Ўзбекистонда 600 млн долларлик шамол электр станцияси қурилади

Ўзбекистонда 600 млн долларлик шамол электр станцияси қурилади

Дунёдаги энг йирик Mubadala инвестиция холдинги (БАА) ва унинг бўлинмаси бўлган Masdar компанияси Ўзбекистон энергетика секторига инвестициялар киритмоқда.

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида Masdar компанияси билан Навоий вилоятида 400 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида келишув имзоланди. Ушбу келишувга мувофиқ, Masdar компанияси шамол электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишни амалга оширади.

Қурилиш учун инвестициялар ҳажми 600 млн доллар миқдорида баҳоланмоқда, ишларни 2020 йилнинг учинчи чорагида бошлаб, объектни 2022 йилда фойдаланишга топшириш режа қилинмоқда.

Шунингдек, Mubadala компанияси билан «Толимаржон ИЭС» ОАЖ базасида мавжуд энергоблокларни хусусийлаштириш ва янгиларини қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида келишув имзоланди. Келишув Толимаржон энергетика комплексини хусусийлаштириш, ривожлантириш, молиялаштириш ва эксплуатация қилишнинг механизмлари ва шартларини белгилайди. Амирлик томонидан объектнинг акцияларини сотиб олиш ва хусусийлаштириш жараёни 2020 йилнинг учинчи чорагида режа қилинган.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Masdar компанияси билан Навоий вилоятида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станциясини қуриш бўйича инвестиция келишуви имзоланган, октябр ойида Masdar компанияси давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида муқобил энергетика соҳасига инвестицияларни жалб қилиш бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи очиқ тендер ғолиби деб эълон қилинган эди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Masdar ва Mubadala компаниялари ўртасида республикада электр станциялари қуриш борасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув 2019 йил март ойида Ўзбекистон президентининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида имзоланган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар