Ёғ-мой маҳсулотларига аҳоли талабини қондириш мақсадида жорий йилда 246 минг тонна мойли экинлар етиштирилади

Ёғ-мой маҳсулотларига аҳоли талабини қондириш мақсадида жорий йилда 246 минг тонна мойли экинлар етиштирилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 май куни ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи чоракдаги кўрсаткичлар таҳлили ҳамда жорий йилги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон бенефициар бўлган “GSP+” тизими имкониятларидан кенг фойдаланиш, “Oeko-Tex” стандартларига мос тўқимачилик корхоналари сонини кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, халқаро стандартларни жорий этиш бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқиб, маҳаллий корхоналар мутахассисларини ўқитиш ҳам зарур.

Маълумки, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш кун сайин долзарб масалага айланиб бормоқда. Гўшт ва ўсимлик ёғининг жаҳон бозоридаги нархлари бир йилдан буён тўхтовсиз ўсмоқда. Бундай шароитда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш керак.

Шу мақсадда чорвачилик йўналишида мингта, паррандачиликда 277 та корхонани ишга тушириш, 1 миллион гектардан зиёд асосий майдонларда ҳамда экинлардан бўшайдиган ерларда сабзавот, картошка, шоли, полиз ва озуқа маҳсулотларини етиштириш режалаштирилган.

Президентимиз ёғ-мой маҳсулотларига аҳоли талабини қондириш мақсадида жорий йилда 246 минг тонна мойли экинлар етиштириб, 86 минг тонна мой ишлаб чиқариш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.

Иқтисодий комплексга кирувчи ташкилотларга паст қувватларда ишлаётган тадбиркорлик субъектларига фаолиятини жонлантириш учун кўмаклашиш вазифаси қўйилди. Май-июнь ойларида оилавий тадбиркорлик дастурларига 1,6 триллион сўм маблағ ажратиш, бу орқали камида 30 минг нафар фуқарога даромад манбаи яратиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, ҳудудий дастурлар доирасида 13 мингта, бўш ер участкаларини сотиш орқали 5 мингта, Бандлик, Хотин-қизлар ва Ёшлар жамғармалари ҳисобидан қўшимча 10 мингта янги иш ўрни ташкил этиш мумкин.

Полиэтилен, полипропилен, поливинилхлорид ва калцийланган сода каби хомашёларнинг биржа орқали сотишни кенгайтириш, мебель саноатини қўшимча қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилди. Булар маҳаллий корхоналарнинг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлади.

Президент ажратилган кредит ресурсларининг самарадорлиги ва қайтими борасидаги камчиликларни танқид қилди.

– Жойларда кредит ҳисобидан ташкил этилаётган корхоналарни инфратузилмага улаш, маҳсулот бозорини топишга кўмаклашиш бўйича тармоқ, ҳудуд ёки сектор раҳбарлари тизимли ишламаяпти, – деди давлатимиз раҳбари.

Мутасаддиларга муаммоли корхоналарни аниқлаб, уларга “яширин иқтисодиёт”дан чиқиш учун шароит яратиш, кредитларни манзилли ва мақсадли ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлат солиқ қўмитасига тадбиркорларнинг фикр ва эътирозларини инобатга олиб, қўшилган қиймат солиғи тўловчиларни рўйхатга олиш, солиқларни ҳисоблаш тизимини янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар биринчи ярим йилликда тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар