Ушбу мақолада Божхона институти ўқитувчиси Фарход Гафуров келгусида товарлар экспорти билан боғлиқ ноқонуний валюта операцияларини олдини олиш учун қандай чора-тадбирлар кўриш кераклиги тўғрисида таклифларини келтирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ўз нутқларидан бирида: “Валюта тушумлари ва олтин-валюта захираларининг кўпайишини таъминлашда энг оптимал йўл бу – экспорт салоҳиятини оширишдир”, деб таъкидлаган эди. Бундан кўриниб турибдики, бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда экспорт салоҳиятини ошириш ва валюта тушумларини кўпайтириш муҳим ва долзарб аҳамият касб этмоқда.
Амалдаги қонунчиликга кўра, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товарларни экспорт қилишда божхона юк декларацияси ва транспорт ҳужжатлари ва товарга илова қилинадиган ҳужжатларни электрон тартибда божхона органларида расмийлаштириб, экспорт божхона божи ундирилмасдан, хорижий давлатларга олиб чиқиш тартиби ўрнатилган.
Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида экспорт салоҳиятини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик субъектларига ишлаб чиқарган товарларини хорижий давлатларга экспорт қилиш учун қулай шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиб келинмоқда.
Хусусан, 2017 йил 5 сентябрдан барча экспортёрларга чет эл валютасидаги тушумни мажбурий сотиш бўйича қўйилган талаб бекор қилинди. 2017 йил 15 ноябрдан барча товарларни, шу жумладан, мева-сабзавотларни (хом-ашёлардан, яъни пахта толаси, калава ип, пахта линти, нефть маҳсулотлари, табиий газ, электр энергия, қимматбаҳо, рангли ва қора металлардан ташқари) олдиндан тўловсиз, аккредитивсиз, банк кафолатисиз ва суғурта полисисиз экспорт қилишга рухсат берилди. Шунингдек, товарларни (махсус товарлардан, яъни қурол-яроғ ва ҳарбий техника, уран ва бошқа радиоактив моддалар, радиоактив моддалардан фойдаланилган приборлар ва асбоб-ускуналар, қимматбаҳо металлардан ташқари) экспорт контрактини тузмасдан, инвойслар асосида 100 % тўловни таъминлаш шарти билан экспорт қилишга рухсат берилди. 2018 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларига хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун мўлжалланган қиймати 5 000 АҚШ долларигача бўлган товарларни (хом-ашёлардан, яъни пахта толаси, калава ип, пахта линти, нефть маҳсулотлари, табиий газ, электр энергия, қимматбаҳо, рангли ва қора металлардан ташқари) экспорт контракти тузмасдан ҳамда божхона юк декларациясини расмийлаштирмасдан, товарларнинг юк ҳужжатларига мувофиқ олиб чиқишга рухсат этилди.
2018 йил 1 августдан, республикадан мева-сабзавот маҳсулотларини “Ўзагроэкспорт” АЖнинг расмий веб-сайтида эълон қилинаётган нархлардан паст бўлмаган нархларда экспорт қилиш бўйича талаб бекор қилинди (аввал барча экспорт шартномаларини ушбу веб-сайтдаги нархлар асосида тузилиши белгиланган эди). 2018 йил 17 октябрдан, мева-сабзавотларини божхона кўригини амалга оширмаган ҳолда экспорт қилишга рухсат берилди (божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно) ва тадбиркорлик субъектларига улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқи берилди. 2018 йил 26 ноябрдан, экспорт контрактларини давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб бекор қилинди.
Бундан ташқари, 2019 йил 24 майдан, маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га 53 та турдаги маҳсулотларни экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 %гача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш механизми жорий қилинди. 2020 йил 8 майдан эса ушбу маҳсулотлар рўйхатига қўшимча равишда яна 15 та турдаги маҳсулотлар киритилди.
2020 йил 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди. Шунингдек, 2021 йил 1 январдан экспорт маҳсулотларини божхонада расмийлаштириш учун божхона йиғими:
– божхона қиймати 20 000 долларгача бўлган маҳсулотларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 50 фоизи миқдорида;
– божхона қиймати 20 000 доллардан 40 000 долларгача бўлган маҳсулотларга БҲМнинг 1 баравари миқдорида;
– божхона қиймати 40 000 доллардан 60 000 долларгача бўлган маҳсулотларга БҲМнинг 2 баравари миқдорида;
– божхона қиймати 60 000 доллардан 100 000 долларгача бўлган маҳсулотларга БҲМнинг 3 баравари миқдорида;
– божхона қиймати 100 000 доллардан 200 000 долларгача бўлган маҳсулотларга БҲМнинг 5 баравари миқдорида;
– божхона қиймати 200 000 доллардан 500 000 долларгача бўлган маҳсулотларга БҲМнинг 10 баравари миқдорида;
– божхона қиймати 500 000 доллардан 1 000 000 долларгача бўлган маҳсулотларга БҲМнинг 25 баравари миқдорида;
– божхона қиймати 1 000 000 долларгача бўлган маҳсулотларга БҲМнинг 50 баравари миқдорида белгиланди (аввал божхона қийматининг 0,1 % миқдорида, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 %дан кам бўлмаган миқдорида эди). Бундан кўриниб турибдики, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган товарларни хорижий давлатларга экспорт қилиш ва шу орқали чет давлатлардан валюта тушумларини кўпайтиришга йўналтирилган сиёсат олиб борилмоқда. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришга ва халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бу борада шуни таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, 2020 йилда ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 15,2 миллиард АҚШ долларини (жаҳонда юз берган пандемия сабабли 2019 йилга нисбатан 13,4 фоизга камайган) ташкил этди.
Шунингдек, 2020 йил давомида Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги асосий шериги сифатида Хитой қайд этилди. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 6,43 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган. Шундан 1,93 миллиард АҚШ доллари экспорт улушига тўғри келди.[1] Шунингдек, товарлар ташқи савдосининг божхона статистикаси маълумотларига кўра, ўтган 3 йил, яъни 2018-2020 йиллар давомида Ўзбекистон Республикасидан Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларига товарлар экспорти ошган.
Жумладан, Ўзбекистондан ушбу давлатларга экспорт ҳажми – 2 млрд. долл.ни (2018 й.– 626 млн. долл., 2019 й. – 690 млн. долл., 2020 й. – 900 млн. долл.) ташкил этган. Шундан:
Афғонистон – 1,5 млрд. долл. (2018 й. – 456 млн. долл., 2019 й. – 455 млн. долл., 2020 й. – 570 млн. долл.);
Тожикистон – 578 млн. долл. (2018 й. – 136 млн. долл., 2019 й. – 184 млн. долл., 2020 й. – 258 млн. долл.);
Туркманистон – 159 млн. долл. (2018 й. – 32 млн. долл., 2019 й. – 52 млн. долл., 2020 й. – 72 млн. долл.).[2]
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳияти асосан қўшни давлатлар ва Хитой Халқ Республикаси билан ўзаро ташқи савдо муносабатларида ошиб бормоқда.
Шу билан бирга, статистик маълумотлар таҳлилига кўра, Ўзбекистон Республикасининг экспорт таркибида товарлар диверсификацияси, яъни экспорт қилинаётган товарлар турлари кўпайиб бораётганлигини кузатиш мумкин. Жумладан, 2018-2020 йиллар давомида Ўзбекистон Республикасидан Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларига экспорт қилинган товарлар турлари таҳлил қилинганда, Ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан қўшни давлатларга асосан, металл буюмлар, нефть маҳсулотлари, табиий қазилмалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, тўқимачилик буюмлари ва минерал ўғитлар каби товарлар экспорти ошган.
Хусусан, Афғонистон Ислом Республикасига:
металл буюмлар (ясси темир прокатлар, пўлат буюмлар) – 97 млн. долл. (2019 й. 43 млн. долл., 2020 й. 54 млн. долл.);
нефть маҳсулотлари (бензин, дизель, мотор мойи) – 56 млн. долл.
(2019 й. 40 млн. долл., 2020 й. 16 млн. долл.);
табиий қазилмалар (пропан) – 35 млн. долл.
(2019 й. 22 млн. долл., 2020 й. 13 млн. долл.);
озиқ-овқат маҳсулотлари (кунгабоқар ёғи, макарон) – 9 млн. долл.
(2019 й. 478 минг долл., 2020 й. 8,9 млн. долл.).
Тожикистон Республикасига:
пластмасса ва пластмасса буюмлар (этилен, винилхлорид. трубкалар) 21 млн. долл. (2019 й. 7 млн. долл., 2020 й. 14 млн. долл.);
минерал ўғитлар (аралаш ва фосфорли ўғитлар) – 7,4 млн. долл. (2019 й. 3,6 млн. долл., 2020 й. 3,8 млн. долл.);
металл буюмлар (алюминдан буюмлар, пўлат ва мис сим) – 4,3 млн. долл. (2019 й. 1,2 млн. долл., 2020 й. 3,1 млн. долл.);
тўқимачилик маҳсулоти (синтетик ип ва тола трикотаж мато) – 3,2 млн. долл. (2019 й. 1,5 млн. долл., 2020 й. 1,7 млн. долл.);
озиқ-овқат маҳсулотлари (маргарин, кунгабоқар ёғи, ёрмалар) – 1,2 млн. долл. (2019 й. 563 минг долл., 2020 й. 681 минг долл.).
Туркманистон Республикасига:
минерал ўғитлар (азотли ва аралаш ўғитлар) – 39 млн. долл. (2019 й. 11 млн. долл., 2020 й. 28 млн. долл.);
мева-сабзавот маҳсулотлари (хурмо, пиёз, ёнғоқ, олма, ер ёнғоқ, қуритилган мевалар) – 20 млн. долл. (2019 й. 10 млн. долл., 2020 й. 11 млн. долл.);
озиқ-овқат маҳсулотлари (маргарин, кунгабоқар ёғи, газли ва сутли ичимликлар, печенье) – 10 млн. долл. (2019 й. 4 млн. долл., 2020 й. 6 млн. долл.);
транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари (тиркамалар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, антифриз, кўрак юладиган машина) – 10 млн. долл. (2019 й. 9,2 млн. долл., 2020 й. 804 минг долл.);
табиий қазилмалар (фосфорит уни, каолин, кальций карбонати) – 8,6 млн. долл. (2019 й. 4,5 млн. долл., 2020 й. 5,2 млн. долл.);
кимё саноати маҳсулотлари (сода, пахта уруғини зарарсизлантирувчи дори) – 6,8 млн. долл. (2019 й. 2,4 млн. долл., 2020 й. 4,4 млн. долл.).
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлари томонидан юқорида кўрсатилган турдаги товарларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва қўшни давлатларга экспорт қилиш учун янада кенг қулайликлар яратиш муҳим аҳамият касб этади. Бунда, асосий эътиборни Ўзбекистон Республикасининг қўшни давлатлар билан чегарадош вилоятларида металл буюмлар, нефть маҳсулотлари, табиий қазилмалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, тўқимачилик буюмлари ва минерал ўғитлар каби товарларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратиш муҳим ҳисобланади. Яъни, юқоридаги товарлар турлари чегарадош вилоятлардан қўшни давлатларга экспорт қилинганда, уларнинг таннархи транспорт ҳаражатлари ҳисобига камайишига ва экспорт ҳажмининг ошишига олиб келади.
Товарларни экспорт қилиш соҳасида эришилган натижаларга қармай, мавжуд маълумотлар таҳлили бугунги кунда Ўзбекистон Республикасидан товарларини чет давлатларга экспорт қилиш жараёнида ноқонуний валюта операцияларини амалга ошириш ҳолатлари кузатилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ДБҚнинг статистик маълумотларига кўра, 2020 йил давомида товарларни экспорт қилиш жараёнида товарлар нархини сунъий равишда ошириб кўрсатиш, “ёлғон экспорт” ва хорижий давлатлардан экспорт қилинган товарлар учун валюта тушумларини Ўзбекистон Республикасига олиб кирмаслик каби ноқонуний валюта операциялари билан боғлиқ 22 та жиноят ишлари қўзғатилиб, айбдор шахслар жавобгарликка тортилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ДБҚнинг статистик маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон Республикасидан нархи сунъий равишда ошириб кўрсатилган ҳолда экспорт қилинган товарлар учун 800 млн. АҚШ долларидан ортиқ маблағлар келиб тушмасдан, дебиторлик қарздорлик юзага келган.
Шунингдек, статистик маълумотлар таҳлили, тадбиркорлар томонидан қишлоқ хўжалиги товарларининг экспорти жараёнида валюта маблағларини Ўзбекистон банкларига ўтказмаслик билан боғлиқ шубҳали валюта операциялари амалга оширилганлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ДБҚнинг маълумотларига кўра, хуфёна иқтисодиётнинг кенгайиш хавфини аниқлаш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларнинг валюта операциялари таҳлил қилинган. Таҳлилларга кўра, 2018 йилнинг январь ойидан 2019 йилнинг июнь ойига қадар, тижорат банклари томонидан хорижий давлатларга экспорт қилинган товарлар (хизматлар) учун банк кассасига 800 млн. АҚШ долларига яқин қийматидаги нақд чет эл валютаси қабул қилинган. Мазкур валюта пул маблағининг айримлари бўйича хорижий давлатлардан нақд чет эл валютаси келиб тушмаган бўлсада, товарлар экспорти амалга оширилган.
2019 йил январь-июль ойлари давомида 772,6 млн. долларга тенг 834,9 минг тонна мева-сабзавотлар экспорт қилинган. Шундан, 214 та тадбиркорларнинг 291 та экспорт шартномалари бўйича қиймати 209,8 млн. долларга тенг 11,4 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларининг нархлари асоссиз равишда юқори белгиланган. Асоссиз юқори нархлардан экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотлари жами мева-сабзавотлар экспорти вазнига нисбатан 1,4 %ни ташкил этган бўлсада, бироқ жами қийматига нисбатан 27,2 %га тўғри келади.
Ўзбекистон Республикаси ДБҚ мутахассисларининг фикрига кўра, товарларни экспорт қилиш жараёнида валюта тушумларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кирмаслик ҳолатларига ёки экспорт товарлари нархларини сунъий равишда оширилишига қуйидаги омиллар таъсир қилмоқда:
Биринчидан, ишлаб чиқарган товарларини экспорт қилган тадбиркорлар учун солиқ тўловларидан яратилган имтиёзлардан қонунга хилоф равишда имкон қадар кўпроқ фойда олишга бўлган уринишлар.
Иккинчидан, Солиқ кодекси 261-моддасида экспорт қилинган товарлар учун имтиёз қўллашни ва товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти фактини тасдиқловчи ҳужжат сифатида товарлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилганлиги белгиси қўйилган божхона юк декларацияси асос қилиб кўрсатилганлиги. Яъни Ўзбекистон ҳудудидан хорижий давлатга олиб чиқилган товарлар, уларни сотишдан тушган валюта маблағлари Ўзбекистон банкларига ўтказилмаган бўлса ҳам, экспорт миқдори сифатида инобатга олинмоқда.
Юқоридаги 2 гуруҳ омиллар таъсирини содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 ноябрдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5587-сон қарорига биноан, экспорт қилувчиларга 2019 йил 1 январдан қуйидаги солиқ имтиёзлари жорий этилган:
- товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспортга реализация қилиш ҳажмига тўғри келадиган фойда қисми юзасидан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи камайтирилади;
- товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспортга реализация қилиш ҳажмига тўғри келадиган қисми юзасидан ягона солиқ тўлови камайтирилади.
Имтиёзлар бериш шартларига кўра, имтиёзлар юридик шахсларга мўлжалланган ва экспорт улуши умумий тушумда, шу жумладан комиссионер (ишончли вакил) орқали реализация қилишдан тушган тушумда 15 фоиздан юқори бўлиши керак.
Шунингдек, қуйидаги ҳолларда имтиёз берилмаслиги белгиланган:
- товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти фактини қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;
- товарлар экспорт режимига чиқарилган кундан бошлаб 180 кун мобайнида валюта тушуми таъминланмаганда.
Мазкур имтиёзлардан фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган тадбикорлар хорижий давлатларга кўпроқ товар экспорт қилганлиги учун солиқ тўловларини тўламаслик ёки камроқ тўлаш учун экспорт қилаётган товарларини нархини амалдаги реал нархдан ошириб, божхона расмийлаштирувидан ўтказиб, чет давлатларга олиб чиқмоқда. Экспорт ҳужжатларида оширилган товар нархи тадбикор учун кўп товар экспорт қилинганлигини билдиради ва бунинг учун тадбикор солиқларни камроқ тўлаш имкониятига эга бўлади. Оқибатда оширилган нархда экспорт қилинган товарлар хорижий давлатлар ҳудудида ҳақиқий ўзининг арзон нархида сотилади ва шунча миқдордаги хорижий валюта Ўзбекистон Республикасига олиб кирилади. Ҳужжатларда кўрсатилган тўланмай қолган хорижий валюта тўловларини тадбиркорлар Ўзбекистондаги ўз ҳисобларида мавжуд бўлган валюта пул маблағлари билан кам-кам тўлаб қоплаш чораларини кўрмоқда. Бунда тадбиркор ўзининг хорижий валютадаги пул маблағини гўёки чет давлатлардан олиб киргандай қилиб кўрсатиш учун йўловчи божхона декларациясини сохталаштириб, банк кассасига нақд хорижий валюта пул маблағларини тўлашга ҳаракат қилмоқда.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикасига инвестиция маблағларини киритган хорижий давлатларнинг тадбикорлари учун Ўзбекистонда солиқ тўловларидан озод қилиш бўйича бериладиган имтиёзлардан фойдаланишга бўлган уринишлар. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 декабрдаги “Инвестициялар ва инвестицион фаолият тўғрисида”ги ЎРҚ 598-сонли Қонунининг “Инвестицияларни ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича имтиёз ҳамда преференциялар бериш” номли 34-моддасига асосан, инвестицияларни ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун қўлланиладиган имтиёз ҳамда преференциялар қуйидагиларни ўз ичига олиши белгиланган:
- давлат мулки бўлган объектларни ёки уларга бўлган мулкий ҳуқуқларни имтиёзли ёки нолга тенг харид қиймати бўйича инвесторга бериш;
- солиқлар ва тўловлар бўйича имтиёзлар бериш;
- инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун инвестор томонидан олинадиган кредитлар бўйича фоиз ставкаларини субсидиялаш.
Шунингдек, бир қатор (енгил саноат, ипакчилик, озиқ-овқат каби) иқтисодиёт тармоқларига хориждан инвестиция киритилганлиги учун имтиёзлар яратилган. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги бошқа қонун ҳужжатлари билан ҳам хориждан инвестиция киритганлик учун солиқ тўловларидан озод қилиш бўйича имтиёзлар берилиши белгиланган. Шу сабабли хорижий давлатларнинг тадбиркорлари ёки фуқаролари учун яратилган имтиёзлардан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган тадбиркорларнинг айримлари ўз товарларини хорижий давлатларга экспорт қилиб, ундан тушган валюта пул маблағларини хорижий давлат тадбиркорлари ёки фуқаролари номидан Ўзбекистон Республикасига инвестиция сифатида олиб кирмоқда ҳамда хорижий давлат тадбиркорлари томонидан Ўзбекистонга киритилган инвестиция пул маблағи учун солиқ тўловларидан озод қилиш бўйича берилган имтиёзлардан фойдаланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, тадбикорлар томонидан товарларнинг нархини сунъий равишда ошириб кўрсатиш орқали экспорт қилиши, божхона ҳужжатларини қалбакилаштириб, экспорт қилинган товарларни сотишдан тушадиган валюта маблағларини Ўзбекистонга олиб кирмасликка уринишлари натижасида, солиқ тўловларидан берилган имтиёзлардан қонунга хилоф равишда фойдаланишга, “ёлғон экспорт”нинг вужудга келишига, экспорт қилинаётган товарларнинг божхона статистикаси маълумотлари нотўғри шаклланишига, чет давлатлардан валюта маблағларининг Ўзбекистон банкларига келиб тушмаслик хавфини юзага келтирмоқда.
Келгусида товарлар экспорти билан боғлиқ ноқонуний валюта операцияларини олдини олиш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
- тадбиркорлар томонидан экспорт қилинган товарлар учун хорижий давлатлардан Ўзбекистон банкларига ўтказилган валюта тушумларининг миқдорига асосан, экспорт ҳажмини аниқлашни йўлга қўйиш ва шу тартиб асосида экспорт операцияларига оид статистик маълумотларни шакллантириш ҳамда валюта тушумининг миқдорига таяниб, тадбиркорларга келгуси солиқлардан имтиёз қўллаш.
Солиқ имтиёзларини ҳақиқатда экспорт қилинган товарлар учун қўлланилиши сохта экспортнинг ҳажмининг камайишига ва дебитор қарздорликни камайтиришга хизмат қилади.
- Ўзбекистон Республикасидан экспорт божхона режимида олиб чиқиладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш қоидаларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 303, 309, 310, 312 313 ва 315-моддаларида назарда тутилган божхона қийматини аниқлаш усулларини экспорт қилинадиган товарларга нисбатан қўллаш хусусиятлари ва тартибини батафсил тушунтирувчи ва белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиб, уни ижрога қаратиш (бунда тадбиркорларга ишлаб чиқарган товарларини экспорт қилганлик учун солиқ тўловларидан олдин берилган имтиёзларга нисбатан қонуннинг орқага қайтиш кучини ҳисобга олмаслик мақсадга мувофиқ), ушбу орқали экспорт қилинадиган товарнинг божхона қиймати тўғри белгиланиши устидан давлат божхона органлари назоратини кучайтириш;
- тадбиркорлар томонидан қалбаки йўловчи божхона декларациялари ва божхонага оид бошқа қалбаки ҳужжатлар асосида банк кассаларига нақд хорижий валюта пул маблағларини тўланишини олдини олиш мақсадида божхона органлари билан тижорат банклари ўртасида маълумотлар алмашинувини таъминловчи электрон дастурни амалиётга жорий қилиш;
- Ўзбекистон Республикаси ДБҚ ҳамда Марказий банк ва тижорат банклари ўртасида маълумотлар алмашинувини таъминловчи электрон базада “қонунбузар тадбикорлар” тоифасини яратиб, унда қалбаки йўловчи божхона декларацияси ва божхонага оид бошқа қалбаки ҳужжатлар асосида банк кассасига нақд хорижий валюта пул маблағларини тўлаш билан шуғулланувчи тадбикорлар рўйхатини шакллантириб бориш ва уларни хавф гуруҳига киритиш ҳамда хизматда фойдаланиб бориш;
- Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Давлат божхона қўмитаси ўртасида товарларнинг экспорти билан боғлиқ ноқонуний валюта операцияларини олдини олишга қаратилган ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиб, ушбу чора-тадбирлар режасига биноан, сохта йўловчи божхона декларацияси ва божхонага оид бошқа қалбаки ҳужжатлар асосида банк кассасига нақд хорижий валюта пул маблағини топшириш учун мурожаат қилган тадбиркор аниқланганда, тижорат банклари томонидан божхона органларига дарҳол хабар бериш тизимини йўлга қўйиш;
- Ўзбекистон Республикасининг валюта назоратини амалга оширувчи органлари, яъни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ўзаро ҳамкорлигида ҳар 6 ойда бир маротаба Маслаҳатлашув кенгаши ташкил этиш, Маслаҳатлашув кенгашида ҳар бир орган ўз назорат йўналиши бўйича юзага келган вазият бўйича тақдимот қилиши ва кенгаш якунлари бўйича валюта операцияларининг қонунийлигини таъминлаш, валюта тушумларини кўпайтириш бўйича келгусидаги чора-тадбирларни белгилаб олиш тизимини йўлга қўйиш;
- Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 декабрдаги “Инвестициялар ва инвестицион фаолият тўғрисида”ги ЎРҚ 598-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4434-сонли фармони ва хорижий давлатлардан инвестиция киритганлик учун имтиёз бериш назарда тутувчи барча қонун ҳужжатлари талабларини ўрганиб чиқиб, уларга ўзгартириш киритиш орқали Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритганлиги учун хорижий давлатларнинг тадбиркорлари ва Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлари учун бир хил имтиёзларни жорий этиш.
Мазкур чора-тадбирларнинг амалиётга жорий этилиши қуйидаги имкониятларни яратади:
- товарларни экспорт қилганлиги учун тадбиркорларга солиқ тўловларидан бериладиган имтиёзларидан ноқонуний равишда фойдаланишнинг олди олинади;
- тадбиркорлар томонидан қонунга хилоф равишда Ўзбекистон ҳудудидаги валюта пул маблағларини чет давлатларга олиб чиқиб, хорижий давлат фуқаролари ва тадбиркорлик субъектлари номидан қайта Ўзбекистонга олиб кириш билан боғлиқ ноқонуний валюта операцияларининг олди олинади;
- товарларни “ёлғон экспорт” қилинишини олди олинади.
Мустақил изланувчи,
Божхона институти ўқитувчиси Фарход Гафуров
Izoh qoldirish