Тадбиркорлар ва аҳолига бир қанча имтиёзлар берилади

Тадбиркорлар ва аҳолига бир қанча имтиёзлар берилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан 13 май куни видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида пандемия шароитида тадбиркорлар ва аҳолини қўллаб-қувватлаш давом эттирилишини таъкидлади.

Улар қуйидагича:

  • Кичик бизнес ва фермер хўжаликларига ижтимоий солиқ ставкаси май-июль ойларида 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.
  • Кичик бизнес вакиллари, якка тартибдаги тадбиркорлар келгуси уч ой давомида ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади.
  • Аввалги қарорга асосан, апрель-май ойларида 1 мингдан зиёд тадбиркорнинг ер ва мол-мулк солиқлари ва пенялари бўйича кечиктирилган 80 миллиард сўм тўловлари кечиб юборилади.
  • Тадбиркорларга божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилади.
  • Эҳтиёжманд оилаларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида нафақа олувчи оилалар сони қўшимча 70 мингтага ёки 10 фоизга кўпайтирилиб, бюджетдан яна 200 миллиард сўм ажратилади.
  • Илгари ставкаси 22 фоизгача бўлган инвестиция кредитлари бўйича фоизлар қисман давлат томонидан қоплаб берилган бўлса, энди ставкаси 26 фоизгача бўлган кредитларнинг фоизлари ҳам қисман қоплаб берилади.
  • Тадбиркорларга айланма маблағларини тўлдириш учун 500 миллиард сўмгача (илгари 10 миллиард сўмгача) берилган кредитлар бўйича компенсация миқдори 5 фоиздан 10 фоизга оширилади.
  • Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий қилинган аҳолига якка тартибда уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун кредит бериш тажрибаси Тошкент шаҳрида ҳам татбиқ этилади.
  • Маҳаллий корхоналарнинг маҳсулотига нисбатан ички талабни ошириш ва шу орқали уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат ташкилотларига III-IV чоракдаги харидларини II чоракда амалга ошириш ҳуқуқи берилади.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар