ДСҚ: Асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бўйича ихтиёрий қайта ҳисобот топширган корхоналар мансабдор шахслари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмайди

ДСҚ: Асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бўйича ихтиёрий қайта ҳисобот топширган корхоналар мансабдор шахслари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмайди

Жорий йилнинг 2 апрелига қадар 574 та «шубҳали» корхона контрагентлари томонидан 97 фоиз ҳолатда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачет)га олиш факти тасдиқланди.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари асосида фаолияти шубҳали деб топилган корхоналар билан амалга оширилган битимларни ўрганиб чиқиш учун тезкор равишда камерал солиқ текширувлари ташкил этилмоқда, деб хабар қилмоқда Давлат солиқ қўмитаси.

Хусусан, жорий йилнинг 2 апрель ҳолатига республикамиз бўйича жами 9 021 та корхонада 1 337,5 млрд. сўмлик асоссиз ҳисоб (зачет)га олинган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларига аниқлик киритиш бўйича камерал солиқ текширувлари якунланди.

Натижада:
– 8 752 та, яъни 97 фоиз корхонада (1 260,7 млрд. сўм) «сохта» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди;
шундан, 100 та, яъни 1,1 фоиз (23,5 млрд. сўм) ташкилотда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачет)га олиш факти қисман тасдиқланди;

– 269 та, яъни назорат тадбирлари ўтказилган 3 фоиз солиқ тўловчилар томонидан 53,3 млрд. сўмлик ҚҚС суммасини тўғри ҳисоб (зачет)га олганлиги ҳолатлари бўйича асословчи ҳужжатлар тақдим этилди. Шу сабабли улардан ортиқча олинган маблағларни қайтариш бўйича тезкор жараёнлар бошланди.

Шунингдек камерал солиқ текширувлари натижасида контрагентлар хатолари тасдиғини топган бўлсада, тадбиркорлик субъектларини узлуксиз фаолият кўрсатишларига шароит яратиш мақсадида, камчиликларини тан олган 540 та субъектга 65,5 млрд. сўмлик бюджетга тўланиши лозим суммаларни жорий йил якунига қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашларига рухсат берилди.

Тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаларни камайтириш тарзидаги ҳуқуқни суиистеъмол қилган корхоналар рўйхати шакллантирилди

Давлат солиқ қўмитаси жорий йилнинг 1 майига қадар, ушбу корхоналар томонидан асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бўйича ихтиёрий қайта ҳисобот топширган тақдирда мазкур корхоналар мансабдор шахслари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмаслигини маълум қилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар