шогирд” анъаналари асосида тажриба тўплаган хотин-қизлар ҳам малака ҳужжати олиш имкониятига эга бўладилар;
- марказлар орқали 2022 йилда 30 минг нафар хотин-қизларни талаб юқори бўлган ишчи касбларга ўқитиб, малака ҳужжати бериш бўйича давлат буюртмаси жорий қилинади;
- ҳар йили мактаб ва коллежларни битираётган 20 минг нафар қизларни IT соҳасида ўқитиш бўйича ҳам давлат буюртмаси бўлади.
Ўзи ёки қарамоғида ногиронлиги бор яқини бўлган хотин-қизларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларни касбга ўқитиш борасида, нодавлат нотижорат ташкилотларига берилаётган грантлар миқдори 5 бараварга оширилиб, 200 миллион сўмгача етказилади (амалда 40 миллион сўм).
"Аёллар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш учун, қўшимча шарт-шароитлар яратамиз", деди Президент.
Бунинг учун, энг аввало, тадбиркор аёллар улушини ҳозирги 25 фоиздан 40 фоизга етказиш бўйича 2022-2024 йиллар учун “Бизнес аёллар” дастури қабул қилинади.
Ушбу дастур ижросига жами 8 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
Шунингдек, ҳар бир банк филиалида аёл тадбиркорларнинг яқин ҳамкори сифатида ишлайдиган аёл менежерлар тайёрланади. Банклар аёлларга алоҳида ёндашувлар асосида хизматлар таклиф этилади.
Мисол учун, тадбиркорлик фаолиятини янги бошлаган аёл тадбиркорларга банк хизматлари билан бирга тадбиркорлик курслари ташкил этилади. Шунингдек:
- фаолиятини бошлаганига 6 ойдан 12 ойгача бўлган аёл тадбиркорларга 300 миллион сўмгача;
- 2 йилгача ишлаганига 1 миллиард сўмгача;
- 2 йилдан ортиқ ишлаганига 3 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар берилади.
Умуман, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча равишда:
- 2022 йил 1 июнга қадар 300 миллион доллар жалб қилинади;
- 2022 йилда оилавий тадбиркорликка 3 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.
- 2022 йил 1 майдан бошлаб янги кичик бизнесни бошлаётган тадбиркор аёлларга асбоб-ускуна (масалан, тикувчилик, ип-йигирув, қандолат дастгоҳлари, сартарошлик ускуналари) учун амалдаги субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга оширилади;
- ўз томорқасида гул, лимончилик, мева-сабзавот етиштириш учун иссиқхона қуриш ҳамда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликни йўлга қўйиш учун 35 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади.
Бугунги кунда 290 мингдан зиёд оталарга фарзандлари учун алимент тўлаш юкланган.
Лекин, уларнинг 172 минг нафари ўз фарзанди олдидаги мажбуриятини бажаришдан бош тортиб келмоқда.
"Оқибатда алимент бўйича қарздорлик 115 миллиард сўмдан ошиб кетган. Ҳар бир вилоят ҳокими ўз рақамларини билади.
Шу боис 2021 йили Халқ қабулхоналарига алимент билан боғлиқ 70 мингга яқин мурожаат келиб тушган.
Энди алимент тўловларини кафолатли таъминлаш бўйича янги тизим жорий қилинади", деди Президент Шавкат Мирзиёев.
2022 йил 1 июлдан Мажбурий ижро бюросида “Алимент тўловлари” жамғармаси ташкил этилади ва унга дастлаб 50 миллиард сўм йўналтирилади.
Мазкур маблағлар уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган алиментларни тўлашга ажратилади ва кейинчалик бюро томонидан ундириб олинади.
Изоҳ қолдириш