2019 йил 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида БМТ бош котибининг маслаҳатчиси, БМТТД маъмурининг махсус маслаҳатчиси Абдулай Мар Дийе билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Дойна Мунтяну ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги лойиҳа менежери Диёра Қобулова ҳам иштирок этди.
Учрашувда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги "Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари" илмий-тадқиқот маркази, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджет-солиқ тадқиқотлари институти, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти раҳбарлари ва илмий ходимлари иштирок этди.
Учрашувдан кўзланган мақсад Абдулай Мар Дийени Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, мамлакатимизни ривожлантиришда илмий марказларнинг ўрни, Ўзбекистонда ҳукумат қарорларини тайёрлашда илмий-таҳлилий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорликка оид турли масалалар юзасидан фикр алмашиш, шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилишдан иборат эди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги "Ижтимоий-иқтисодий ривожланишда иқтисодий тадқиқотлар сифати ва ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорига мувофиқ ташкил этилган марказ фаолияти ва Марказ олдига қўйилган янги вазифалар ҳақида сўзланди, шунингдек, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан республикада илмий-таҳлилий муассасалар фаолиятини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтилди.
Ўз навбатида Абдулай Мар Дийе республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Ўзбекистон ҳукуматининг илмий-таҳлил марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қарорларини олқишлади.
Учрашувда БМТТДнинг ривожланиш соҳасидаги энг муҳим ташаббуси, дунёнинг 60 мамлакатида ташкил этилган акселератор лабораторияларни яратиш ҳақида сўзлаб берди.
Акселератор лабораторияларининг фаолияти жамоатчилик муҳокамаси ва манфаатдор иштирокчилар томонидан мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун платформа яратишни ўз ичига олади, чунки уларнинг муаммолари моҳиятини ва уларни ҳал қилиш йўлларини кўпроқ тушуниш лозим.
Учрашувда БМТТД вакиллари глобал иқтисодий сиёсат марказлари билан яқин муносабатларни йўлга қўйишда Ўзбекистон илмий-тадқиқот марказларини фаол қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.
Абдулай Мар Дийенинг фикрича, халқаро рейтинг агентликлари мамлакатнинг иқтисодиётини ривожлантириш имкониятларини нафақат мамлакатда фойда олиш учун имкониятлар мавжудлиги нуқтаи назаридан, балки мамлакатда барқарор ривожланиш учун яратилаётган шарт-шароитлар нуқтаи назаридан баҳолаши керак.
Учрашув якунида олий мартабали меҳмон БМТТД Ўзбекистоннинг ривожланиши билан боғлиқ жараёнларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, жумладан, кейинги уч йилда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли тажрибасини ҳисобга олган ҳолда илмий-тадқиқот салоҳиятини кучайтиришга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги "Ижтимоий-иқтисодий ривожланишда иқтисодий тадқиқотлар сифати ва ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорига мувофиқ Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселераторининг ишчи органи ташкил этилди.
Акселератор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги кескин муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этиш учун давлат органлари ва ташкилотларнинг ресурсларини сафарбар этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш