Яширин иқтисодиёт хавфсизликка таҳдид солувчи ҳодиса

Яширин иқтисодиёт хавфсизликка таҳдид солувчи ҳодиса

Ҳар қандай мамлакат иқтисодий тараққиёти мавжуд ички ва ташқи имкониятларга боғлиқ бўлади. Бундай имкониятларни юзага чиқаришда яширин иқтисодиётни легаллаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Яширин иқтисодиётнинг мавжудлиги, унинг кўлами, таъсир доираси, ҳисобга олинмаган иқтисодий фаолиятни легаллаштириш чора-тадбирлари самараси мамлакат ривожига ижобий таъсир қилади.

2017-2021 йиллaрдa Ўзбeкистoнни ривoжлaнтиришнинг бeштa устувoр йўнaлишлaри бўйичa Ҳaрaкaтлaр стрaтeгиясида ҳам иқтисодий салоҳиятни аниқлаш ва мавжуд имкониятларни тўлақонли ишга солиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш вазифалари яширин иқтисодиёт кўламини қисқартириш, иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлашга йўналтирилган.

Яширин иқтисодиёт – бу моддий неъматлар ва хизматларни иқтисодиёт субъектлари томонидан яширин тарзда ишлаб чиқариш, алоҳида фуқаролар ва ижтимоий гуруҳлар ўртасида амалга оширилувчи ижтимоий-иқтисодий муносабатлардир. Бу муносабатлар амалда мавжуд, лекин ҳисобга олинмаган, қонунчиликни четлаб ўтиш мумкин бўлган, нолегал даромад топиш усулидир.

Яширин иқтисодиёт мавжудлигининг объектив ва субъектив сабаблари бор. Объектив сабаблари – бу давлатнинг иқтисодиётга ҳаддан ортиқ аралашуви, қонунчиликнинг номукаммалиги, турли тўсиқларнинг мавжудлиги, иқтисодий фаолият турларини ҳисобга олишнинг методологик ишланмаларини яратилмаганлиги, бизнес муҳитининг яхши эмаслиги, солиқ юкининг юқорилиги ва бошқа объектив ҳолатлардир.

Субъектив сабаблар – бу кишиларнинг иқтисодий онги, қарашлари, камхарж қилиб, кўпроқ даромад топишга интилиши, бунинг учун турли ноқонуний йўлларни ахтариши, солиқдан қочиш, ҳатто маънавий маданиятнинг етишмаслиги, коррупцияга мойиллик, тартиб-қоидаларга беписанд қараш ва шунга ўхшаш бошқа суъектив ҳолатлардир. Ушбу сабаблар мавжудлиги ўлароқ, яширин иқтисодиёт моҳиятига кўра бир нечта кўринишларга эга бўлади.

Яширин иқтисодиёт кўринишлари қўйидагиларда намоён бўлади:

  • иқтисодиётни сохталаштириш, яъни иқтисодий кўрсаткичларни мавжуд ҳолатга нисбатан бўрттириб кўрсатиш, сохта натижаларни ҳақиқий натижа сифатида киритиш (қўшиб ёзишлар);
  • иқтисодиётнинг норасмий сектори, яъни товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш жараёнидаги норасмий алоқалар тизимининг амал қилиши. Бунда ўзаро манфаатдор шахсларнинг биргаликдаги норасмий муносабатлари иқтисодий тизимни қарор топтиради;
  • пинҳоний иқтисодий муносабатлар, яъни тақиқланган иқтисодий фаолият тури билан машғул бўлиш, иқтисодий фаолият турини қонунчилик назоратидан яшириш, расман белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиш.

Кишилар табиатининг фарқланиши, зиддиятли доимий курашнинг мавжудлиги, жамғаришга бўлган мойиллик, фаровон ҳаёт кечиришга интилиш, дангасалик, кам меҳнат сарфлаб кўпроқ даромага эга бўлиш, трансакция харажатларининг юқорилиги, қонунга бўйсуниш нисбийлиги, рақобат курашининг аёвсизлиги, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг нотекис ривожланиши, юқори инфляция, алмашув курсларининг кескин ўзгариб туриши, солиққа тортиш тизимининг номукаммалиги, ижтимоий табақалашувда «хавф гуруҳлари»нинг мавжудлиги, меҳнат қонунчилигининг бузилиши, муҳожир ишчилар, аёллар ва ўсмирлар меҳнатидан фойдаланишда ижтимоий адолат принципларига риоя этилмаслик, тадбиркорлар ҳуқуқининг паймол қилиниши, бозордаги ўзгаришлар билан мавжуд қонунчилик базасининг мувофиқ келмаслиги, креатив ёндошувларнинг етишмаслиги, пул-кредит сиёсатидаги камчиликлар, солиқ юкининг оғирлиги, солиқ маъмурчилигининг такомиллашмаганлиги, пул агригатлари ўртасидаги номутаносибликлар ва шу каби бошқалар яширин иқтисодиётни қарор топишига омил бўлиб хизмат қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, яширин иқтисодиёт миқёси ва динамикасини белгиловчи омилларни қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:

  1. Антропологик омиллар.
  2. Иқтисодий омиллар.
  3. Ижтимоий омиллар.
  4. Хуқуқий омиллар.
  5. Ахлоқий омиллар.
  6. Сиёсий омиллар.
  7. Молиявий омиллар.
  8. Географик омиллар.
  9. Байналминал омиллар.

Яширин иқтисодиёт ҳолати, унинг амал қилиш хусусиятлари ва муаммолар ечимини юқорида кўрсатилган 9 та омиллар таҳлилини тизимли амалга ошириш орқали тадқиқ қилиш талаб этилади.

Тадқиқот натижалари шуни белгилайдики, агар солиқ ва ижтимоий тўловларнинг ЯИМга бўлган нисбати 33 фоиз бўлса, бу яширин иқтисодиёт кўпайишининг кескин нуқтаси ҳисобланади. Дунёдаги мамлакатларда яширин иқтисодиётнинг ривожланиш тенденцияси унинг ЯИМдаги улуши 196 ­йилларда АҚШ - ­6,4 фоиз, Нидерландия – 5,6 фоиз, Франция – 5 фоиз, Германия ­ - 4,6 фоиз, Италия – 4,4 фоиз, Япония, Ирландия ва Швейцария – 1­2 фоизни ташкил этган. 1970­ йилларда яширин иқтисодиёт кўрсаткичлари Голландия ва Бельгияда(12,1фоиз) авж олганди. Австрия, Франция, Италияда ҳам унинг улуши ортиб борган. Унинг нисбатан паст улуши Англия, АҚШ, Финландия, Япония ва Швейцария давлатларида кузатилган. 1980 йили Норвегияда яширин даромадларни аҳолининг тахминан 18 фоизи олган, аҳолисининг 37,5 фоизи яширин иқтисодиёт билан боғлиқ соҳаларда ишлаган. Кейинги йилларда яширин иқтисодиётнинг ЯИМдаги улушининг энг юқори даражаси МДҲ мамлакатларига тўғри келиб, 12­48 фоизни ва баъзи маъумотларда эса 25­60 фоизни ташкил этган. Иккинчи ўринда ЕИга аъзо бўлган собиқ ўтиш иқтисодиёти мамлакатлари бўлиб, уларда ЯИМнинг 10­12 фоизни ташкил этиши кўрсатиб ўтилган.

Амалда яширин иқтисодиёт қуйидаги шаклларда амал қилади:

  • яширин ишлаб чиқариш (ноқонуний, ҳисобга олинмаган, яширин, майда ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариши, сифатсиз маҳсулот чиқариш, ишлаб чиқариш ресурсларидан нотўғри фойдаланиш ва бошқалар);
  • яширин тақсимот (даромадларни ноқонуний тақсимлаш, махсус тақсимот, давлат мулкини талон­торож қилиш. фуқароларнинг шахсий мулкига қарши жиноятлар ва ҳ.к.);
  • яширин айирбошлаш (ғайриқонуний савдо, харидорларни алдаш, ноқонуний ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотиш ва бошқалар);
  • яширин истеъмол (ғайриижтимоий эҳтиёжларни қондириш, ноқонуний йўл билан топилган мулкни истеъмол қилиш, хизматлардан ноқонуний фойдаланиш кабилар) ажратилади.

Бозорлар турларига кўра, яширин жараёнлар истеъмол буюмлари, ишлаб чиқариш воситалари, иш кучи ва иш жойлари, ахборот ва технологиялар, капитал кабилар бозорида амалга оширилади. Тармоқ белгисига кўра, яширин иқтисодиёт саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, савдо иқтисодиёти кабиларга ажратилади.

Яширин иқтисодиёт хавфсизликка таҳдид солувчи ҳодиса, шу сабабли яширин иқтисодиёт иқтисодий ҳодиса сифатида талқин этилади. Яширин иқтисодиётнинг иқтисодий моҳияти ва ҳуқуқий баҳоланишини фарқлаш зарур. Иқтисодий жиҳатдан бу эркин бозор қонун ­қоидаларига мос келмаганидан яширин юз берадиган муносабатдир. Бу муносабатда барча яширин унсурларнинг манфаати уйғунлашади. Бу ерда айрим шахслар ёхуд гуруҳлар манфаатининг амалга ошиши давлат ва жамият манфаатларига мос келмаслик ҳисобидан бўлади. Шу сабабдан буни жамият қабул қилмайди, у яширин тус олади. Жамиятга маъқул ҳодисаларни юридик қонунлар тартиблайди. Шуни назарда тутиб, яширин иқтисодий фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан ғайриқонуний, қонунлар ман этадиган иқтисодий фаолият деб айтиш мумкин. Яширин иқтисодиёт ­ глобал ҳодиса, ундан зарар кўрмаган мамлакат йўқ, лекин яширин иқтисодиёт даражаси ҳар хил бўлади. Бу яширин иқтисодиёт илдизлари чуқур бўлишидан гувоҳлик беради. Яширин иқтисодиёт сабаблари ҳар хил талқин этилади. Улар объектив ва субъектив бўлишига эътибор берилади. Улар орасида қонунчиликнинг номукаммаллиги, демократия тамойиллари ва унинг институтлари ривожланмаганлиги, давлатнинг кучсизлиги ажратилади. Яширин иқтисодиётнииг мавжудлигини иқтисодий тизимнинг ўзидан қидириш керак.

Яширин иқтисодиёт иқтисодий ҳодиса бўлар экан, унинг иқтисодий илдизларини топиш керак. Бу илдизлар пул муносабатларининг ўзида жойлашган, пул универсал тўлов воситаси, уни ҳамма операциялар учун қабул қилишади, пул бойликнинг тимсоли, бойлик тўплашнинг энг қулай шакли. Пулдаги энг юксак ликвидлик хусусияти уни кўпроқ топишга интилишдир, пулни сақлаш хавфсиз, уни хохлаганича жамғариш мумкин. Пул ликвидлиги энг юқори бўлган активдир, ликвидликни эса пулнинг қадр-­қиймати таъминлайди. Пул кўздан яширинган молиявий алоқалар ўрнатиш имконини беради.

Бозор тизими ҳозирчалик тўла мукаммал эмас, унинг механизмларида узилишлар бўлиб туради ва бу яширин иқтисодиётга қулай шароит ҳозирлайди. Демак, яширин иқтисодиётга қарши курашнинг энг маъқул йўли бу бозор муносабатларининг ўзини такомиллаштиришдир.

Яширин иқтисодиётни лоббизм ҳам келтириб чиқаради, бироқ ҳар қандай лоббизм бунга олиб келмайди. Рухсат берилган, жамият тан оладиган лоббизм борки, бу очиқ бозор алоқаларига таянади. Бунда у ёки бу гуруҳ шахслар ёки фирмалар манфаатига мос келадиган, лекин жамият учун зарарсиз бўлган қарорларни давлат идоралари томонидан қабул қилиш зарурлигини асослаш ва бунга кўмаклашиш билан боғлиқ лоббизм яширин иқтисодиётни тавсифламайди, чунки бу ерда бозор қоидаларига биноан лоббистик хизматлардан очиқчасига уларни ҳақини тўлаган ҳолда фойдаланиш юз беради. Аммо шу билан бирга яширин лоббистик хизматлар борки, улар индивидуал ва корпоратив манфаатларни ҳимоя қилгани ҳолда бошқалар манфаатига зид ишларни амалга оширилишини билдиради. Шундай бўлганда ғайриқонуний лоббизм пайдо бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, яширин иқтисодиётнинг кўламини қисқартиришда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

  • яширин иқтисодиётни ривожлантиришга сабаб бўлаётган барча омилларни комплекс ўрганиш;
  • яширин иқтисодиёт олдини олиш маҳаллий ва хорижий тажрибаларни ўрганиш асосида яширин иқтисодиётга қарши кураш миллий стратегияси ва тактикасини ишлаб чиқиш;
  • яширин иқтисодиётни пасайтиришга хизмат қиладиган янги қонунлар ишлаб чиқиш ва мавжудларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
  • яширин хўжалик юритувчилар капиталларига амнистияни қўллаш;
  • бизнес учун қулай ҳуқуқий ва хўжалик муҳити, биринчи навбатда, солиқ режимини яратиш ва қўллаб-­қувватлаш;
  • иқтисодиётнинг реал секторига инвестиция киритиш учун қаратилган пул маблағларининг легаллаштирилишини тасдиқловчи юридик институтлар механизмини ишга тушириш;
  • электрон ҳукумат, тижорат, хизмат, тўлов ва шу кабиларни тезкор жорий этиш ва ривожлантириш учун шарт­-шароитларни яратиш, уларни амалиётга татбиқ этилишини кенгайтириш.

Профессор Рустам Хасанов,

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари

Ушбу мақолада билдирилган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари бўлиб, таҳририят ёки Ўзбекистондаги бошқа бирор муассаса нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар