Марказнинг Жиззах филиали экспертлари томонидан тадбиркорлик субъектлари учун ўқув семинари ташкил этилди

Марказнинг Жиззах филиали экспертлари томонидан тадбиркорлик субъектлари учун ўқув семинари ташкил этилди

Ўқув семинарда Жиззах шаҳри, Aрнасой, Бахмал, Зарбдор, Пахтакор, Ғаллаорол, Зомин ва Ш.Рашидов туманларида жойлашган тадбиркорлик субъектлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхона вакиллари ҳамда вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси, инновация ривожланиш бошқармаси, Савдо саноат палатаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари қатнашишди.

Ўзбекистон Президентининг Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жиззах филиали бош илмий ходими Рахимов Феруз Иқтисодий шарҳ журналининг 3-сонида чиққан мақола асосида “Жиззах вилояти қовун маҳсулотини қандай қилиб Германия бозорига экспорт қилиш мумкин?” мавзусида, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Сифат менжмент тизимларини жорий етиш мувофиқликни баҳолаш бошқармаси бошлиғи Aсқаров Aсқарали халқаро қишлоқ хўжалиги сифат менежментини жорий этиш тўғрисида маъруза-тақдимот қилишди.

Таъкидлаш жоизки, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида муҳим ўрин тутади.

2021 йилда 403,6 млн. долларлик (801,5 минг тонна) сабзавотлар, 280,6 млн. долларлик (325,4 минг тонна) мева ва резаворлар, 208,5 млн. долларлик (270,6 минг тонна) узум ва 22,7 миллион долларлик (82,9 минг тонна) қовун ва тарвуз маҳсулотлари экспорти амалга оширилган.

Ўзбекистонда 2021 йилда 7540,9 минг тонна донли экинлар, 10859 минг тонна сабзавотлар, 3292 минг тонна картошка, 2852 минг тонна мева ва резаворлар, 1995 минг тонна узум ва 2281 минг тонна полиз маҳсулотлари етиштирилган. Полиз маҳсулоти етиштириш ҳажмининг энг катта улуши Сурхондарё вилояти (14,1 %) ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, Жиззах (11,8 %), Сирдарё (11,4 %), Бухоро(8,0 %), Андижон (7,8 %) ва Қашқадарё (7,8 %) вилоятларида ҳам юқори кўрсаткичлар қайд этилган.

Германия давлатига нафақат Жиззах вилоятидан, балки, Республикамиздан қовун маҳсулотини етарли даражада экспорт қилиш учун барча шароитлар, имкониятлар мавжуд. Жумладан, қовун етиштириш қуввати, карантин жиҳатдан барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш рухсат этилганлиги, Европа Иттифоқининг GSP - имтиёзлар бош тизимига Ўзбекистоннинг киритилиб, бож тўловларидан озод этилганлиги Германия бозорида экспортёрларимиз ва экспорт товарларимизнинг рақобатбардошлигини орттиради.

Германия аҳолисининг 15-20 фоизи собиқ Германия Демократик Республикасида яшаган аҳоли ҳисобланади. Бу эса собиқ совет давлати товарлари, жумладан, Ўзбекистоннинг қовун маҳсулоти ҳам Германия аҳолиси ўртасида яхши қабул қилиниши эҳтимоли юқори. Лекин, кўпчиликка маълумки, немис халқининг шахсий маълумотларни ошкор қилмаслик хусусиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистондан туриб, Германиядан харидор топиш нисбатан мушкулроқ ҳисобланади. Немис харидорлари товар наъмунасини кўриб, етказиб берувчи билан бевосита мулоқот орқали маҳсулот импорт қилиши осонроқ бўлади.


Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar