2020 йил 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг Ўзбекистон Республикаси аэропортларида “Очиқ осмон” режимини жорий этиш тўғрисидаги буйруғи имзоланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
“Очиқ осмон” режими 2020 йилнинг 1 августидан бошлаб ИАТА “Қиш 2022/2023” мавсуми якунигача икки йил муддатга уни узайтириш ёки шартларни ўзгартириш имконияти билан Ўзбекистон Республикасининг Қарши, Нукус, Термиз, Бухоро, Навоий, Урганч, Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд шаҳридаги аэропортларида “бешинчи ҳаво эркинлиги” ҳуқуқини қўллаган ҳолда жорий этилади.
Буйруққа мувофиқ “Очиқ осмон” режими:
- Қарши, Нукус, Термиз, Бухоро, Навои ва Урганч шаҳридаги аэропортларда ҳеч қандай чекловларсиз;
- Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд шаҳридаги аэропортларда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига аъзо давлатларнинг авиакомпанияларига кўрсатилган аэропортларга уларнинг техник имкониятларини инобатга олган ҳолда парвозлар сони чекловларисиз Ўзбекистон Республикаси тайинланган ташувчилари фойдаланмаган йўналишларда “бешинчи ҳаво эркинлиги” ва йўловчи парвозларини амалга ошириш ҳуқуқи билан;
- Самарқанд шаҳридаги аэропортда қайта таъмирлаш ишлари якунлангач жорий этилади.
Мазкур режимга мувофиқ Навоий ва Термиз шаҳридаги аэропортларда хорижий авиакомпанияларга юк ташиш парвозларини амалга ошириш учун “еттинчи ҳаво эркинлиги”га қадар бўлган ҳуқуқлар берилади.
Янги ҳаво йуналишларини очишга қизиқиш билдирган ёки парвозлар сонини оширишни режалаштирган хорижий авиакомпаниялар керакли ҳужжатларни ўрнатилган тартибда Транспорт вазирлиги қошидаги Авиация агентлигига ва Ҳаво транспортини ривожлантириш департаментига топшириши лозим.
Изоҳ қолдириш