Шавкат Мирзиёев: Муса Ерниязов дафн этилган қабристонни зиёрат қиладиган масканга айлантирамиз (фото)

Шавкат Мирзиёев: Муса Ерниязов дафн этилган қабристонни зиёрат қиладиган масканга айлантирамиз (фото)

Пандемия келтирган синовли кунларда халқимиз оғир жудоликка учради. Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси – Ўзбекистон Республикаси Сенати Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязов 2020 йил 31 июль куни вафот этди. Марҳум Нукус шаҳридаги «Шорша баба» қабристонига дафн этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 август куни бу ерга ташриф буюриб, Муса Ерниязов қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

- Раҳматли Муса оға элни яхши кўрган, ҳалол, пок, ор-номусли инсон эди. У кишига жуда ишонардим, Қорақалпоғистондан кўнглим тўқ эди. Тили, дини, тақдири, ташвишлари бир бўлган ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг оғзибирчилигини қадрларди. Қорақалпоғистонни ривожлантириш, одамларнинг бирини икки қилиш бўйича кўп ишларни бошлаган эдик. Энди бу ишларни, режаларимизни дўстлари билан бирга албатта давом эттирамиз, - деди давлатимиз раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов дафн этилган қабристон обод қилинишини таъкидлади.

- Бу ерни Қорақалпоғистонга келганлар эҳтиром билан зиёрат қиладиган масканга айлантирамиз. Шундай ватанпарвар инсонларнинг ҳурматини жойига қўйсак, халқимизга, ёшларимизга намуна бўлади, - деди Президент.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар