Ўзбекистон Россиядан 1 миллион гектар ер майдонини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ижарага олмоқчи, деб ёзмоқда РБК.
Улардан олинган ҳосил Ўзбекистоннинг ички бозоридаги талабни қондиришга йўналтирилади.
Октябрь ойи бошида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Россия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин билан қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларни ўзбекистонлик фермерларга ижарага беришни муҳокама қилган эди.
Биринчи босқичда «мулоқот ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорлик механизмларни йўлга қўйиш» мақсадида 35 минг гектар ерни ижарага олиш таклиф қилинди. Бунда Россия шароитларида етиштирилиши мумкин бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари: буғдой, соя, мойли экинлар экилиши мумкин. Ҳосил Ўзбекистонга олиб келинади.
Яқин йилларда ижарага олинган ерларнинг умумий майдони 300−500 минг гектаргача, истиқболда эса 1 млн гектаргача кенгайтирилиши мумкин, дея таъкидлади Жамшид Хўжаев.
Бунга жавобан Россия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Левин мамлакатнинг 23 та ҳудуди ушбу лойиҳага қизиқиш билдиришганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия қишлоқ хўжалиги учун фойдаланиши мумкин бўлган 8−13 млн гектарга ерга эга.
Россия томони Ўзбекистонга ўсимлик етиштириш бўйича хорижий инвестицион лойиҳаларни ташкил этиш шароитларини тушунтириб берган. Лойиҳани амалга ошириш муддатлари ва аниқ механизмлар Ўзбекистон ишчи гуруҳининг Россияга ташрифи доирасида муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш