Тошкент шаҳрида Япония рақамли университети ташкил этилади

Тошкент шаҳрида Япония рақамли университети ташкил этилади

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан, “Digital Knowledge Co., Ltd.” компаниясининг (Япония) муассислигида Япония рақамли университети ташкил этилади.

Қарорда таъкидланишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан “Digital Knowledge Co., Ltd.” компанияси ўртасида 2020 йил 17 апрелда “JDU – Japan Digital Universities” сателлит кампусини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланган.

Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади.

Университетда ўқитиш япон ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Ўқув режалари ва фан дастурларида Япониянинг Отемае университети, Токио онлайн университети ва бошқа нуфузли ОТМларининг тажрибасидан фойдаланилади.

Университетда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги ва масофавий таълим шаклларида кадрлар тайёрлаш амалга оширилади.

Университет битирувчиларига олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Япония университетлари ҳамда Ўзбекистоннинг белгиланган намунадаги дипломлари берилади.

Университетда талабалар ўқиши учун тўлов-контракт маблағлари миқдори Муассис томонидан белгиланади, шунингдек ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида бепул (Университет гранти асосида) 10 нафардан кам бўлмаган абитуриентлар ўқишга қабул қилинади.

2020/2021 ўқув йилидан “Муҳандис-дастурчи” бакалавриат таълим йўналиши бўйича Университетга талабалар қабул қилинади, кейинги ўқув йилидан бошлаб “Компьютер графикаси ва дизайн” йўналиши бўйича ҳам қабул амалга оширилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар