Ўтган йили Ўзбекистон ўз иқтисодиётига 8,6 млрд долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этди.
Бу 2021 йилда инвестиция ва ташқи савдо фаолияти якунлари ҳамда 2022 йилда инвестицияларни янада рағбатлантириш ва экспортни ошириш чора-тадбирларини муҳокама қилишга бағишланган учрашувда маълум бўлди.
2021 йилда инвестициялар соҳасида эришилган натижалар бўйича тезкор маълумотлар маълум қилинди. Жумладан, ўзлаштирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 254 трлн. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 109 фоизга ўсди, шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 8,6 млрд долларни ташкил қилди.
Ҳисобот даврида давлат Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 5,9 миллиард долларлик 318та йирик инвестициявий лойиҳа, ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида эса 7,4 миллиард долларлик 15 710 инвестициявий лойиҳа амалга оширилди.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши туфайли жами 275 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш ва инвестициявий лойиҳалар ташаббускорларини амалий қўллаб-қувватлаш бўйича механизмларни такомиллаштириш, шунингдек, масъул раҳбар ва ходимларни бириктириш орқали лойиҳаларни амалга оширишнинг доимий мониторингини олиб бориш тизимини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бўш турган ва тўлиқ қувват билан ишламаётган корхоналарни “соғломлаштириш” бўйича амалга оширилган ишлар натижалари кўриб чиқилди. Ўтган йил якунлари бўйича 2040 та шу каби корхона фаолияти ўрганилиб, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чоралар кўрилди. Натижада 1908 корхона (94 фоиз) тўлиқ қувват билан ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, бу эса мамлакатимиз саноатига қўшимча равишда 4,1 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 184 млн долларлик қўшимча экспортга етказиб бериш ва 25 мингга яқин иш ўрни ташкил этиш имконини берди. 152 дона фойдаланилмаётган технологик ускуна ҳам ишга туширилди, бу эса, ўз навбатида, 1 257 янги иш ўрни яратиш имконини берди.
Инвестициявий фаолиятни рағбатлантириш ва лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар бўйича ҳисоботлар эшитилди. Ҳудудий лойиҳа гуруҳларини шакллантиришни жадаллаштириш ҳамда уларнинг туман ва шаҳар ҳокимларининг тадбиркорликни ривожлантириш, бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳар бир маҳаллада фаолият юритаётган ёрдамчилари билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш топширилди.
2022 йилда экспорт салоҳиятини юксалтириш ва экспорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажмини ошириш вазифалари кўриб чиқилди. Маҳаллий экспортчилар олдида турган масалаларни зудлик билан ҳал қилиш мақсадида экспорт қилувчи корхоналар, мижозлар ва маҳсулот ҳажми кўрсатилган экспортга ортиш бўйича манзилли жадвалини шакллантириш топширилди.
Изоҳ қолдириш