Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга вирус тарқалиши билан боғлиқ тиббий эҳтиёжлар учун 200 минг долларлик грант ажратади

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга вирус тарқалиши билан боғлиқ тиббий эҳтиёжлар учун 200 минг долларлик грант ажратади

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти М.Асакава ўртасида 1 апрель куни видеоконференция мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Суҳбат чоғида М.Асакава ОТБ маблағ жалб қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлашга кўмаклашиш орқали Ўзбекистонни COVID-19 га қарши курашишда қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Ҳозирги кунда ОТБ Ўзбекистоннинг вирус тарқалиши билан боғлиқ тиббий эҳтиёжлари учун 200 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратишни маъқуллади. Шунингдек, банк республика соғлиқни сақлаш тизимини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча маблағларни жалб қилиш истиқболларини кўриб чиқмоқда.

Бундан ташқари, яқин кунларда банк раҳбарияти томонидан пандемия шароитида Ўзбекистон иқтисодиётини рағбатлантириш учун қўшимча молиявий ресурсларни ажратиш масаласи кўриб чиқилади.

Мулоқотда, шунингдек, Ўзбекистонга 1 миллиард долларгача бюджет маблағларини ажратиш масаласи муҳокама қилинди.

Молиявий институт раҳбари М.Асакава ушбу масалани ҳал қилиш учун алоҳида гуруҳ тузилгани, бу борадаги мурожаатни маъқуллаш ва молиявий ёрдам маблағларини ажратиш жараёнини тезлаштиришда зарур барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилишни маълум қилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар