Талимаржон янада обод гўшага айланди

Талимаржон янада обод гўшага айланди

Давлатимиз раҳбари асос солган халқ билан мулоқот тизими, кучли инсонпарварлик сиёсати, улкан бунёдкорлик ҳаракати натижасида бугун мамлакатимизнинг энг олис, чекка нуқталаридан бири – Нишон туманидаги кўпмиллатли Талимаржон шаҳарчасининг ҳам янги ҳаёти бошланди. Қарши шаҳридан 90 километр, Нишон тумани марказидан 50 километр узоқдаги чегара ҳудудда ягона аҳил оила бўлиб яшаб келаётган ўзбек, туркман, тожик, рус, татар каби 17 миллат вакилларидан иборат 11,5 мингдан зиёд талимаржонликлар мана шундай ободлик, янгиланиш ва яшариш тўлқинини анча йиллар кутгани рост.

Икки қаватли 100 та уй, 400 ўринли маданият саройи, болалар боғчалари, умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари, йўл, сув, канализация, табиий газ ва электр тармоқларининг буткул таъмирланиши, янги-янги бинолар барпо қилиниши, 120 ўринли тикувчилик корхонаси, 90 дан зиёд оилага деҳқон хўжалиги учун ер ажратилиши “Халқимиз бугун ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши керак” деган ҳаётбахш ғоянинг ёрқин амалий исботидир.

Шу боис ҳам Мироблар шаҳри янги қиёфасининг яхлит ансамблини ташкил қилувчи навбатдаги объектларни фойдаланишга топшириш тадбирлари ҳам миллатлараро дўстлик фестивалига айланиб кетди. Қашқадарё заминидан етишиб чиққан санъат намояндалари, маданият, театр, кино ва эстрада вакилларининг Тошкент шаҳридан меҳмон бўлиб келиши эса нур устига нур бўлди.

Президентимиз йўлга қўйган халқ розилиги йўлидаги яхлит тизим, пухта ва аниқ механизм натижасида Талимаржон даги бу масканга яна файз қайтди, нур инди. Мазкур маърифат, санъат ва маданият кошонаси бугун Талимаржон да миллатлар дўстлигини янада мустаҳкамловчи ришта ўлароқ ўзининг янги даврини бошлади.

Марказнинг тантаналар фойеси шу куни мўъжаз шаҳардаги турли миллатларнинг дўстлик байрамига, ўхшаш маданиятлар, урф-одатлар ва анъаналар бирлашган катта санъат анжуманига айланди.

Таллимаржонга пойтахтимиздан меҳмон бўлиб келган санъаткорларга “Обод марказ” лойиҳаси доирасида шаҳарда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, миллатлараро дўстлик муҳити ҳақида атрофлича сўзлаб берилди. Ўзаро суҳбатларда ҳам, катта концерт дастурида ҳам бир ҳақиқат бот-бот таъкидланди: давлатимиз раҳбари асос солган янги бунёдкорлик ҳаракати нафақат чекка-олис ҳудудлар қиёфасини, балки инсонлар қалбини, онгу дунёқарашини ҳам янгиламоқда. Мана шундай замонавий, муҳташам маданият маркази остонасидан бир ҳатлаб, концерт ё спектакль томоша қилган, маърифат анжумани меҳмони бўлган ҳар қандай инсон албатта ўз ҳаётини ўзгартирадиган бир улгуга эга бўлади.

Шу куни маданият марказида мақом, бахшичилик, фольклор, амалий санъат тўгараклари, ёш дастурчилар тўгараклари, турли миллатлар урф-одатлари, санъати ривожланишига хизмат қиладиган маданият хоналари иш бошлади. Шу йўналишлар бўйича ўз мактабини яратган йирик санъат намоёндалари эса бу тўгаракларнинг илк машғулотларига муаллимлик қилди.

Марказда 400 дан ортиқ китоб фондига эга ахборот ресурс маркази, жаҳон ва ўзбек адабиётининг 200 дан зиёд нодир намуналарини ўзида мужассам этган электрон кутубхона ҳам шаҳарча аҳолиси, айниқса, ёшлар учун яна бир катта имконият бўлди.

Эзгу амаллар бир-бирига уланди. Шу куни маданият марказида Талимаржон лик ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор, “темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган уй-жойсиз 16 нафар инсонга – 16 та оилага доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида турар-жой билан ҳам таъминлангани тўғрисидаги сертификат ва ордерлар топширилди. Янги уйлар калитлари эса том маънода уларнинг янги ҳаёт йўли дарвозасини ҳам очиб беради.

Талимаржоннинг “Тинчлик” маҳалласидаги фойдаланилмай турган 2 қаватли бинонинг реконструкция қилиниши билан оғир ижтимоий аҳволдаги 16 та оила бошпанали бўлди. Дейлик, 2-гуруҳ ногирони Бурҳон Бўриев оиласи ва 2 нафар фарзанди билан ижарама-ижара сарсон юрган бўлса, энди Президент Халқ қабулхонаси ва секторлар ҳамкорлигида унинг уй-жой масаласи ҳал қилиб берилди. Икки хонали турар-жой улар учун нажот қалъаси бўлди. Ёки шу вақтга қадар вояга етмаган 2 нафар фарзанди билан ота уйида 3 та оила билан сиқилиброқ кун кечирган Нилуфар Одинаева ҳам мамлакатимиздаги инсонпарварлик сиёсати боис доимий турар-жой билан таъминланди.

“Обод марказ” лойиҳаси доирасида Талимаржон шаҳридаги икки қаватли 100 та уй-жой бош-оёқ капитал таъмирланди. Яқин-яқингача шу уйларда булутли ҳаводан-у томдан чакка ўтишидан юраги зада бўлиб кетган қарийб 1,3 мингта оила вакиллари бугун қор-ёмғирни ниҳоят файз-барака инояти сифатида қабул қиладиган бўлди. Бу уйлар реконструкцияси билан бирга шаҳарда 10-15 йилдан буён ишламаётган канализация тармоғи ҳам таъмирланиб, ишга туширилди.

Мироблар шаҳарчасига оби ҳаёт етказиб берадиган тизим 40 йил деганда реконструкция қилинди. Эскирган 4 та насос янгиланди, ҳар бири 2 минг метр куб сув сиғимига эга 2 та сув тўплаш-тарқатиш иншоати таъмирланди. Шаҳарга сув элтувчи 9,6 км. магистрал, 59,6 км. ички тармоқ таъмирланди. Натижада шаҳар аҳолиси тўлиқ ичимлик суви билан барқарор таъминланди, илк марта 2 қаватли уйларга оби ҳаёт кириб борди.

Трансформаторларнинг биттаси янгиланиши, 18 таси таъмирланиши билан электр энергияси таъминоти ҳам барқарорлашди. Шаҳардаги барча газ тармоқлари тартибга келтирилиб, жорий таъмирлангач, “зангори олов” пилиги кўтарилди. Талимаржон га кириб келувчи 12 км. йўл эса таъмирланди.

Уйлар атрофи ободонлаштирилиб, болалар майдончалари, айвончалар, шинам тандирхоналар қурилди. Бу билан шаҳарнинг чиройи очилди, одамларнинг қалби ҳам қуёшдек ёришиб кетди. Шаҳарга яна замонавий турмуш маданияти қайтди.

Қирқ беш йил аввал чўлқуварлар карвонида Талимаржон шаҳрини барпо қилиш учун турмуш ўртоғи билан Тожикистондан кўчиб келган Галия Назарова ҳам бугун неча йиллик орзу-армонлари ушалганини айтиб чармайди.

Шаҳар ҳаётидаги яна бир янгилик – “темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун 120 иш ўрнига эга “Талимаржон барака чеварлари” корхонаси иш бошлади. Тошкентдан гастролга келган 30 дан зиёд санъаткорлар эса мазкур корхонанинг илк меҳмонлари бўлишди. Кийим танлаш бобида анчайин диди нозик санъаткорлар ҳам Талимаржон лик чеварлар меҳнатига юқори баҳо берди.

Талимаржонда Нишон тумани давлат хизматлари маркази филиали қурилиб, фойдаланишга топширилиши билан ҳудуд аҳолиси бир ҳужжат учун 50 километр йўл босиб туман марказига бориб-келиш азобидан қутилди. Эътиборлиси, шаҳар ва унинг атрофидаги маҳаллаларда яшовчи қарийб 33 минг аҳоли шу ерда давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин.

“Обод марказ” лойиҳаси доирасида ҳудуддаги иккита мактабгача таълим ташкилоти ҳам реконструкция қилинди. Хусусан, ўттиз уч йил аввал қурилган 19-мактабгача таълим ташкилоти бош-оёқ таъмирлангач, болалар қамрови 150 ўриндан 240 ўринга ошди. Шаҳардаги 150 қатновга мўлжалланган поликлиника ва 40 ўринли шифохона ҳам 40 йил деганда таъмирланиши билан Талимаржон ликларга шу ернинг ўзида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилмоқда.

Икки қаватли уйлар атрофидаги 9 гектар ер ўзлаштирилиб, “темир дафтар”га киритилган 90 дан зиёд оилага деҳқон хўжалиги учун ажратиб берилгач, шунча оила рўзғорига ҳам барака кирди.

Шаҳардаги байрам сайллари кечга қадар давом этди. Айниқса, маҳобатли маданият маркази биноси атрофи анчайин гавжум бўлди. Биз ҳам кун бўйи шаҳар айланар эканмиз, Талимаржон даги субҳидамдан то шом қоронғусигача бўлган муддатдаги таассуротларимиздан бир хулосага келдик: давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик, халқпарварлик сиёсати боис бугун Талимаржон шаҳри ҳам чин маънода чўл пойтахтига, жануб жавоҳирига эврилмоқда. Мироблар шаҳрининг янги тарихи бунёд қилиниши, бу ерда энг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларни таъминлаш учун барча инфратузилма яратилаётгани билан эса Талимаржон ҳар бир инвестор учун жозибадор ҳудудга ҳам айланмоқда.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар