Учинчи ренессанс эффекти

Учинчи ренессанс эффекти

Эътибор бераётган бўлсангиз, кейинги йилларда Ўзбекистондаги бу каби ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти эътирофига лойиқ кўрилмоқда. Буни хорижий экспертларнинг фикрларидан, халқаро рейтинглардан, қолаверса, ўзбекистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорлик қилишни, сармоя киритишни истовчилар кўпайганидан ҳам билиш мумкин.

Янги Ўзбекистон ўз олдига бугун шунчаки ривожланишни эмас, балки жамият ҳаётининг турли соҳаларида инсон манфаати, қадри ҳар нарсадан устун, деган ғоя асосига қурилган ислоҳотлар самараси ҳар жабҳада, ҳар соҳада сезилишига, қисқа қилиб айтганда, одамлар фаровон турмуш кечириши учун хизмат қилишига ҳаракат қилмоқда. Амалда шундай бўляпти ҳам.

Хусусан, ўтган ҳафтада кўҳна ва азим шаҳар Самарқандда нафақат мамлакатимиз, балки дунё ҳамжамияти учун ҳам эътиборга молик воқеа бўлиб ўтди. Воқеаки, барчанинг ҳайратию ҳавасини оширди. Яъни шаҳар марказида “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг очилиши тантанали тус олиб, унда давлатимиз раҳбари иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Айтиш жоизки, Президентимиз томонидан мазкур марказ мазмун-моҳияти батафсил тушунтириб берилди. “Самарқанд — миллий давлатчилигимиз ва умуман, жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўринга эга. Ушбу боқий шаҳар тарихимиздаги иккала Ренессанс даврининг юзага келиши ва ривожида муҳим роль ўйнаган.

Буюк Амир Темур бобомиз ўзи барпо этган қудратли салтанат учун айнан Самарқанд шаҳрини пойтахт этиб белгилагани ҳам албатта бежиз эмас. Ушбу заминда шаклланган қутлуғ анъаналарни изчил давом эттирган ҳолда, Самарқанднинг қадимий шуҳратини тиклаш мақсадида охирги йилларда уни янада кўркам ва обод қилиш, чинакам халқаро туризм марказига айлантириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдамиз.

Янгидан қурилиб, бугун очилаётган “Буюк ипак йўли” маркази шу йўлдаги яна бир улкан қадам бўлди”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари ўз маърузасида.

Дарҳақиқат, “Буюк ипак йўли” мажмуаси Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистоннинг дунёга кенг очилаётган яна бир дарвозаси бўлса, ҳудуддаги “Боқий шаҳар” меъморий ансамбли Самарқанднинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланади.

Йилига 2 миллион сайёҳга хизмат қиладиган бу улкан марказ буюк аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга муносиб бўлиб, уларнинг тарихий анъаналарини давом эттиради. Мажмуа мамлакатимизда ҳозирги пайтда пойдевори қурилиши бошланган Учинчи Ренессанс ва олдинги тарихий даврлар ўртасидаги рамзий кўприкдир.

Муҳим жиҳати, ушбу ноёб ва нодир мажмуа яратилишида юқори билим ва тажрибага эга бўлган мутахассисларнинг, хусусан, ёшларнинг ҳиссаси катта бўлди. Демак, ҳали ёшликдаёқ тикилган сармоя, билим ва тарбия бугун натижасини кўрсатмоқда. Мамлакат бу борадаги кўзлаган мақсадларига бирин-кетин эришмоқда. Ёшларимиз ҳар жабҳада меҳнат ва иқтидори билан ўзини намоён этиб, ўз сўзини айтмоқда. Қолаверса, мажмуа Самарқанд, умуман, бутун Ўзбекистон ҳақида меҳмонларда таассурот уйғотишга, тасаввурини оширишга хизмат қилади.

Ушбу тарихий воқеа муносабати билан ташкил этилган маросим барчага юқори кайфият бергани аниқ. Зотан, бадиий саҳна кўринишлари, яратилган муҳит бир зумга тарихга етаклайди. Ўтмиш ва замонавийлик уйғунлигини ҳис этасиз.

Шу кунларда мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллиги тантаналари арафасидамиз. Бу тарих учун жуда қисқа фурсат бўлиши мумкин, лекин Ўзбекистон учун, ўзбек халқи учун унинг ҳар бир йили қадрли ва аҳамиятли. Бинобарин, ўтган вақт мобайнида амалга оширилган ишлар одамлар дунёқарашида, ҳаётида туб ўзгаришлар ясади.

Бугун юртимизнинг исталган жойига боринг, ҳуррият эпкинларини сезасиз. Хоҳлаган киши билан гаплашинг, ён-атрофидаги, турмушида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб гапиради. Халқимизнинг ғайрат-шижоати, бунёдкорлик салоҳияти самараси шаҳару қишлоқларимиз қиёфасида намоён бўлмоқда. Самарқанднинг бугунги кўриниши, вилоятда амалга оширилаётган ишлар изчиллик касб этган ана шу ислоҳотлар мевасидир.

Инсон капитали. Унинг моҳияти ва аҳамияти нималарда намоён бўлади?

Ота-оналар фарзандлари яхши ўқишини истайди ёки бунинг учун уларга имкон қадар шарт-шароит яратиб беришга ҳаракат қилади. Яъни фарзандига эътибор қаратади. Мақсад — у келгусида билимли мутахассис ва керакли кадр бўлиб етишсин. Ҳаётда ўз ўрнини топсин. Бир қарашда аксариятимиз инсон капитали нима ва у нима учун зарур, деган савол атрофида мана шундай фикр юритамиз. Лекин масалага кенгроқ, яъни мамлакат миқёсида назар ташласак, мана шу оддийгина эътиборнинг аҳамияти нақадар юксак эканини англай бошлаймиз. Чунки оиладан жамият, жамиятдан давлат шаклланади. Бинобарин, эксперт ва мутахассислар инсон капиталига инвестиция киритишга бепарволик тараққиётга тўсиқ бўлиш билан баробар, деб бежиз таъкидламайди.

Мамлакат тараққиётида истеъдодларни тарбиялаш жуда муҳим. Ўз навбатида, иқтисодчилар бунинг аҳамиятини кўпроқ таълим олган одамлар даромади билан баҳолайди. Яъни ҳар бир қўшимча таълим йили инсон даромадини ўртача 10 фоизга ошириши тадқиқотларда исботини топган. Бунда, табиийки, таълим сифати катта аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан олиб қараганда, бугунги кунда мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётгани диққатга сазовор. Қолаверса, инсон капиталига инвестиция киритиш ишончни оширади. Яъни ўқимишли инсонлари кўп жамиятда ўсиш, муваффақият ҳам кўп бўлади.

Бу ўз-ўзидан амалга ошадиган жараён эмас

Албатта, инсон капитали ўз-ўзидан юзага чиқмайди ва ундан бир кунда, бир ойда ёки бир йилда натижа кутиш ҳам нотўғри. У мунтазамликка асосланган жараён ҳамда давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланиши ва ривожлантирилиши лозим.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон бу борада ўз мақсадларини белгилаб олган. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги фармонига биноан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди. Эътиборлиси, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси жами 100 та мақсадни қамраб олган бўлса, шундан 34 таси адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш билан боғлиқ вазифалардир.

Шунингдек, фармон билан тасдиқланган 398 банддан иборат Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард доллар сарфланиши назарда тутилган.

Дастурда, айтиб ўтганимиздек, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида таълим сифатини ошириш масаласига устуворлик берилган. Чунки ҳар қандай жамият келажагини, аввало, таълим сифати ва таълим олувчи қобилияти белгилаб беради.

Қайд этиш жоиз, 2017–2021 йиллардаги Ҳаракатлар стратегияси дастури доирасида мактабгача қамров даражаси сезиларли равишда ортди. Хусусан, 2016 йил айни кўрсаткич 27 фоизни ташкил қилган. Тараққиёт стратегиясида эса мактабгача таълим қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан қарийб 80 фоизга етказиш белгиланган. Бу мақсад учун мактабгача таълим тизимига хусусий сектор маблағларини жалб қилиш орқали янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этиш вазифаси белгилаб қўйилган. Бунинг самараси ўлароқ, биргина 2022 йилнинг ўзида давлат-хусусий шериклик асосида 1300 та нодавлат ҳамда оилавий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилади. Шунингдек, мактабгача таълим тизимида бюджет маблағлари мақсадли ва самарали сарфланиши таъминланади. Бу Ўзбекистон ўз фарзандларини илмга ошно тутиниши йўлида қилаётган саъй-ҳаракатларнинг бир йўналиши, яъни яратилаётган шароитларнинг бир қисми, холос.

Яратилаётган имкониятлар кўлами эса бундан-да катта. Ёшларга имконият, ёшларнинг қизиқишлари ҳақида гап кетганда, бугунги кунда ахборот технологиялари соҳаси бирламчи мавзу бўлмоқда. Яъни ахборот технологиялари ҳозирги замоннинг билими, соҳа мутахассислари эса келажак эгалари эканини одамлар ҳам, мамлакатлар ҳам англаб етган. Эндиликда инсон капиталига айни шу йўналишда эътибор кучайган. Шу боис, биз ҳам фикримизни ушбу мавзуда давом эттирсак.

Узоққа бормаймиз. Президент ­Шавкат Мирзиёев куни кеча пойтахтимизда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш жараёнида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида қурилган янги биноларни бориб кўрди. Мана шу ҳолатнинг ўзи мамлакатимизда инсон капиталига инвестиция киритиш устувор масала ва бу шахсан Президентнинг доимий эътиборида эканини англатади. Чунки давлатимиз раҳбари мазкур мажмуа қурилишига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйган ва ўтган йили ҳам бу ердаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирган эди. Бу ер Ўзбекистон ёшларининг севимли масканига, уларнинг изланиш ва ташаббуслари рўёбга чиқариладиган ўзига хос платформага айланиши аниқ. Зотан, юқорида таъкидлаганимиздек, ахборот технологиялари келажак технологияси, унинг мутахассисларига эса келажак кадрлари сифатида қаралмоқда. Бугун юртимиз ёшларига яратиб берилаётган шарт-шароит ва имконият, яъни капитал эртага янада юксак натижалар беради, албатта.

Жумладан, мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Сўнгги беш йилда соҳага 2 миллиард доллар, шу жумладан, 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилгани, барча ҳудудларда IT-парклар очилиб, улар учун алоҳида солиқ режими жорий этилгани, бу орқали 14 минг ёш юқори даромадли иш билан таъминланиб, соҳада ўзини ўзи банд қилган мутахассислар сони 43 мингга етгани бунинг тасдиғидир.

Шу билан бирга, жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда 134 та янги, жумладан, 50 та хорижий ахборот технологияси йўналишидаги компания ташкил этилиб, бу борадаги экспортчи корхоналар сони 2 баробарга ошди.

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг резидентлари, хизматлар тури ҳам тобора кўпаймоқда. Жорий йилнинг 6 ойида улар томонидан 53 миллион долларлик хизматлар экспорт қилинган бўлса, йил якунигача бу кўрсаткич 100 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.

Экспертлар фикрига кўра, глобал ахборот технологиялари бозори 2026 йилгача ўртача 10 фоиздан ўсиб боради. Мисол учун, 2020 йил унинг қиймати 7,8 триллион долларни, 2021 йилда эса 8,2 триллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 9,3 триллион долларга етиши кутилмоқда. 2026 йилга бориб эса салкам 14 триллион доллардан иборат бўлади.

Давлат иқтисодиётини ривожлантирадиган, мамлакатни танитадиган омиллардан бири экспорт бўлса, ақл экспортида бу имконият янада кенгаяди. Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпи ёшлар эканини ва ҳар йили олий таълимга бир миллионга яқин ёшлар кириб келишини инобатга олсак, бу биз учун жуда катта куч ва имконият.

Замонавийлик замон талаби

Ҳозир замоннинг ўзи инсон капиталига сармоя киритишни тақозо этмоқда. Негаки, бугун сармоядор илгаригидек арзон ишчи кучи бор жойга пул тикаётгани йўқ. Сабаби, шиддатли илмий-техник тараққиёт малакасиз ишчига эҳтиёжни кескин камайтириб юбормоқда. Қайсидир пайтларда инсонга ишчи кучи, меҳнат ресурслари сифатида қаралган бўлса, бугунги даврга келиб инсоннинг иқтисодий жараёнларга таъсир этиш кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Инсон энди ишлаб чиқаришнинг қўшимча ресурси эмас, балки ўз қобилияти билан ишлаб чиқаришни ташкил этувчи, янги инновацияларни яратувчи ноёб ресурсга айланди. Бу эса иқтисодиётда инсон капитали тушунчаси пайдо бўлишига замин яратди. Энди ҳаммадан замонавийлик талаб этиляпти.

Очиғи, ислоҳотларнинг янги даврига қадам қўйгунимизга қадар бирор-бир долзарб масалани қуйи поғонага тушмасдан, ҳақиқий аҳволни ўрганмасдан қоғозда “ҳал этиш” иллати илдиз отганди. Ишлаб чиқиладиган ҳужжатлар, қабул қилинадиган қарорлар ҳам маҳалла, туман ёки вилоят шароитидан келиб чиқиб эмас, умумий бир ёндашув асосида юзаки тай­ёрланар, натижада халқни қийнаётган муаммолар ечимини топмасдан келаверарди.

Айтиш жоизки, кейинги беш-олти йил ичидаги ўзгаришлар ижобати бугунги ҳаётимизда акс этмоқда. Авваллари вазирлик, идоралар, ҳокимлик вакиллари оддий аҳоли олдига, маҳалласига, хонадонига келиб, “Қандай муаммонгиз бор, биздан нима ёрдам керак”, дермиди? Ҳеч қачон бундай бўлган эмас. Буни ақлга ҳам сиғдириб бўлмасди.

Фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашга киритиладиган ҳар бир инвестиция одамлар креативлигини, қонунларга бўйсунишини таъминлайди. Жамиятда кўтаринкилик муҳити юзага келади, конструктив ва рационал дунёқараш шаклланади. Ҳаёт сифати юксалади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундан тўрт йил олдин ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда мактаб инсон ресурсларини ривожлантиришнинг пойдевори, ёшларда билим, дунёқараш ва маънавият асосларини шакллантирувчи асосий маскан ҳамда инсон капиталига сармоя киритишни кўпайтириш давр талаби эканини алоҳида таъкидлаган эди. Бугун амалга оширилаётган ишлар ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодасидир.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда белни маҳкам боғлаб, халқни рози қилиш йўлида қилинаётган самарали меҳнатлар ўз натижасини бермоқда.

Бу жорий йил Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигини улкан марралар ва зафарлар оғушида қарши олаётганимизда ҳам намоён бўлмоқда.

Зеро, бугун ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган мақсадларимиз сари дадил одимлаётган халқни ҳеч ким ўз йўлидан тўхтата олмайди.

Ўзбекистон ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади.

Қаландар Абдураҳмонов,
Академик

"Янги Ўзбекистон" газетаси №178, 2022 йил 31 август


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар