Жорий йилнинг 1 июль куни «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ҳамда Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси томонидан Испаниянинг конгломератларидан бири бўлган «Inditex» компаниясининг Алоқалар бўйича Бош директори Хесус Эчеварриа билан видеоконференцалоқа ташкил этилди.
Учрашувда, бир қатор маҳаллий тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар ҳам (Aisha Home Textile LLC, Chust Textile LLC, Bofanda JV LLC, Bukhara Cotton Textile LLC, Zarafshon Tekstil LLC, UzTex Group LLC, Textile Technologies Group LLC) иштирок этишди.
Маълумки, «InditexS.A.» халқаро кийим дўконлари тармоғига эга. Бугунги кунда корпорация 88 мамлакатда Zara, Oysho, Massimo Dutti, Bershka, Pull and Bear, Zara Home, Stradivarius, Tempe, Lefties ва Uterque брендлари остида 7000 га яқин дўконларни бирлаштирган.
Суҳбат мобайнида испаниялик ҳамкорларга Ўзбекистон тўқимачилик компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтиришга берилган эътибор учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, тўқимачилик саноатининг ҳозирги ҳолати ва ўсиш истиқболлари тўғрисида маълумот тақдим қилинди. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон йирик пахта етиштирувчи мамлакат бўлсада, бироқ мамлакатни тайёр тўқимачилик маҳсулотларини етказиб берувчи сифатида кўриб чиқилиши кераклиги таъкидланди. Чунки республикада етиштирилаётган пахта хом ашёси тўлиқ қайта ишланмоқда.
Мавжуд коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб тўқимачилик индустриясига ўз таъсирини кўрсатган бўлсада, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, Ҳукумат томонидан ўз вақтида кўрилган чора-табдирлар натижасида ўсиш кўрсаткичларини сақлаб қолди ва «InditexS.A.” корпорацияси билан ишлашга тайёр.
Маҳаллий тўқимачилик корхоналари нафақат тайёр трикотаж кийим-кечак, балки шу билан бирга Zara Home бренди учун уй тўқимачилик маҳсулотлари, шунингдек «Inditex” нинг Lux брендлари учун юқори сифатли маҳсулотларни ҳам етказиб бериш имкониятига эга эканлиги айтилди.
Ўз навбатида, испаниялик ҳамкорлар мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Ўзбекистоннинг GSP + мақомига эришиши Inditex брендлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришда муҳим омилларидан бири бўлиб хизмат қилиши таъкидлади.
Шунингдек, Хесус Эчеварриа ишлаб чиқарувчиларга қўйиладиган асосий талаблар ва ҳамкорликнинг аниқ усуллари тўғрисида маълумот берди. Хусусан, «Inditex” брендлари билан ҳамкорликда, улар тайёр маҳсулот истеъмолчиси эканлигини ҳисобга олиш кераклиги ва дўконларда сотиладиган ҳар бир маҳсулот харидорларнинг хоҳиш-истаклари асосида етказиб берилиши алоҳида айтиб ўтилди.
Ҳамкорликнинг асосий мезонлари сифатида маҳсулот дизайни, халқаро стандартлар талабига тўла жавоб берувчи сифати, етказиб бериш муддатларига қатъий риоя қилиниши ва нарх рақобати эканлиги таъкидланди. Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг барқарорлиги ва халқаро стандартларга мувофиқлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдиришди ва Ўзбекистон Республикасининг Мадриддаги элчихонаси орқали келгусида музокараларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Энг қисқа вақт ичида «Inditex” тармоқ брендларига юқори сифатли тикувчилик ва тайёр трикотаж маҳсулотларини етказиб бериш бўйича таклифлар юборилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш