Тимур Ишметов: ҚҚС бўйича жорий йил январь-июнь ойларида тушумлар 2 трлн. сўмга камайди

Тимур Ишметов: ҚҚС бўйича жорий йил январь-июнь ойларида тушумлар 2 трлн. сўмга камайди

2020 йил 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Тадбирда коронавирус пандемияси даврида вужудга келган муаммолардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

“2020 йил I ярим йилликда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари 58,2 трлн. сўмни ташкил этиб ўтган йил мос даврига нисбатан 7,5 трлн. сўмга кўп маблағлар ундирилди. Март ойининг учинчи декадасидан карантин бўйича қатъий чекловлар киритилиши айрим йўналишдаги тадбиркорлик фаолиятининг тўхташи ёки фаоллигининг қисқариши туфайли ҳамда берилган солиқ имтиёзларини ҳам инобатга олган ҳолда, II чоракда солиқ даромадлари I чоракга нисбатан -1,7 трн. сўм ёки 7 фоизга пасайди.

Умуман олганда, 2020 йил 1 июль ҳолатига солиқ тушумлари 45,9 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йил мос даврига нисбатан 6,8 трлн. сўмга (17,2 фоиз) кўп маблағлар ундирилган.

Тушумларни асосий солиқлар кесимида қисқача таҳлил қиладиган бўлсак, қўшилган қиймат солиғи бўйича жорий йил январь-июнь ойларида тушумлар 14,3 трлн. сўмни ташкил этди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 трлн. сўмга камайиб, йиллик прогнозга (44,2 млрд. сўм) нисбатан эса 32 фоизни ташкил этди.

Жорий йилнинг I ярим йиллигида қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумларнинг камайишига қўшилган қиймат солиғи ставкасининг 2019 йил 1 октябрдан 20 дан 15 фоизга камайтирилиши ва тадбиркорлик субъектлари иқтисодий фаоллигининг пасайиши каби омиллар таъсир қилди.

Сотиб олинган асосий воситалар бўйича ҚҚС 12/36 ой давомида тенг улушларда эмас, балки бир йўла қопланмоқда. 2020 йил I ярим йиллигида солиқ тўловчиларга қоплаб берилган ҚҚС суммаси 1,6 трлн. сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробардан кўпроққа ўсиб, корхоналар айланма маблағларининг қайтарилишини таъминлади”, деди мажлисда сўзга чиққан Молия вазири Тимур Ишметов.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар