2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан йиллик очиқ мулоқоти Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтди. Бу тадбир минтақа ва бутун мамлакат учун муҳим воқеа бўлиб, давлатнинг бизнес учун қулай муҳит яратиш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини яна бир бор тасдиқлади
2025 йилдаги навбатдаги учрашувга тайёргарлик бошлаб юборилди. Формат ўзгармайди, аммо мулоқотда янги масалаларга эътибор қаратилaди. Очиқ мулоқотда тадбиркорлар фикрлари тингланади, шунингдек, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш учун аниқ ечимлар ҳам таклиф қилинади.
Бизнесни босқичма-босқич ривожлантириш
Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бизнесни қўллаб-қувватлаш ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган замонавий иқтисодий сиёсатни шакллантиришнинг асосий механизмига айланди. Бундай учрашувлар давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳамкорликда ечим излаш учун бевосита майдон яратади. Мулоқотлар якунида тадбиркорлик фаолиятини соддалаштириш, маъмурий тўсиқларни камайтириш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва тадбиркорларнинг молиявий ресурсларга кириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган аниқ чоралар қабул қилинади.
Алоҳида эътибор фақатгина жараёнларни такомиллаштириш ва шаффофликни оширишга эмас, балки тадбиркорларнинг ижтимоий масъулиятини ривожлантириш, инновацияларни рағбатлантириш ҳамда экспортга йўналтирилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга ҳам қаратилмоқда. Бундай ўзаро боғлиқ чора-тадбирлар сиёсати кичик бизнеснинг мамлакат ичида барқарор мавқе эгаллашини таъминлабгина қолмай, балки унинг халқаро бозорларга фаол чиқиши учун ҳам замин яратади.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатмоқда: кичик ва ўрта бизнес ялпи ички маҳсулотнинг ярмидан ортиқ қисмини, экспортнинг катта улушини ва аҳоли бандлигининг муҳим қисмини таъминлаб келмоқда. Кўрсаткичларнинг босқичма-босқич ўсиши тадбиркорлик сектори иқтисодиётни диверсификация қилишда асосий омилга айланаётганидан дарак бериб, Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий ҳамкорлик имкониятларини ҳам кенгайтирмоқда. Бу жараёнлар натижасида барқарор ва рақобатбардош бозор шаклланиб, мамлакат тараққиётига узоқ муддатли ҳисса қўшиб бормоқда.
2024 йилда тадбиркорлар фаолиятига назар
Ўтган йил кичик бизнеснинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги муҳим ролини яна бир бор тасдиқлади. 2024 йилда унинг ЯҲМдаги улуши 54,3%, экспортдаги улуши 33,3% ва саноатдаги улуши 32,4%ни ташкил этди. Кичик корхоналар энг жадал ривожланган соҳалар савдода — 84%, қурилишда — 76,5% ва хизматлар соҳасида — 57% ўсиш қайд этилди. Бу кўрсаткичлар тадбиркорлик фаолияти иқтисодий ўсиш ва иқтисодиётни диверсификация қилишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланганини намоён этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йил давомида мамлакатда 77 мингта янги корхона ташкил этилди, фаолият юритаётган корхоналар умумий сони эса 358,1 мингтага етди. Янги ташкил этилган бизнес субъектлари сони бўйича савдо соҳаси етакчи бўлиб, унда 28 мингта корхона очилди. Саноатда 12,8 мингта (16,6%), қишлоқ хўжалигида 9,1 мингта (11,8%), турар жой билан таъминлаш ва овқатланиш соҳасида 6,5 мингта (8,4%) корхона рўйхатдан ўтди. Қурилиш соҳаси 5,1%, ахборот ва алоқа соҳаси 3,8%, транспорт ва омбор хўжалиги 3,5%, соғлиқни сақлаш эса 1,9% янги субъектларни таъминлади. Қолган фаолият турлари ҳиссасига эса 9,4 мингта корхона ёки 12,2% тўғри келди.
Ҳудудий кўрсаткичлар ҳам иқтисодий фаолликнинг ошганини кўрсатмоқда. Янги корхоналарнинг энг кўп сони Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган — 16,2 мингта. Тошкент вилоятида 6,7 мингта, Самарқанд вилоятида 6,6 мингта, Фарғона вилоятида 5,9 мингта ва Хоразм вилоятида 6,8 мингта корхона ташкил этилди. Шу билан бирга, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида янги бизнес субъектлари сони 4 мингтадан ошди. Андижон вилоятида 4,1 мингта, Наманган вилоятида эса 3,9 мингта корхона рўйхатдан ўтди.
Ҳатто нисбатан фаол бўлмаган ҳудудлар — Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Сирдарё вилоятларида ҳам янги корхоналар ташкил этишда ижобий динамика сақланиб қолмоқда. Бу тенденция тадбиркорлик фаолиятининг мамлакат бўйлаб умумий хусусият касб этаётганидан далолат беради.
Фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг умумий сони ҳудудлар кесимида таҳлил этилганда, энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрига тўғри келиб, бу ерда 84,5 мингта корхона фаолият юритмоқда. Ушбу рақам республикадаги барча корхоналарнинг қарийб тўртдан бир қисмини ташкил этади. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 34,4 минг, Самарқанд вилояти — 31,5 минг ва Фарғона вилояти — 28,1 минг корхона билан ажралиб турибди. Шунингдек, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида 22 мингдан зиёд, Хоразм вилоятида 20,5 минг, Андижон ва Наманган вилоятларида эса қарийб 20 мингта корхона мавжуд.
Аҳолиси нисбатан кам бўлган ҳудудларда, хусусан, Жиззах вилоятида 13,5 мингта ва Сирдарё вилоятида 8,6 мингта корхона фаолият юритмоқда.
Ушбу маълумотлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес иқтисодиётнинг асосий драйвери сифатида қолиш билан бирга, тобора барқарорлик касб этмоқда. Корхоналар сонининг ортиши, уларнинг тармоқлар ва ҳудудлар бўйича диверсификация қилиниши, шунингдек, экспортда фаол иштирок этиши амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бизнес муҳитини либераллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларнинг бевосита самарасидир
Хулоса
2025 йилда Президент ва тадбиркорлар ўртасидаги навбатдаги мулоқот нафақат якунларни сарҳисоб қилиш ва мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш билан чекланиб қолмайди, балки янги ғоя ва ташаббусларни шакллантириш учун ҳам муҳим платформага айланади.
Режага кўра, асосий эътибор бизнеснинг молиявий ресурсларга кенгроқ киришини таъминлаш, давлат хизматларини рақамлаштириш, инновацион лойиҳаларни рағбатлантириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилмоқда.
Бу учрашув мамлакат олдига қўйилган стратегик вазифалар — рақобатбардош ва барқарор иқтисодиётни барпо этиш йўлидаги изчил ҳаракатларнинг навбатдаги босқичи сифатида кўрилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Izoh qoldirish