Шавкат Мирзиёев сув омборида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди (фото)

Шавкат Мирзиёев сув омборида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди (фото)

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 3 май куни Сирдарё вилоятида бўлиб, Сардоба сув омбори ҳудудида амалга оширилаётган тиклаш-таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, мазкур сув иншооти Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 6 та туман экин майдонларини сув билан таъминлаш мақсадида барпо этилган. Ҳозирги вақтда тошқин юз берган жойда 2 та бригада ташкил этилиб, тўғон ёриғининг чап ва ўнг қирғоқларида жадал иш олиб борилмоқда. Бу жараёнга юзлаб малакали мутахассислар, мингдан ортиқ махсус техникалар жалб этилган. Катта ҳарсанг тошлар, бетон блоклар ва плиталар, бошқа тегишли қурилиш материаллари келтирилиб, тўғон олдида ярим айлана шаклида тўсиқ девор барпо этилмоқда. Ишчи-муҳандислар, ҳайдовчилар учун барча шароит яратилиб, саъй-ҳаракатлар кечаю кундуз ташкил этилган.

Шавкат Мирзиёев бажарилган ишларни синчиклаб кўздан кечириб, мутасадди раҳбарлар ва мутахассисларга зарур кўрсатмалар берди.

Маълумки, сув тошқини асосан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳоли пунктлари ва экинзорларига зарар етказган. Ҳукумат комиссияси томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу туманлардаги 22 та қишлоқдан жами 60 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинган эди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар