Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида (Марказ) Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши маслаҳатчилари канцелярияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Делегацияга Давлат кенгаши маслаҳатчиси жаноб Чжан Жилэ бошчилик қилди.
Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузурида 1949 йилда ташкил этилган Давлат кенгаши маслаҳатчилари канцелярияси ҳукумат фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича тадқиқотлар ўтказишни мувофиқлаштиради. Унинг вазифаларига таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлаш, қабул қилинаётган қарорларни экспертлик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро илмий-таҳлилий ҳамкорликни ривожлантириш киради.
Учрашувнинг мақсади ўзбек-хитой илмий ва таҳлилий ҳамкорлигининг янги йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Учрашув давомида Ўзбекистон томонидан мамлакатда «Янги Ўзбекистон» ва «Ўзбекистон–2030» стратегиялари доирасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий натижалари, шунингдек Марказнинг иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича таҳлилий баҳолари тақдим этилди.
Хитой томони Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юксак баҳо бериб, камбағалликни қисқартириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда стратегик режалаштириш соҳаларида эришилган ютуқларни алоҳида қайд этди.
Алоҳида таъкидланганидек, 2024 йил январь ойида икки мамлакат раҳбарларининг Қўшма баёнотида қайд этилган Ўзбекистон ва Хитой ўртасида «барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик» муносабатларининг ўрнатилиши икки томонлама ҳамкорликда янги босқични ифода этиши қайд этилди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланаётгани таъкидланди.
Хусусан, сўнгги йилларда Хитой инвестицияларининг Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтирилган ҳажми 2017 йилдаги 283,9 млн доллардан 2024 йилда 7,24 млрд долларгача ошиб, 25 баробардан ортиқ ўсди. Жамғарилган инвестициялар ҳажми эса 18 млрд долларга етди. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айланмаси сўнгги 8 йил ичида 2,6 баробарга ўсиб, 12,5 млрд долларни ташкил этди. Шу билан бирга, қўшма корхоналар сони 3,6 мингтадан ошди.
Томонлар таҳлилий ва илмий-тадқиқот ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар. Хусусан, Хитойнинг саноатни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, таъминот занжирларини бошқариш, шунингдек қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариши, тупроқ деградацияси ва қурғоқчилик шароитларига мослашиш бўйича ёндашувлари муҳокама қилинди.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши сифатида Ўзбекистоннинг «Бир макон, бир йўл» ташаббусларини қўллаб-қувватлаши ва уларда фаол иштирок этиши алоҳида қайд этилди. Хитой томони «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўл коридори лойиҳаси бўйича қўшма таҳлилий тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Шунингдек, учрашув давомида қўшма тадқиқотларни амалга ошириш истиқболлари ҳамда Хитой тажрибасининг энг илғор ютуқларини Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларида амалий қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунлари бўйича илмий-таҳлилий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, ўзаро ҳамкорлик форматларини ишлаб чиқиш ҳамда қўшма тадқиқотларни амалга ошириш ва тажриба алмашишни назарда тутувчи Ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини тайёрлаш бўйича келишувларга эришилди. Мазкур ҳужжат қишлоқ хўжалиги ва сув тежовчи технологиялар, иқлим ўзгариши ва қишлоқ ҳудудларининг барқарор ривожланиши, шунингдек саноат, савдо ва таъминот занжирлари соҳаларида қўшма тадқиқотларни амалга оширишни ўз ичига олади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Izoh qoldirish