Инвестицияларнинг жадал ўсиши ва келажак иқтисодиёти шаклланиши

Инвестицияларнинг жадал ўсиши ва келажак иқтисодиёти шаклланиши

Инвестицияларнинг жадал ўсиши бозорларда ортиқча кескин ўсиш хавфини келтириб чиқарса-да, иқтисодий ўсишни тезлаштиришда муҳим ўрин тутади. Сўнгги йиллар динамикасини таҳлил қилган Евроосиё тараққиёт банки экспертлари фикрича, рақамлаштиришнинг энг юқори босқичи 2021 йилга тўғри келган, 2023 йилда ESG йўналишига эътибор кучайган, 2025 йилга келиб эса сунъий интеллект асосий йўналишга айланган.

Таҳлилга кўра, ҳар бир янги инвестиция тўлқини аввалгисига таянади ва унинг таъсирини янада кучайтиради.

Тадқиқот инвестиция тўлқинларининг қандай шаклланишини тушунтириб беради ва уларнинг келгуси йигирма йил давомида қайси йўналишларда ривожланиши мумкинлигини аниқлайди. Ушбу жараёнларни тушуниш инвестиция қарорларини янада пухта қабул қилишга ва стратегик хавфларни камайтиришга ёрдам беради.

Инвестиция тўлқинларининг шаклланиш механизми

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, инвестицияларнинг жадал ўсиши маълум бир такрорланувчи қонуният асосида ривожланади. Евроосиё тараққиёт банки экспертлари фикрича, ҳар бир тўлқин бир неча босқичдан ўтади: аввало яширин шаклланиш даври, кейин тез ўсиш босқичи ва ниҳоят барқарорлашув даври.

Тез ўсиш босқичида компаниялар сони ва инвестициялар ҳажми кескин ортиб боради. Айнан шу даврда энг юқори даромад олиш имконияти юзага келади, аммо бу жараён юқори ноаниқлик билан кечади. Экспертлар таъкидлашича, айни пайтда тармоқ ривожланиш босқичини нотўғри баҳолаш хавфи мавжуд. Кўп ҳолларда инвесторлар янги пайдо бўлаётган технологияларни аллақачон шаклланган деб қабул қилади, бу эса шошилинч қарорлар ва самарадорликнинг пасайишига олиб келади.

Бунга мисол сифатида сунъий интеллект ривожини келтириш мумкин. Технологиялар узоқ вақт давомида шаклланган бўлса-да, асосий бурилиш катта тил моделлари пайдо бўлгандан кейин юз берди. Бу эса инвестицияларнинг кескин ошишига ва технологиялар қўлланилиш доирасининг кенгайишига сабаб бўлди.

Замонавий инвестиция трендларининг тузилиши

Экспертлар фикрича, рақамли технологиялар ривожи сунъий интеллектга асосланган ечимларни кенг жорий этиш учун асос яратди, ESG йўналиши эса барқарорлик ва самарадорликка бўлган талабни кучайтирди.

Муаллифлар бозор маълумотларини таҳлил қилиб, юқори ўсиш салоҳиятига эга бир қатор йўналишларни ажратиб кўрсатади:

Биотехнологиялар бозори ҳозир 1,9–2,2 трлн долларга баҳоланмоқда ва 2034 йилга бориб тахминан 5,9 трлн долларга етиши мумкин (ўртача 11,7 фоизлик ўсиш билан).

Робототехника бозори 64,8 млрд доллардан 2035 йилга келиб қарийб 376 млрд долларгача ўсиши кутилмоқда, бу эса автоматлаштиришга бўлган юқори талабни кўрсатади.

Космик иқтисодиёт ҳажми 630 млрд доллардан кейинги ўн йил ўрталарига бориб 1,8 трлн долларгача ўсиши мумкин.

Виртуал ва қўшимча реаллик сегменти энг жадал ривожланаётган йўналишлардан бири бўлиб, қарийб ўн баравар ўсиб, 700 млрд долларгача етиши мумкин.

Биотехнологиялар ва демографик омил

Экспертлар навбатдаги инвестиция тўлқини учун энг эҳтимолий йўналишлардан бири сифатида биотехнологияларни кўрсатмоқда. Бу хулоса жаҳон иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришлар таҳлилига асосланган.

Жаҳон иқтисодиёти меҳнат ресурслари етишмовчилиги муаммосига дуч келмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда 500 миллион иш ўрнига тенг меҳнат соатлари йўқолган ва бу жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 3 фоизига тенг йўқотишга олиб келган. Туғилиш даражасининг пасайиши ва аҳолининг қариши иқтисодиётга босимни кучайтириб, ўсиш имкониятларини чекламоқда.

Бу муаммони ҳал қилишнинг анъанавий усуллари чекланган. Туғилишни ошириш фақат узоқ муддатда натижа беради. Миграция сиёсий ва ижтимоий тўсиқларга дуч келади. Автоматлаштириш эса инсон меҳнатини тўлиқ алмаштира олмайди.

Шу боис, муқобил ёндашув сифатида инсоннинг самарали меҳнат фаолияти даврини узайтириш иқтисодий ўсишнинг қўшимча манбаи сифатида қаралмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, соғлом ҳаётнинг яна бир йилга узайиши АҚШ ва Хитойда 20 йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг 15–19 трлн долларга ошишига тенг иқтисодий фаолликни таъминлаши мумкин. Бошқа йирик иқтисодиётлар учун эса бу кўрсаткич 2–4 трлн долларни ташкил этиши мумкин.

Инвестиция йўналишлари ривожи бўйича прогноз

Келгусида ривожланиш бир нечта технологик трендларнинг ўзаро уйғунлашуви орқали амалга ошади. Автоматлаштиришнинг кучайиши, сунъий интеллект ривожи ва барқарор ечимларга бўлган талабнинг ортиши янги инвестиция циклларини шакллантиради.

Шу билан бирга, келажакда муваффақият фақат тўғри технологияни танлашга эмас, балки унинг тез ўсиш босқичига ўтиш пайтини аниқ белгилай олишга ҳам боғлиқ бўлади.

Хулосалар ва тавсиялар

Экспертлар фикрича, инвестиция тўлқинлари иқтисодиёт ривожининг тизимли механизми ҳисобланади. Улар капитални янги тармоқлар фойдасига қайта тақсимлашга ёрдам беради ва инновацияларни жорий этишни тезлаштиради.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, энг юқори самара технология ривожланиш босқичини аниқ белгилаш орқали эришилади. Илк босқичда киритилган инвестициялар стратегик устунлик яратади, аммо юқори даражада билим ва тажриба талаб қилади. Кейинги босқичларда киритилган сармоялар хавфларни камайтиради, лекин эҳтимолий даромадни чеклайди.

Давлатлар учун устувор вазифа юқори макроиқтисодий самара берадиган йўналишларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Шу нуқтаи назардан, биотехнологиялар нафақат технологик ривожланиш, балки демографик муаммоларни ҳал этиш воситаси сифатида қаралмоқда.

Бизнес учун эса меҳнат ресурслари етишмовчилиги ва тезлашган рақамли ўзгаришларга мослашиш муҳим аҳамият касб этади.

Умуман олганда, тадқиқот жаҳон иқтисодиёти изчил инвестиция тўлқинлари орқали ривожланишда давом этишини кўрсатади. Бу жараёнларни эрта англаш ва тўғри баҳолай олиш рақобатбардошликнинг асосий омилларидан бирига айланади.

Зиёда Ризаева

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази


Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar