Ўзбекистон Президенти 2022 йилдан бошлаб Конституцияга тўққизта ўзгартириш киритишни таклиф қилди. Бу ҳақида мамлакат раҳбари байрам табригига бағишланган нутқида баён қилди.
Муҳтарам дўстлар!
Ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Айнан Конституциямизга таяниб, биз бундан беш йил олдин мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни бошладик. Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди.
Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча мансабдор шахслар қуйи бўғинга, маҳалла даражасига тушиб, аҳоли билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этмоқда.
Муҳим қарор ва қонунлар лойиҳаларини, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, давлат харидлари масалаларини муҳокама қилиш жараёнида бугун фуқароларимиз фаол иштирок этмоқда. Шу асосда давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ва жамоат назорати янги босқичга кўтарилмоқда.
Бундай натижаларга эришишда Конституция ва қонунларимиз талабларидан келиб чиқиб, иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги муаммолар, мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати, ишсизлик, камбағаллик, коррупцияга қарши кураш масалалари кенг жамоатчилигимиз иштирокида ҳал этилаётгани муҳим роль ўйнамоқда.
Айниқса, муҳтарам фахрийларимиз, хотин-қизлар, ёшлар, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллий кенгашлар фаолияти ҳам жонланмоқда. Шу йилнинг ўзида ушбу тузилмалар орқали фуқароларнинг 29 мингдан зиёд муаммолари ижобий ҳал этилгани, ўз вазифасини масъулият билан адо этмаётган раҳбарларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилаётгани ҳам шундан далолат беради.
Илк бор мансабдорларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб турадиган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали жорий йилнинг ўзида 6,5 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди.
Бу йил 4 мингдан ортиқ шахс суд залидан озод қилиниб, 8 мингга яқин фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилгани, 859 нафар шахс оқлангани суд-тергов соҳасидаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.
Ҳозирги кунда колониялардаги маҳкумларнинг қарийб 80 фоизи меҳнатга жалб этилган бўлса-да, уларнинг ишлаган йиллари умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланмайди ва пенсия тайинлашда инобатга олинмайди. Хусусан, ўзининг аниқ тадбиркорлик лойиҳасини тақдим этиб, мустақил фаолиятини бошламоқчи бўлган собиқ маҳкумларга Пробация хизматини ривожлантириш жамғармасидан 10 миллион сўмгача бир марталик моддий ёрдам берилади.
Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топаётган, адолатли ва халқпарвар давлат барпо этишда муҳим аҳамият касб этадиган вазифаларни амалга ошириш учун, аввало, янги конституциявий макон ҳамда янада мустаҳкам қонунчилик базаси керак бўлишини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз. Шу маънода, Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айланмоқда.
Биринчидан, илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқий амалиётимизда мустаҳкамлаш зарур.
Иккинчидан, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши керак. Бу – халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шартидир.
Учинчидан, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳам давр талабидир.
Тўртинчидан, Бош қомусимизда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйишимиз зарур.
Бешинчидан, фарзандларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида майдонга чиқаётган бугунги кунда Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада ўз аксини топиши керак.
Олтинчидан, ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш сари дадил бормоқда. Шу сабабли “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашнинг вақти-соати етди, деб ўйлайман.
Еттинчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топиши зарур.
Саккизинчидан, ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар, табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олиб, ўз конституциясига экологияга оид махсус боблар киритмоқда. Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши лозим.
Тўққизинчидан, Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Азиз ва қадрли ватандошлар!
Мана шу улуғ айёмда халқимизнинг дилидаги бир фикрни яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар энди ҳеч қачон ортга қайтмайди.
Янги Ўзбекистон ғояси эл-юртимизнинг улкан интилиш ва иродаси билан умумхалқ ҳаракатига айланмоқда. Барчамиз ана шу улуғ мақсад йўлида янада жипслашиб, ғайрат-шижоат ва масъулият билан фидокорона меҳнат қилсак, кўзлаган юксак марраларимизга албатта етамиз.
Ишончим комил, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин ғоят қийин ва мураккаб, оғир синовли йилларда Янги Ўзбекистонни бунёд этишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар миннатдорлик билан эслайди.
Барчамизга ана шундай буюк бахт ва шараф ёр бўлсин!
Жонажон Ўзбекистонимиз доимо гуллаб-яшнасин!
Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!
Сиз, азиз ватандошларимни Конституция куни билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Изоҳ қолдириш