Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари учун ўқув-семинари ташкил этилди.
ЎзА хабар беришича, тадбирда чиқиш қилган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Президентимизнинг халқимизга йўллаган мурожаатномасида кўтарилган масалалар, уларни ҳал этиш чораларига эътибор қаратди.
«Халқимиз фаровонлигини ошириш мурожаатномада кўзда тутилган бош мақсаддир. Давлатимиз раҳбари бу йўналишда қандай муаммолар борлиги билан бир қаторда уларнинг ечимларини ҳам кўрсатиб берди. Аслида фаровонлик ҳар бир инсоннинг нормал ҳаёт кечириши учун барча шароити яхши бўлишидир. Ҳаммада шундай имконият бор, дея оламизми? Афсуски, йўқ.
Шу маънода Президентимиз камбағаллик ҳақида бежиз тўхталмади. Чунки бу муаммо мамлакатимизда мавжуд.
Илгари ижтимоий соҳада ишлаганим учун ҳам мен буни яхши билсам-да, «камбағаллик йўқ», деб айтиш мумкин эмас эди. Биз буни «кам таъминланганлик», деб хаспўшлаб келдик.
Ҳолбуки, бугун Ўзбекистонда 5 миллион аҳоли камбағалликда ҳаёт кечирмоқда. Муаммони очиқ айтишдан мақсад-муддао эса унга барҳам бериш учун барча чораларни ишга солишдир», деган Олий мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.
Сенат раиси жамиятдаги мавжуд муаммолар ечимида ҳар бир тизим ўз вазифасини тўлақонли бажариши мақсадга мувофиқлигини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида мамлакатда кам таъминланган аҳоли сони 12−15 фоизни ташкил этиши тўғрисида гапирган ва Ўзбекистонда Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилишини маълум қилганди.
Изоҳ қолдириш