Зироат Мирзиёева: Ногиронлиги бор болаларга ҳам бошқа болалар каби тенг имконият ва шароит яратиш ўта муҳим масала (+видео)

Зироат Мирзиёева: Ногиронлиги бор болаларга ҳам бошқа болалар каби тенг имконият ва шароит яратиш ўта муҳим масала (+видео)

19 ноябрь куни «Zamin» Халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева «Болаларнинг таълим олиш ҳуқуқлари: пандемия даврида долзарблиги, узлуксизлиги ва инновациялар» мавзусидаги халқаро веб-форумда нутқ сўзлади.

Зироат Мирзиёева ногиронлик эндиликда тиббий масала эмас, балки биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари масаласи дея қонуний эътироф этилганлиги ва ногиронлиги бўлган болалар учун тўсиқлардан ҳоли ва инклюзив муҳитини яратиш орқали уларнинг тўлиқ ва сифатли таълим олишини таъминлаш — бола ҳуқуқларини амалга оширишнинг самарали шаклларидан бири ҳисобланишини таъкидлади.

«Шу ўринда ногиронлиги бўлган болаларни жамиятимизнинг барча жабҳаларига қўшиш, улар барча билан тенг бўлиши ва ўз ўринларини топиши учун шарт-шароитлар яратиб бериш „Zamin“ халқаро жамоат фондининг асосий мақсад ва вазифаларидан бири эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Глобал миқёсдаги ушбу инқирозли вазият болаларнинг сифатли, узлуксиз ва инклюзив таълим олишларига салбий таъсир кўрсатмоқда. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, пандемия туфайли, ҳанузгача сайёрамизда мактаб ўқувчиларининг учдан бир қисми анъанавий таълим олиш имкониятига қайта олмаяпти. Бу жуда ачинарли албатта. Аммо бугунги кунда ушбу муаммони онлайн ўқув курслари орқали қисман ҳал қилинишига эришиляпти. Лекин ногиронлиги бўлган болалар таълими масаласи эса ҳанузгача жуда ачинарли аҳволда қолмоқда. Ҳар бир бола ноёб ва ўзига хосдир. Болалар ҳар хил бўлганлиги билан уларнинг ҳуқуқлари тенг бўлиши лозим. Шу сабабли, таълим жараёнларида ҳар бир бола учун индивидуал ёндашувни топиш, ҳеч бир ўғил ва қизни эътибордан четда қолдирмаслик зарур!», деди Зироат Мирзиёева.

«Zamin» Халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ногиронлиги бор болаларга ҳам бошқа болалар каби тенг имконият ва шароит яратиш, уларнинг барча ҳуқуқларини таъминлаш ўта муҳим масала эканлигини таъкидлади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар