Тожикистон ер усти метросини қуриш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирди (+фото)

Тожикистон ер усти метросини қуриш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирди (+фото)

23 март куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигидаги делегация Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ҳоким бошчилигидаги делегация "Душанбе –МДҲнинг маданий пойтахти-2021" тадбирининг очилиш маросими ҳамда "Наврўз-Душанбе-маданий ва сайёҳлик алоқалари платформаси" II Халқаро форумида иштирок этди.

Тожикистон Президенти Ижро этувчи Девонининг меҳмонхоналар мажмуасида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда Тожикистон Республикаси Мажлиси Олий Мажлиси раиси, Душанбе шаҳри раиси Рустами Имомали билан учрашди.

Учрашувда азалдан дўст ва қўшни бўлган халқларимиз ва икки пойтахт ўртасида турли соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш борасида фикр алмашдилар.

Рустами Имомали Тошкент шаҳар ҳокимини Душанбеда кўриб турганлигидан хурсандлигини билдириб, бу Ўзбекистон пойтахти ҳокими бошчилигидаги илк делегация эканлигини қайд этди ва Ўзбекистон томони билан барча соҳалардаги ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.

Ўз навбатида Тошкент шаҳар ҳокими ҳам дўстона ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ҳар икки томонда ўзига хос ютуқлар борлиги, ўзаро алоқаларни ривожлантириш орқали тажриба алмашиш, малака ошириш ва ижобий натижаларга эришиш мумкинлигига тўхталди.

Учрашувдан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлиги делегацияси ичимликлар ишлаб чиқарувчи, гранит тош ва мармарни қайта ишловчи корхоналар фаолияти билан танишдилар. Шунингдек, Душанбедаги кўп қаватли уйларнинг қурилишини кўздан кечирдилар. Ташриф давомида томонлар маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилган уй-жойлар режаси ҳамда Ўзбекистондан қурилиш материаллари етказиб бериш борасида фикр алмашдилар.Бундан ташқари, делегация аъзолари Душанбе шаҳридаги Теннис саройи, Сув спорти мажмуаси, Коҳи Наврўз маданий-кўнгилочар мажмуаси ҳамда Тожикистон Миллий музейида ҳам бўлдилар.

Душанбе шаҳар мериясида бўлиб ўтган учрашувда Grand Road Tashkent МЧЖ ҚК Бош директори Ахмад Сайдалиев Душанбе шаҳар раисининг транспорт ва йўл қурилиши бўйича ўринбосари Саидзода Фирдавс ва “Душанбе шаҳрининг йўллар ва кўприкларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бошқармаси” давлат муассасаси раҳбари Раҳимзода Муҳаммадюсуф билан учрашди.

Ўзаро мулоқот давомида тожик томони ер усти метросини қуриш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирдилар.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар