Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари 2017-2022 йилларда амалга оширилган фаол ислоҳотлар жараёнида Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги асосий ўзгаришларни таҳлил қилди.
2017-2022 йилларда Қорақалпоғистон Републикасининг ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) 10,9 трлн. сўмдан 29,9 трлн. сўмга, унинг реал ҳажми эса 37,1%га ошди. Аҳоли жон бошига ЯҲМ 5,9 млн. сўмдан 15,2 млн. сўмга кўпайиши таъминланди. Мазкур даврда аҳоли сони 7,3%га кўпайиб, 2 млн. кишига етди.
Ҳудудда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,8 трлн. сўмдан 17,8 трлн. cўмга ошиб, реал ҳажми 21,3%га ўсди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда эса реал ҳажми 24%га, 2017 йилдаги 5 трлн. сўмдан 2022 йилда 14,4 трлн. сўмга ошди.
Кўрсатилаётган хизмат турларининг кенгайиши ва уларга талабнинг тобора ортиши натижасида бозор хизматлари ҳажми 3,6 трлн. сўмдан 10,4 трлн.сўмга етди ва 2,1 баравар кўпайди.
Мазкур даврда инфратузилмани ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, 2017-2022 йилларда 2943 км сув таъминоти тармоқлари ва 90,8 км газ қувурлари фойдаланишга топширилди.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва муносиб турмуш шароити яратиш борасида аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш каби вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, ўтган олти-етти йил мобайнида вилоятда 5 308 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, мактабгача таълим муассасаларида 19,5 минг, мактабларда 118 минг жой яратилди.
Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида ўтган олти йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикасида 157 мингга яқин иш ўрни яратилди.
Ҳудудда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар умумий қиймати 4,8 млрд. долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилишига имконият берди. Натижада ҳудудда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 2017 йилдаги 19,2 мингдан 2022 йилда 30,3 минггача яъни 58%га ўсди.
Изоҳ қолдириш