17-18 август кунлари Тошкентда тадбиркорлар билан “Очиқ мулоқот ҳафталиги” бўлиб ўтади. Панел сессиялари Ўзбекистонда хусусий секторни ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бўлинган.
Хорижий ва маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёз ва преференциялар бериш, хусусийлаштириш ва хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, солиқ ва божхона тўловлари, давлат харидлари ва қимматли қоғозлар бозори масалалари шулар жумласидандир.
Тадбирда 9 та сессия ташкил қилинган бўлиб, уларнинг ҳар бирида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, тадбиркорлар иштирок этмоқда:
- «Хорижий инвестор, маҳаллий тадбиркор ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёз, субсидия ва преференсиялар тақдим этиш ҳамда стартап ва инновацион ғояларни кўллаб-қувватлаш»
- «Хусусийлаштириш, бино ажратиш, хусусий мулкни дахлсизлигини ҳимоя қилиш»
- «Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш»
- «Солиқ тизими, божхона, тариф ва нотариф масалалари ҳамда Мамлакатнинг халқаро тузилмаларга интеграциялашуви»
- «Давлат харидлари, биржа масалалари ҳамда тадбиркорлик соҳасида рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш»
- «Ҳудудларда тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш борасида энергетика, инфратузилма, қурилиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янада такомиллаштириш»
- «Бизнесни молиялаштириш, кредитлаш ҳамда бизнесни бошлаш ва суғурталаш, тегишли лизинглар ажратиш ҳамда монополияга қарши курашиш»
Хафталикда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан тадбиркорлар ҳам онлайн, ҳам офлайн режимда иштирок этишмоқда. Ҳукумат ва хусусий сектор ўртасидаги алоқага масъул бўлган давлат тузилмалари вакилларига кўплаб саволлар келиб тушмоқда.
Мисол учун:
- бугунги кунда бизнес вакиллари субсидиялар олиш тартибини оптималлаштириш ва вақтни қисқартириш зарурлиги;
- бизнес учун онлайн платформа яратиш, у орқали барча керакли маълумотлар бизнесни қўллаб-қувватлаш тизимини тақдим этиш;
- узоқ муддатли ва рақобатбардош молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятини ошириш;
- кичик саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлаш;
- кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш каби қатор масалалар муҳокама қилинмоқда.
Панел мунозаралари давомида вазирлик ва идоралар раҳбарлари бизнесни бошлашда стартаплар ва инновацион ғояларни рўёбга чиқаришда амалий ёрдам кўрсатиш, субсидиялар бериш орқали тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича чоралар кўриш ва бошқа шу каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб беришди.
Ўз навбатида, бизнес вакиллари хорижий инвестицияларни жалб қилиш, юқори технологияларни жорий этиш, электрон савдо майдончаларини ва умуман IT-тармоғини ривожлантириш учун мамлакатда яратилган имкониятлар ҳақида фикр алмашдилар.
Бундан ташқари, мулоқотнинг биринчи кунида маърузачилар давлат харидлари соҳасидаги тенденциялар, мамлакат қимматли қоғозлар бозорининг ривожланиши, тадбиркорлик соҳасида рақамлаштириш жараёни суръатларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдилар.
Мулоқот вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлар ва ишбилармон доиралар вакилларини бугунги кунда тадбиркорларни қизиқтирган энг долзарб масалалар атрофида бирлаштирди.
Маълумки, 2021 йилдан бошлаб 20 август мамлакатда “Тадбиркорлар куни” сифатида нишонланиб келинади. Бизнес билан учрашувлар анъанавий тарзда ўтказилмоқда. Ҳар йили очиқ мулоқот шаклида энг долзарб муаммолар муҳокама қилинади, тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотларнинг янги йўналишлари ва ноанъанавий ғоялари илгари сурилади.
Жорий йил Президентнинг тадбиркорлар билан учрашуви 22 августда ўтказилиши мўлжалланган.
Бугун, 18 август куни давом этаётган панел сессияларида асосий эътибор энергетика тармоқларини такомиллаштириш, тадбиркорлик субектларини молиялаштириш ва кредитлаш, давлат органлари фаолияти ва уларнинг иқтисодиётга аралашуви, рухсатномалар, лицензиялар ва сертификатлар бериш масалаларига қаратилмоқда.
Изоҳ қолдириш