Вақт алламаҳал бўлишига қарамай, кўзга уйқу келмайди. Ўйчанлигим, руҳимдаги синиқлик болаларимга ўтмасин дейман... Улар ахир гўдак, мен эса онаман! Шу тобда ором олаётган фарзандларимга қараб ўтириб, туғилганидан юртма-юрт кезиб қочоқ номини орқалаб, жажжи юраги билан улкан ва ваҳшатли дунёнинг юкини кўтариб юрган болалар қандай ухларкин, деб ўйлаб қоламан. Катталарнинг аянчли, ур-тўполон, сарсон-саргардон ҳаёти орасида чалишиб, ҳориб, ҳеч қурса уйқусида болага ўхшармикин улар?..
Уруш ҳақидаги фильмларни кўрсам, ҳар сафар тинчлик билан отаётган тонгимизга, осойишта ботаётган шомимизга шукур қиламан. Зеро, уруш кўрмаган бизнинг авлод шукурки, бу даҳшат ва унинг кўргиликларини фақат тарихий китоблар, у ҳақдаги кинофильмлардан ҳис этамиз.
Шундай киноасарлардан бирида икки тотув қабилани бирин-кетин енгиш мақсадида, ғаним қўшни қабила кишисига дўстининг камонидан ўқ узади. Қабила номи битилган найзадан ҳалок бўлган йигитни кўрган қавм кўксида бирдан қасос олови гуркирайди. То бу фитна, душманнинг ўйланган пухта тузоғи эканлигини англаб етишгунича, икки эл, икки дўст анча йўқотишларни, қаро кунларни бошдан кечиради.
Бугун азим Қорақалпоқ заминида бўлиб ўтган кўнгилсизликлар, тўполонлар аслида ана шу беркиниб найза отмиш ғанимларнинг иши эканлигини, икки қардош биродарлигини кўролмаётганларга биргалашиб зарба беришлигини ўз вақтида англаб етиш ўта муҳим.
Уруш ҳеч бир замонда яхшилик ва ёки бойлик олиб келмаган. У фақат ва фақат йўқотишлар, асрларга таътигулик андуҳ ва армонлар келтирган. Бугун бир дарёнинг сувини ичиб, бир тупроқда катта бўлаётган элни фақатгина бирлик, буюк Турон бирлиги асраб қола олади!..
Шундагина болаларимиз хушлари ва тушларида ҳам болага ўхшайди...
Наргиза Асад
Изоҳ қолдириш