Жумладан, мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, умумтаълим мактаблари фаолиятини яхшилаш, олий таълим тизимини дунё стандартлари даражасига олиб чиқиш, уларни халқаро мингталик рейтингига киритиш, айниқса, ўқув юртларига қабул қилишда объектив ва адолатли тизимни ўрнатиш, нуфузли чет эл университетлари филиалларини очиш каби кўплаб амалий ишлар бажарилмоқда.
Мамлакатимиз таълим тизими ривожига, айниқса, унинг дунё стандартлари даражасига чиқишига тўсиқ бўлаётган омиллар ҳам йўқ эмас. Бу кечиктириб бўлмайдиган жиддий масалалар нималардан иборат ва уларни ечиш йўллари қандай?
Биринчи масала давлат таълим стандартларининг ЮНЕСКО томонидан қабул қилинган халқаро таълим классификацияси стандартига мос келиши зарурати билан боғлиқ. Ваҳоланки, бу халқаро стандартда таълим соҳасининг барча босқичларига оид меъёрлар аслида қандай бўлиши, қай тарзда бўлса, юқори натижаларга эришиш мумкинлиги аниқ белгилаб берилган. Бизнинг таълим тизимимизда бу меъёрлар кўзда тутилмаган. Ҳолбуки, жаҳон тажрибасига кўра, миллий таълим стандартлари ўз ижтимоий, иқтисодий ва маданий хусусиятларига эга бўлган давлатлар тажрибасига эмас, балки халқаро таълим классификацияси стандартига асосланиши зарур. Шунда жаҳон стандартлари талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш имкони ошади.
Дунёнинг ривожланган давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида — то ўтган асрнинг охирларигача 1976 йилда ишлаб чиқилган халқаро таълим классификацияси стандартидан фойдаланиб келинди. Бироқ дунё таълим тизимига киритилган кейинги янгиликлар натижасида ушбу асосий концептуал ҳужжат икки марта янгиланди.
Халқаро стандартга асосан ҳар бир таълим даражаси учун таълим дастурлари ва уларга мос равишда малака талаблари ишлаб чиқилиши таълим сифатининг ошишига асос бўлади. Таълим тизимини даражаларга ажратиш эса унинг узлуксизлиги ва кетма-кетлигини таъминлайди. Бу тушунча ва тамойиллар халқаро таълим классификациясининг асосий вазифаларидан биридир.
Таълим тизимимиз ривожи учун муҳим иккинчи масала — бу мамлакатимизда халқаро ва Европа малакалар стандартига мослашган таълим малакалари классификацияси ишлаб чиқиш заруратидир. Мавжудлари эски маълумотларга асосланган бўлиб, мамлакатимиздаги бугунги демократик жамият амалиётида фойдаланиб бўлмайди. Эътибор беринг, юртимизда йигирма йилдан буён олий таълим битирувчиларига бериладиган дипломларда касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган, халқаро талабларга мувофиқ тегишли малака, таълим даражалари, хусусан касби, ихтисослиги ва бошқалар кўрсатилмаяпти. Натижада дипломларимиз ривожланган давлатлар томонидан тан олинмай келинмоқда.
Мамлакатимизда таълим малакалари классификацияси жорий этиш ва ундан фойдаланиш янги таълим стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда ўқув юртларининг таълим, касбга оид дастурларини тузишда таянч вазифасини ўтайди. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, у давлатнинг иқтисодий ўсишига ҳисса қўшадиган таълим тизими билан меҳнат бозорини ўзаро боғловчи муҳим воситадир.
Учинчи масала шуки, бизда 1997 йили қабул қилинган таълим классификаторидан фойдаланиб уч юздан ортиқ бакалавриат таълим йўналиши ва олти юздан ортиқ магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланади. Бизнингча, бундай тор профилли мутахассисларни тайёрлаш тез ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди. Қолаверса, бу иқтисодий жиҳатдан давлат учун манфаатли эмас. Олий ўқув юртини битирган тор профилли кадрлар ўз йўналиши бўйича иш топиши қийин. Чунки меҳнат бозорида кенг профилли мутахассисларга талаб доимо юқори. Ваҳоланки, жаҳон амалиётида 2013 йилда ишлаб чиқилган таълим соҳаси ва мутахассисликлар классификациясининг янги халқаро стандарти ишлатилмоқда. Унга кўра, саксонга яқин ихтисослашган соҳа доирасида кенг профилли мутахассис кадрлар тайёрлаш кўзда тутилган. Шу муносабат билан янги халқаро стандарт асосида унга мослашган миллий таълим соҳаси ва мутахассисликлар классификациямизни жорий этиш ҳозир кадрлар тайёрланаётган мингга яқин тор ихтисосликдан қай бирини танлаш кераклигини аниқлаб беради.
Бугунги кунда биргина қишлоқ хўжалигининг агрономия соҳасида жуда кўп тор доирадаги ихтисосликлар бўйича мутахассислар тайёрланади. Анорчилик, пахтачилик, ем-хашак экинлари, мевачилик ва узумчилик, сабзавотчилик ва картошкачилик кабилар шулар жумласидан. Зооинженерия соҳасида ҳам вазият шундай: асаларичилик, паррандачилик, қўйчилик ва эчкичилик, қорамолчилик, йилқичилик ва туячилик каби ўнлаб тор мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Бизнингча, улар ўрнига янги давр талаб қилаётган кенг доирадаги мутахассис агроном ёки зооинженерлар тайёрланса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Тўртинчи масала бугун олий таълим тизимимизни халқаро таълим стандартларига тўла мувофиқлаштириш ва интеграциялаштириш билан боғлиқ. Амалдаги давлат таълим стандартида таълимнинг мураккаблиги, кредит кўлами ва ҳар хил ихтисосликдаги мутахассисларни тайёрлашнинг ўзига хос хусусиятлари тўлиқ ҳисобга олинмай, икки босқичли олий таълим тизими (бакалавриат ва магистратура) жорий этилган. Ваҳоланки, халқаро таълим стандартларида икки босқичли олий таълимдан ташқари, магистр даражасида мутахассис тайёрловчи бир босқичли олий таълим тизими ҳам мавжуд.
Хусусан, халқаро меъёрларга кўра, тиббиёт, стоматология, фармацевтика, ветеринария, архитектура, инженерлик иши, юриспруденция ва фундаментал фанлар соҳасида магистр даражасидаги мутахассислар давомийлиги беш йилдан кам бўлмаган, бир босқичли олий таълим дастури асосида тайёрланади. Чунки уч-тўрт йилга мўлжалланган бакалавриат дастури бу ва бошқа айрим мутахассисликлар бўйича билим олиш ҳамда танланган соҳа бўйича ишга жойлашиш учун етарли эмас.
Бешинчи муҳим масала мактаб таълими билан боғлиқ. Аввало, бугунги 11 йиллик умумий ўрта таълим мактабларидаги уч босқичли таълимда (1–4, 5–9 ва 10-11-синфлар) ўзига яраша замон талабларига мос меъёрлар зарур. Айни пайтда 1–9-синфлар учун битта таълим стандарти ишлаб чиқилган. Ҳар бир ўқув босқичига алоҳида таълим дастурлари ва аниқ малакавий талаблар халқаро стандарт даражасида расмийлаштириш керак. Шунга қараб, масалан, ҳар бир босқичда ўқув жараёни, мазмуни, ўқитиладиган фанлар сони, мақсади, вазифалари, қайси босқич ва синфда қандай билим бериш кераклигини аниқлаш мумкин.
Дунё тажрибасига кўра, 10-11-синфларда ўтиладиган ҳамма фанлар бўйича таянч ва ихтисослаштирилган икки турдаги стандартлашган дастурлар яратиш бугунги кун талабидир. Чунки бу мактабларда ихтисослашган синфлар ташкил қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Дунёда тўққиз йиллик таянч ўрта мактаб таълими мажбурий бўлиб, ўқишни давом эттиришга мойиллиги сустроқ, лекин ҳунар ёки техникага қизиқиши юқори ёшларнинг касб танлашига тўсқинлик қилинмайди. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда касб-ҳунар ўрганишига шароит яратиб берилади. Баъзи ёшлар 10-11-синфда ўқишни давом эттириб, мактабдан ташқари вақтда касб-ҳунар мактабларининг ишлаб чиқариш корхоналари ёки ташкилотларда жойлашган ўқув базаларида дуал тизим асосида касб-ҳунар ўрганади.
Қолган ўқувчилар умумий ўрта таълим мактабларининг ихтисослашган синфларини битириб, техникум ва университетларда ўқишни давом эттиради. Битирувчи ёшларнинг яна бир қисми — олий ўқув юртларига ўқишга кира олмаган ёки ўқишни давом эттиришни истамаганлар касб-ҳунар билим юртларида ўзлари қизиққан касбни эгаллаб, тўғри меҳнат бозорига чиқади. Ҳаёти давомида касбий кўникмасини такомиллаштириши, ишдан ажралмаган ҳолда меҳнат бозори талабига қараб қўшимча касбларни эгаллаши мумкин.
Дуал тизим ҳақида тўхталар эканмиз, унинг ўзига хос талаблари мавжуд эканини қайд этиб ўтмоқчимиз.
Биринчидан, 10-11-синфда ўқиш мактабда ўтилади, ҳунар эса касб-ҳунар таълими муассасасининг ўқув базасида, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, тўғридан-тўғри иш жойида ўрганилади.
Иккинчидан, битирувчига умумий ўрта таълим мактабини тугатгани ҳақида алоҳида аттестат, касб-ҳунар муассасасини тамомлаб касб эгаллагани тўғрисида алоҳида гувоҳнома берилиши шарт. Бу талабларни бажармаслик таълим сифатига салбий таъсир қилади. Малакали ишчи кадрлар тайёрлаш ҳолатининг ёмонлашувига олиб келади.
Европа давлатларининг кўп йиллик тажрибасига кўра, касб-ҳунар таълими муассасаларига 9- ёки 11-синф битирувчи ўқувчилари, биздагидан фарқли ўлароқ, тўғридан-тўғри, танловсиз қабул қилинади. Бундан ташқари, касб-ҳунар ўрганиш бепул.
Назаримизда, мамлакатимизда ҳам таълим тизимини айни шу кўринишлар асосида ривожлантирсак, биринчидан, таълим билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро интеграцияни таъминланади. Иккинчидан, мамлакатимизда қамбағалликни қисқартириш, ҳудудларда янги иш ўринларини ташкил этишга эришилади.
Мамлакатимиз умумтаълим тизимини ривожлантириш ҳақида сўз юритар эканмиз, мактаб ўқитувчиси тайёрлаш билан боғлиқ бир қанча долзарб масалалар мавжудлигини ҳам қайд этиш жоиз. Жумладан, 2001 йилда қабул қилинган ва 2015 йилда қайта кўриб чиқилган давлат таълим стандартининг олий таълим йўналишлари, мутахассисликлари классификаторида тайёрланаётган ихтисосликлар даражаси ва номлари халқаро стандартларга мос келмайди. Масалан, ушбу классификаторга кўра, олий таълим битирувчиларига биологиядан дарс бериш методикаси ёки математикадан дарс бериш методикаси ва бошқалар бўйича бакалавр даражаси берилмоқда. Ваҳоланки, халқаро стандартларга кўра, мактабгача таълим ўқитувчиси, бошланғич таълим ўқитувчиси, ўрта мактаб биология фани ўқитувчиси, ўрта мактаб математика ўқитувчиси мутахассислиги бўйича олий маълумотли диплом берилиши кўзда тутилган. Демак, педагог кадрларни тайёрлаш ва уларга диплом бериш борасида ҳам бажарилиши керак бўлган ишлар бор.
1997–2001 йилларда ўтказилган таълим ислоҳотлари натижасида 10-11-синфлар, касб-ҳунар билим юртлари ва техникумлар асоссиз равишда битта таълим босқичига бирлаштирилиб, коллежларга айлантирилди. Ҳолбуки, халқаро стандартларга мувофиқ, бу уч кўринишдаги таълим кадрлар тайёрлаш мақсади ва мазмунига, ўқув дастурлари мураккаблиги ва ўқиш давомийлигига кўра ўзаро фарқланиб, таълимнинг алоҳида босқичлари ҳисобланади. Энг асосий фарқ шуки, техникум мутахассис-техниклар, касб-ҳунар мактаби ва билим юртлари эса малакали ишчи тайёрлайди. Айниқса, касб-ҳунар мактабларида ўқувчиларга бир пайтнинг ўзида ҳам 10-11-синфларнинг йигирмага яқин умумтаълим фанларини ўқитиш, ҳам касб-ҳунарга ўргатиш кутилган самарани бермаслигини, аксинча, турли салбий оқибатларга олиб келишини ўтган йигирма йилдан ортиқ вақт кўрсатди.
Бу камчиликларга барҳам бериш, кадрлар тайёрлаш жараёнига замон талаб қилаётган туб ўзгаришларни киритиш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, аввалги ислоҳотлар даврида асоссиз тарзда қўшиб юборилиб, коллежга айлантирилган таълим муассасалари учта алоҳида — бошланғич, ўрта ва ўрта махсус, профессионал таълим тизимига ажратилди. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ҳам қабул қилинди. Унда бошланғич ва ўрта профессионал таълим босқичларида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиб, малакали ишчилар етиштириш, ўрта махсус профессионал таълим босқичида эса мутахассис-техниклар тайёрлаш кўзда тутилган. Булар ўртасида жуда катта фарқ борлиги яққол кўриниб турибди.
Таълим соҳасидаги бугунги камчиликларнинг бартараф этилиши, халқаро меъёр ва қоидаларнинг тезроқ қабул қилиниши ҳамда жаҳон стандартларига асосланган миллий таълим классификацияси стандарти ва миллий касблар классификацияси стандарти яратилиши янги Ўзбекистоннинг халқаро таълим ҳамжамиятига интеграциялашувига ва малакали кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга олиб келади.
Азамат ШАМСИЕВ,
Самарқанд давлат тиббиёт институти профессори
Изоҳ қолдириш