Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент Администрацияси ҳамда Халқ қабулхоналари бошчилигидаги 20 дан зиёд вазирлик ва идора вакилларидан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини Тошкент вилоятида давом эттирди.
Ишчи гуруҳ томонидан бир ҳафта давомида Тошкент вилоятида аҳоли кайфияти билан боғлиқ долзарб муаммоларни ўрганиш ва уларни имкон қадар жойида тезкорлик билан ҳал этиш масалалари билан шуғулланди.
Хусусан, Президент маслаҳатчисининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси раҳбари У.Муҳаммадиев бошчилигидаги гуруҳ вилоят бўйича аҳолидан келиб тушган 10 мингга яқин ҳал этилмаган мурожаатлар қайта кўриб чиқилиб, шуларда 2 мингга яқин мурожаатлар ўз ижобий ечимни топди. Қолган қисми қайта ўрганишга берилиб, назоратга олинди.
Ҳал этилган мурожаатларнинг аксарият қисми суд, оила ва хотин-қизлар, тиббий ёрдам, пенсия, мактабгача ва мактаб таълими, кредит олиш, алимент тўловлари, йўллар таъмири, йўл белгиларини ўрнатиш, газ, электр, сув таъминоти каби масалалар билан боғлиқ бўлди.
Ўтказилган сайёр судлар натижасида 68 нафар шахс жазони ўташ муддатидан аввал шартли равишда озод қилинди, 67 нафар шахснинг ўталмай қолган жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 14 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинди, 3 та фуқаролик иши тарафлар ярашганлиги муносабати билан иш юритишдан тугатилди.
Бундан ташқари, 122 та иш бўйича жами 45,2 млрд. сўм тадбиркорлик субъектлари фойдасига ундирилди, алимент тўловчи қарздорлардан жами 747,6 млрд. сўм маблағ ундириб берилди.
Мурожаатлар асосида қўшимча 93,1 тонна суюлтирилган газ етказилди, 2 км электр тармоғи тортилди, 73 та темир-бетон устунлар ўрнатилди, 8 та трансформатор таъмирланди, 15 км йўллар ва 1 та кўприк таъмирланди.
Шу билан бирга Халқ қабулхоналари бошчилигида вилоят, туман, шаҳар сектор раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилиб, 456 та масала кўтарилди. Шулардан 302 таси қаноатлантирилган бўлса, 154 та масала ижроси назоратга олинди.
Келиб тушган мурожаатлар асосида 8 км ички йўллар шағаллаштирилди, 1 км йўл асфальт қилинди, 3 та янги трансформатор таъмирланди, 10 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 8 км ичимлик суви тармоғи янгидан тортилди, 4 та ичимлик суви ишооти таъмирланди.
Тадбирлар доирасида вилоят аҳолиси учун тиббий кўриклар ташкил этилди. Натижада, 540 нафар беморларга амбулатор шароитда даволанишга тавсия берилди, 66 нафар беморларга туман, шаҳар ва вилоят муассасаларида даволаниш ва текширувлар учун йўлланма берилди.
Ўрганиш натижалари вазирлик, идоралар масъуллари ва секторлар раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилинди. Аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш мақсадида аҳоли учун долзарб бўлган республика идоралари даражасида ҳал этилиши талаб этиладиган масалалар рўйхати шакллантирилди.
Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили Хоразм вилояти.
Изоҳ қолдириш