Замонавий дунё: Ижтимоий тармоқлар инсон ресурсларини бошқаради

Замонавий дунё: Ижтимоий тармоқлар инсон ресурсларини бошқаради

Инсон ресурсларини бошқариш изчилликда амалга ошириладиган, мантиқий асосланган, ташкилотнинг ўзига хос ресурсларга эҳтиёжларини қондиришга қаратилган ташкилий чора-тадбирлар сифатида излаш, танлаш, ривожлантириш, ўқитиш, баҳолаш, аттестация қилиш, мотивациялаш, меҳнатни рағбатлантириш, ташкилий ривожлантириш ва карьерани бошқариш воситасида амалга оширилади. Ҳозирги шароитларда айтиб ўтилган функциялар инновацион технологияларни қўллаш асосида, турли ахборот ресурслари, жумладан, INTERNET-глобал тармоғи ресурсларини жалб қилган ҳолда амалга оширилади.

Глобаллашув жараёнларини кенгайтириш ягона жаҳон тармоқ бозор иқтисодиётини шакллантиради. Глобаллашув тарқалишининг муҳим белгилари инсон ресурслари билан таъминлаш соҳасида рақобатнинг кучайиши, инсон капиталини, истеъдодларни ва интеллектуал салоҳиятини бошқариш зарурати ҳисобланади.

Глобаллашув таъсирининг яққол намоён бўлиши кўринишларидан бири инсон ресурсларини шакллантириш ва уларни кейинчалик бошқаришда муҳим инновацион воситага айланадиган ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш амалиётининг кенг тарқалишидир. Ижтимоий тармоқлар замонавий жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Уларнинг ёрдами билан тилга оид, географий ва профессионал тўсиқлар йўқ қилинди, меҳнат бозорида, ташкилот шароитида инсон ресурсларини бошқариш жараёни фаоллашди ва умуман кадрлар соҳасида бир қатор ўзгаришларни келтириб чиқарди.

Замонавий ташкилотлар кенг миқёсдаги ташкилий муаммоларни ҳал қилиш учун ижтимоий тармоқлардан: ички муҳитда алоқа каналларини қуриш учун ҳам, ташқи алоқа воситаси сифатида ҳам фаол фойдаланмоқда. Ўз фаолиятини ижтимоий тармоқларда самарали ривожлантирадиган ташкилотлар инсон ресурсларини топиш ва жалб қилишда аниқ рақобатдош устунликларга эга бўлади. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар махсус виртуал маконни яратишга имкон беради. Унда инсонлар шахсий ва касбий масалалар бўйича бир-бири билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади. Бу уларнинг ишбилармонлик муҳитига қўшилиш даражасини оширади, турли хил вазифаларни ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга ёрдам беради. Юқори даражадаги ҳамжиҳатликни ва жамоанинг бирлигини таъминлайди. Шундай қилиб, ижтимоий тармоқ ҳам ташкилот ичидаги психологик иқлимни шакллантириш воситасига айланиб бормоқда.

Ижтимоий тармоқлардан меҳнат муносабатлари соҳасида самарали фойдаланиш аҳоли бандликка кўмаклашиш марказлари ва рекрутинг агентликларининг виртуал, инновацион прототипини яратади. Бу ташкилотларнинг ташқи бозорга чиқишини таъминлайди, унинг чегараларини кенгайтиради ва шу тариқа нафақат бошқа минтақалардан, балки бошқа давлатлардан ҳам «масофадан» номзодлар жалб қилиш ҳисобига ташкилот штатини катталаштиришга имкон беради. Ижтимоий тармоқларнинг тарқалиши ҳам ходимларнинг, ҳам ташкилотнинг ҳаракатчанлигини оширишга, мустақил амалиётни ривожлантиришга ёрдамлашади. Чунки ижтимоий тармоқлар базасида яратилган виртуал офис ходимларига бир-биридан жуда узоқ масофада жойлашган ҳолда муваффақиятли ишлашлари учун имкон туғилади. Бугунги кунда деярли барча замонавий ҳамкорлик ечимлари у ёки бу тарзда, ижтимоий тармоқларга хос элементлардан фойдаланади.

Персонал рекрутингини амалга ошириш учун Facebook.com, Linkedin.com, Habrahabr.ru, Professionali.ru, Moikrug.ru каби оммавий ижтимоий тармоқлар фойдаланилмоқда. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда персонални ижтимоий тармоқлар орқали излаш амалиёти асосан IT-компаниялар ходимлари, котибалар, сотув, PR ва маркетинг бўйича менежерлар орасида тарқалган. Энг машҳур бўлган ижтимоий тармоқлар эса — ВКонтакте, Одноклассники, Instagramm, Facebook, Twitter ва бошқалар ҳисобланади.

Ташкилотлар амалиётида қуйидаги жараёнларни амалга оширишда ижтимоий тармоқ технологиялари энг кенг тарқалган:

1) персонал излаб топиш ва ёллаш;

2) ўқитиш ва ривожлантириш;

3) мослаштириш;

4) инновацияларни жорий қилиш;

5) иш унумдорлигини бошқариш.

Ижтимоий тармоқлар катта миқдордаги маълумотларни, шу жумладан, инсонларнинг шахсий бўлган моддий ва маънавий маълумотларини умумлаштириб сақлашга имкон берадиган булутли бошқарув технологиясининг бир тури ҳисобланади. Ижтимоий тармоқларнинг формати турли хил масалаларда, шахсларни ҳар томонлама баҳолашга имкон беради. Шу жумладан ходимларни бошқариш билан боғлиқ тегишли бошқарув қарорларини қабул қилиш, шунингдек, ташқи бозорни кузатиш орқали зарур бўлган ходимларни топиш, истеъдодларни жалб қилиш имкониятини беради. Ижтимоий тармоқ воситалари ташкилотнинг кўплаб бизнес-жараёнларига интеграциялашуви ҳам муҳимдир.

Кадрларни излаб топиш ва танлашда ижтимоий тармоқларнинг баъзи бир афзалликлари орасида:

  • катта аудиторияни қамраб олиш;
  • маълумот манбаларига киришнинг тезкорлиги;
  • номзод тўғрисида керакли маълумотларни тўплаш;
  • арзимаган моддий ресурсларни сарфлаган ҳолда тезда мутахассис топиш имконияти мавжуд.

Ушбу афзалликлар билан бир қаторда, бўш ресурсга номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисида маълумотни тармоқ манбалари жалб қилган ҳолда жойлаштириш қидирув сифатини оширишга, энг мос бўлганлар билан ўзаро муносабатларни самарали йўлга қўйишга имкон беради. Бу эса бўш иш ўрнини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилишда энг юқори тезликни таъминлайди.

Superjob портал тадқиқот маркази иш берувчиларнинг 1000 нафар вакиллари ўртасида сўров ўтказди. Сўров давомида ҳар иккинчи компания ходим ёллашда ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётганлигини, ҳар учинчи компания ижтимоий тармоқлардан номзодларнинг аккаунтларини кузатиши маълум бўлди. Шунингдек, иш берувчиларнинг учдан бир қисми номзодлар тўғрисидаги маълумотларни текшириш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Яна 17% иш берувчилар эса ижтимоий тармоқлардан фақат ходимларни ёллашда фойдаланишини билдирган (1-расм).

1-расм. Иш берувчиларнинг меҳнат муносабатларида ижтимоий тармоқдан фойдаланиши йўналишлари.

Манба: SUPERJOB тадқиқот маркази портали маълумотлари асосида

Текширув учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётган ёлловчилар 2012 йилда 23%ни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 48 %ни ташкил этиб, охирги 3 йилда интенсив кўпайгани кузатилмоқда. (2-расм)

2-расм. Иш берувчиларнинг меҳнат муносабатларида ижтимоий тармоқдан фойдаланиш динамикаси.

Манба: SUPERJOB тадқиқот маркази портали маълумотлари асосида

Бугунги кунда, ижтимоий тармоқларда кўпгина ташкилотлар ўзларининг HR брендини тарғиб қилувчи, меҳнат бозорида тан олиниши ва номзодларнинг ташкилотга бўлган қизиқишини кучайтирадиган бир қатор стратегик ва тактик бошқарув вазифаларини ҳал қилишга имкон берадиган ўзларининг профиллари, аккаунтлари ва саҳифаларига эга.

Ташкилотнинг ижтимоий тармоқлардаги маълумотлари, ресурслари ташкил қилаётган тадбирлари ташкилот ходимлари билим, фикр алмашишлари, ўзларининг мартаба имтиёзлари ва мақсадларини намойиш этишлари ва бошқаларни амалга ошириши мумкин. Бундай ҳолда, ижтимоий тармоқлар муҳим ижтимоий функцияни бажаради. Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган маълумотлар ходимлар ва ташкилотлар фаолияти натижаларини баҳолаш ва бошқарув жараёнларига тузатиш киритиш учун фойдаланиладиган манба ҳисобланмоқда.

Керакли маълумотларни ижтимоий тармоққа жойлаштириш орқали инсонлар ўзларининг касб соҳаларида ўхшаш иш тажрибасига эга бўлган ҳамкасбларини топиш, билим ва кўникмаларни бирлаштириш орқали ўзларининг қобилиятлари ва истеъдодларини ривожлантириш, ташкилот ишига ғоялар ва таклифлар билан танишиш, бошқарув жараёнларини такомиллаштиришда иштирок этиш, истеъмолчилар ва шериклар билан муносабатларни ривожлантириш имкониятига эга бўлади.

Кадрларни қидириш, танлаш, баҳолаш учун қўшимча восита бўлган ижтимоий тармоқлар жой алмаштириш, ходимларни ўқитиш жараёнларида, тренинглар ва мураббийлик машғулотларини ташкил этишда фаол фойдаланилмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,

иқтисод фанлари доктори

Г.Қ.Абдураҳмонова

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар