Инқироз ичидаги инқироз: COVID-19 ва халқаро миграция

Инқироз ичидаги инқироз:  COVID-19 ва халқаро миграция

Охирги ўн йилликларда глобализация ва интеграцион жараёнларининг жадал ривожланиши халқаро меҳнат алмашинувида ҳам ўз аксини топди. Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Жаҳон иқтисодий форуми маълумотларига кўра, 2015-2019 йиллар оралиғида халқаро меҳнат муҳожирлари сони 11,4%га кўпайган. 2019 йилда муҳожирлар сони жаҳон аҳолисининг 3,5 фоизини ташкил қилган ва ушбу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 25%га ошган.

Муҳожирларнинг аксарияти (60%) ўз минтақасидаги қўшни мамлакатларга кўчиб ўтган. Хусусан, 2015 йилда 59 миллионга яқин осиёлик ўз юртидан минтақадаги бошқа мамлакатга кўчиб ўтган бўлса, 40 миллион европалик Европанинг бошқа давлатларида қўним топган.

Умуман олганда, Европа меҳнат муҳожирлари орасида энг жозибадор манзил ҳисобланади. 2019 йил ҳолатида минтақа 82 миллион муҳожирни қабул қилган бўлиб, ундан кейинги ўринларни Шимолий Америка (59 миллион), Шимолий Африка ва Ғарбий Осиё мамлакатлари (49 миллион) эгаллаган.

Пандемиянинг халқаро меҳнат миграциясига таъсири

Аксарият меҳнат муҳожирлари иқтисодиётнинг норасмий секторида вақтинча ва ҳуқуқлари ҳимояланмаган ишларда фаолият юритишади. Кўпгина мамлакатларда ушбу тоифадаги инсонлар ўша давлатдаги миллий меҳнат қонунчилигига амал қилмаганлиги сабабли, пандемия каби фавқулодда вазиятларда уларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя чораларидан фойдалана олмаслик хавфи юқори. Хусусан, КОВИД-19 билан боғлиқ инқироз шароитида баъзи мамлакатларда меҳнат муҳожирларига нисбатан дискриминация, ишдан бўшатиш, меҳнат шароитининг ёмонлашиши ва бошқа шу каби салбий ҳолатларнинг ошиши кузатилмоқда.

Аксарият муҳожирларнинг турли сабабларга кўра соғлиқни сақлаш тизимидан фойдалана олмаслиги, вируснинг янада кенг ва жадал суръатларда тарқалишига олиб келмоқда. Аксинча, тиббий хизматлардан фойдаланган тақдирда, бу уларнинг молиявий аҳволини янада ёмонлаштириб, камбағаллик қопқонига тушиш эҳтимолини кўпайтиради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, иқтисодий инқироздан олдинги даврда дунё бўйлаб йилига 100 миллион нафар аҳоли соғлиқни сақлаш учун сарфланган харажатлар туфайли камбағаллик даражасига тушиб қолар эди.

Шунингдек, қаттиқ карантин чораларининг жорий қилинганлиги ва давлатлараро транспорт қатновларининг чекланганлиги туфайли муҳожирлар меҳнат бозоридаги иш ўринларнинг кескин камайиши ва иш хақи миқдорининг тушиши каби қийинчиликларга дуч келишмоқда (1-жадвал).

Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилнинг иккинчи чорагида иш ўринларининг қисқариши дунё бўйлаб 10,5 %га тенг бўлди. Бошқача айтганда, жорий йилнинг 2-чорагида дунё бўйлаб ишсизлар сони 195 миллион нафарга кўпайди. Минтақалар кесимида, Aмерика (-12,4%), Европа ва Марказий Осиё (-11,8%) ҳудудларида рақамлар ўртача кўрсаткичлардан ҳам салбийроқ тус олди. Ундан ташқари муҳожирларнинг аксарияти фаолият олиб борадиган иқтисодиётнинг норасмий тармоқларидаги ўртача иш ҳақи -60%га қисқарган бўлиб, Европа ва Марказий Осиё минтақасида мазкур қисқариш -70%га тенг.
Яна бир томондан меҳнат муҳожирларининг молиявий танг вазиятга тушиб қолиши улар томондан юборилаётган пул ўтказмалари ҳажмига ҳам салбий таъсир қилиши турган гап. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, ривожланаётган мамлакатларга пул ўтказмалари 2020 йилда ўртача 19,9%га камаяди (2-жадвал). Халқаро пул ўтказмаларининг пасайиши Европа ва Марказий Осиё ҳудудида энг сезиларли бўлиб, ўтган йилга нисбатан -27,5%ни ташкил этиши прогноз қилинган.Манба: Жаҳон банки маълумотлари

Манба: Жаҳон банки маълумотлари

Мажбурий қайтиш

Муҳожирлар томонидан чет элда ишлаб топилган пул маблағлари ватанга қайтганида кредит чекловларини енгиб ўтиш ва бизнесни йўлга қўйиш имкониятини яратади. Шунингдек, инсон капиталига сармоя киритган муҳожирлар ички меҳнат бозори талабларини ўзгартириши мумкин.

Аммо, шуни унутмаслик керакки, пандемия туфайли аксарият муҳожирларнинг режалари ўзгариб кетди. Соддароқ қилиб айтганда, улар режалаштирган маблағни тўплай олмади, кўзланган касб малакаларни ўргана олмади. Умуман, муҳожирлар ўз хоҳиши билан эмас, мажбурликдан ватанга қайтишига тўғри келмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Маркази томонидан ўтказилган тадқиқотлар давомида пандемия пайтида ватанга қайтган муҳожирларнинг 5% кўзлаган жамғармасини йиғганлиги туфайли ватанга қайтгани аниқланди.

Бундай ҳолатда, муҳожирларнинг ватанга қайтишидан жамият аъзоларининг максимал даражада наф кўриши ватанда уларнинг мавжуд малакаси ва инвестицияларидан фойдаланишни рағбатлантирувчи институтларга боғлиқ. Бунда, уларнинг инвестиция киритишга ва меҳнат бозорида реинтеграцияси қилишига рағбат яратувчи тизимни шакллантириш жуда муҳим.

Пандемия ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари

Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси жараёни асосан муддатли ва мавсумий характерга эга ва муҳожирларнинг аксарияти баҳор ва ёз ойларида чет элда ишлаб, қишки мавсумда ватанга қайтади. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги маълумотига кўра, 2019 йил ҳолатида 3 миллионга яқин ўзбекистонлик чет элда меҳнат фаолиятини олиб боради ва уларнинг аксарияти Россия ва Қозоғистон ҳудудида малака талаб қилинмайдиган соҳаларда иш билан банд ҳисобланади. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Маркази томонидан ўтказилган тадқиқотлар давомида ушбу давлатларга асосан кам таъминланган оила аъзоларининг бориши, даромади юқори уй-хўжаликлари вакиллари эса кўпроқ Туркия, Жанубий Корея ва АҚШга йўл олиши аниқланган.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2019 йилда меҳнат муҳожирлари томонидан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 6 млрд. долларни ташкил қилган. Хусусан, МДҲ аъзо давлатларидан 5 млрд. жўнатилган бўлиб, унинг 98% Россия ва Қозоғистондаги муҳожирлар ҳиссасига тўғри келади. Шуни таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан солиштирганда энг кўп пул жўнатмалари қабул қилувчи мамлакат бўлиб келмоқда.

Чегараларнинг ёпилиши ва қаттиқ карантин чоралари чет элда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик фуқароларга ҳам салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Хусусан, турли манбаларга кўра, қиш мавсуми даврида уйига қайтган 500 мингга яқин фуқаролар кўзланган манзилига қайтиб кета олмади. Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқароларининг асосий манзили ҳисобланган Россия Федерациясида ҳар иккинчи муҳожир ишсиз қолди. Ижара ва озиқ-овқат харажатлари туфайли муҳожирлар аҳволи янада оғирлашди. Натижада, июнь ойидаги тикланишга (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9%га ўсиш) қарамай, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонга юборилган трансчегаравий пул ўтказмаларининг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6%га камайди (1-расм).

1-расм. Ўзбекистонга/дан жўнатилган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми (млн. АҚШ долларида)

Манба: Марказий Банк маълумотлари

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда маҳаллалар даражасида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, меҳнат муҳожирлари пандемиядан энг кўп жабр кўрган аҳоли қатламларидан бири эканлиги аниқланди. Хусусан, 43% маҳаллаларда республикага қайтган фуқароларнинг сони ошган, энг юқори ўсиш Наманган, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида кузатилган. Қайтган муҳожирлар асосан иш билан таъминлаш (54%), молиявий ёрдам (27%) ва озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёж сезаётганлиги аниқланди.

Ҳукуматлар чет элдаги меҳнат муҳожирларини қандай қўллаб-қувватлаяпти?

Назарияга кўра, ишчи кучининг ортиқча чекловларсиз эркин ҳаракати халқаро миграциянинг барча иштирокчиларига бирдек фойда келтиради. Аммо, деярли барча ривожланган давлатлар виза, патент, суғурта ва шу каби бошқа чекловлар орқали мигрантлар оқимини назорат қилади. Маҳаллий меҳнат бозорини рағбатлантириш, бюджет маблағларини қайта тақсимлаш ва давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамни авваламбор ўз фуқароларига йўналтириш, мазкур чекловларнинг асосий сабаблари ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, халқаро миграция жараёнининг ўйин қоидаларини меҳнат ресурсларини қабул қилувчи мамлакат ишлаб чиқади. Пандемия пайтида мазкур чекловларнинг аҳамияти янада ошгани қабул қилувчи мамлакатларни қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар кўришга ундади. Хусусан:

Филиппин ва Хитой тажрибаси. Филиппин иқтисодиётида чет элда меҳнат қилувчи муҳожирларнинг ўрни муҳим ҳисобланади. 2019 йилда муҳожирлар томонидан мамлакатга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 30 миллиард долларни ташкил қилган ва бу мамлакат ЯИМнинг 10%га тенг. Ҳар йили 1 миллионга яқин филиппинлик иш топиш мақсадида чет элга кетади, турли ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйлаб 10 миллионга яқин филиппинлик меҳнат муҳожири мавжуд.

Филиппин ҳукумати меҳнат муҳожирларига турли кўринишда ижтимоий-иқтисодий ёрдам бериб келмоқда. Хусусан, Хитой ҳукумати билан эришилган келишувга биноан муҳожирлар ва иш берувчилар ўртасида узвий маълумотлар алмашинувини таъминловчи маълумотлар платформаси яратилди. Бу орқали ишидан айрилган муҳожирлар бўш иш ўринлари ҳақида тўғридан-тўғри маълумотларга эга бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, пандемия даврида «Муҳожирлар фаровонлиги жамғармалари» томонидан муҳожирларнинг маълум қатламларига моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Мазкур жамғармалар миграция жараёнидаги қийинчиликларни бартараф этиш, жараённи соддалаштириш ва муҳожирларга кўмак бериш мақсадида асос солинган бўлиб, муҳожирларнинг ўзлари, хусусий бандлик агентликлари, иш берувчилар ва ҳукумат томонидан қисман молиялаштирилади.

Шрианка тажрибаси. Турли ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйлаб шри-ланкалик меҳнат муҳожирларининг сони 1 миллиондан ортиқ бўлиб, ҳар йили 200 минг нафар фуқаро ишлаш мақсадида чет элга йўл олади. Муҳожирлар ватанига ҳар йили 5-7 миллиард АҚШ доллари атрофида пул ўтказмалари жўнатади. Хусусан, 2018 йилда мамлакатга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 7 миллиард доллардан кўпни ташкил қилган бўлиб, бу мамлакат ЯИМнинг 8%га тенг ҳисобланади.

Пандемия пайтида Шри-Ланка ҳукумати томонидан муҳожирлар муаммоларини эшитиш ва унга ечим топиш мақсадида виртуал платформа яратилди. Оғир аҳволга тушиб қолган муҳожирларга ёрдам бериш мақсадида Ўрта шарқ мамлакатлари билан ҳамкорликда миграция қонунчилиги соддалаштирилди. Хусусан, Қатар ва Саудия Арабистони ҳудудидаги муҳожирларга пандемия билан боғлиқ шикоятлар юзага келганда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилиб, вазият яхшилангунга қадар турар жой ва озиқ-овқат билан таъминланадиган бўлди. Бундан ташқари Шри-Ланка ҳукумати муҳожирлар томонидан мамлакатга жўнатилган пул ўтказмаларини қабул қилиш бўйича бир қатор енгилликлар жорий қилди. Хусусан, пул ўтказмалари турли солиқлардан озод қилиниб, комиссион тўловларнинг ҳажми қисқартирилди.

Бангладеш тажрибаси. Бангладеш меҳнат ресурслари ва уларни қайта тайёрлаш бюроси маълумотларига кўра, ҳар йили 500 мингга яқин фуқаро чет элга иш топиш мақсадида жўнаб кетади. Уларнинг аксарияти Кўрфаз ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ва Ҳиндистонга йўл олиб, асосан малака талаб қилмайдиган соҳаларда фаолият юритади.

Пандемия даврида ҳукумат ватанга қайтган муҳожирларнинг реинтеграция жараёнларини енгиллаштириш мақсадида уларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун махсус кредит линиялари ажратиб, меҳнат бозорида юзага келиши мумкин бўлган ортиқча меҳнат ресурслари босимини камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Қўшимча тарзда, иш берувчиларни қулай ахборот билан таъминлаш мақсадида қайтган фуқароларнинг малака ва кўникмалари бўйича маълумотлар базаси яратилмоқда.

Ўзбекистон тажрибаси. Пандемия инқирози натижасида чет элда қийинчиликка учраган ва республикага қайтган меҳнат муҳожирларига ижтимоий-иқтисодий ёрдам бериш мақсадида ҳукумат томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, июль ойининг охирига қадар 200 мингдан ортиқ хориждаги ватандошлар чартер рейслари ва чегаралар орқали Ўзбекистонга кириб келди, республиканинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари томонидан хорижда қийин аҳволга дуч келган фуқаролар озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.

Бундан ташқари Президентнинг 30.07.2020 даги ПФ-6038 фармони билан республикадаги моддий ёрдам ва муҳтож оилаларнинг рўйхати, халқ тили билан айтганда “Темир дафтарга” киритилган 1,7 миллион фуқарони жамлаган 400 мингдан кўпроқ оилаларга давлат бюджетидан бир марталик ёрдам пули ажратилди. Тадқиқотлар натижасида аниқланган ҳолат, яъни кам таъминланган уй-хўжаликлари орасида оила аъзосининг чет элга кетиш ҳолати кўпроқ учрашини ҳисобга олиб, мазкур фармон аксарият меҳнат муҳожирларига ижобий таъсир этишига умид қилиш мумкин.

Қилинган ишлар натижасида 600 мингдан ошиқ фуқаро иш билан таъминланганлиги, шундан 170 мингдан ошиғи мавсумий ишларга, 100 мингдан ошиғи эса қурилиш лойиҳаларига жалб қилинганлиги, бундан ташқари 37 минг нафар фуқарога қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари ажратилганлиги, ижро ҳокимияти вакиллари томонидан таъкидланди.

Таклифлар

Аммо шуни таъкидлаш керакки, пандемия вақтида қисқа муддатли чораларни амалга ошириш вақтинчалик характерга эга бўлиб, фавқулодда зарур муаммоларни ҳал қилишга ва шу орқали муҳожирларнинг фақат маълум қатламига ёрдам беришга хизмат қилади. Ўрта ва узоқ муддатли истиқболда эса халқаро миграциянинг барқарор ривожланишини таъминловчи тизимли ўзгаришларга қўл уриш мақсадга мувофиқ.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ташқи миграция жараёнларини коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият талабларига мослаштириш, пандемиянинг меҳнат миграцияси жараёнларига салбий таъсирини юмшатиш ва пандемиядан кейинги истиқболда ташқи миграция жараёнини рағбатлантириш мақсадларида қуйидаги 2 йўналишдаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф қилинади:

Биринчи йўналиш – мамлакатга қайтган фуқароларнинг маҳаллий иқтисодиёт тармоқларига ва меҳнат бозорига реинтеграция жараёнларини енгиллаштириш орқали уларнинг жамғарилган инсон ва молиявий капиталини сармоя қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадга мувофиқ:

  • Пандемия билан боғлиқ инқироз туфайли мажбурликдан ватанга қайтган фуқаролар, ўзи катта босим остида турган ички меҳнат бозорига салбий таъсир ўтказади. Муҳожирларнинг меҳнат бозорида тезроқ ўрин эгаллашларини таъминлаш мақсадида қайтган фуқароларнинг орттирган малака ва кўникмалари тўғрисидаги ахборотни жамлаган маълумотлар базасини яратиш (Бангладеш, Шри-Ланка ва Миср тажрибаси);
  • қайтган фуқароларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида мақсадли реинтеграция дастурларини яратиш, қайтган фуқаролар томонидан иқтисодиётнинг турли соҳаларига сармоя киритишни рағбатлантириш, уларга қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларни имтиёзли асосда ажратиш, улар томонидан амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларига банкларнинг шерикчилик шартлари асосида иштирок этишини рағбатлантириш мақсадга мувофиқ;

Иккинчи йўналиш – фуқароларнинг чет элга меҳнат фаолиятини олиб бориш даврида уларнинг ижтимоий ҳимоясини ошириш ва манзилли миграция йўналишларини яратиш. Бу қуйидаги йўналишларда амалга оширилиши мумкин:

  • Икки ва кўп томонлама келишувлар асосида муҳожирларнинг пенсия ва соғлиқни сақлаш тизими хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, бу орқали хавфсиз миграция жараёнини таъминлаш;
  • Жанубий Корея ва Россияга йўналган ташкиллаштирилган миграция жараёнининг самарадорлигини ўрганган ҳолда, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўналишларини кенгайтириш ва чет эллик иш берувчилар билан ҳамкорликни кучайтириш;
  • халқаро меҳнат бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда фуқароларга чет тиллари шунингдек, долзарб билим ва кўникмаларни ўргатиш, қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил қилиш орқали уларнинг рақобатдошлигини ошириш. Тадқиқотлар натижаларига кўра, қабул қилувчи мамлакатнинг давлат тилида мулоқот қила олган муҳожирларнинг ўртача даромади бошқаларникига нисбатан 5-35 фоиз юқори эканлиги аниқланган[1];
  • хусусий бандлик агентликлари фаолиятини рағбатлантириш, уларни ташкил этишда ортиқча тўсиқларни бартараф этиш, аммо бир вақтнинг ўзида фаолияти юзасидан жавобгарлигини ошириш, юқори ҳамкорлик истиқболига эга давлатларда Ташқи меҳнат миграцияси Агентлигининг ваколатхоналарини очиш ва унинг натижадорлигини назорат қилиш.

Мазкур таклифлар самарали амалга оширилганда, иқтисодиёт тармоқларини малакали ва тажрибали ишчи кучи билан таъминлаш билан бирга аҳолининг кенг қатламлари ва меҳнат муҳожирлари учун муносиб иш ва яшаш шароитларини яратиш, улар учун ижтимоий ҳимоя ва меҳнат қонунчилигини таъминлаш механизмларини яратиш имкониятлари яратилади.

Ҳасанжон Мажидов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

[1] Adserà A & Pytliková M. Language and Migration

Экономическое обозрение №9 (249) 2020

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар