2022 йил 1 августдан Ўзбекистон қонунчилигида қандай ўзгаришлар кузатилади. Бу ҳақда сиз Review.uz сайтидан билиб оласиз. Келинг 1 августдан қонуний ўзгаришларни санаб чиқамиз.
-
Ногиронлиги бўлган ёшларга 15 млн сўмгача субсидия ажратиш учун ариза қабул қилиш бошланади
Ҳукумат қарори билан ногиронлиги бўлган ёшларга субсидия ажратишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланган.
Регламентга кўра, ногирон ёшларга нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунар, дастурлаш, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 50 бараваригача (15 млн сўмгача) субсидия ажратилади.
Субсидия олиш учун аризалар жорий йил учун – 2022 йил 1 августдан, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили – 10 январдан қабул қилинади.
-
Жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилади
Давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилади.
- Мобил-ID тизими “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади;
- шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра ДХМ ёки нотариал идора томонидан ёхуд ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали амалга оширилади.
-
Оилавий шифокор пунктларининг иш самарадорлигини баҳаолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади
Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади.
Бунда:
- ҳудудда ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш бўйича кўрсаткичлар асосий мезонлар бўлади;
- ҳар 6 ойда ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади ҳамда энг яхши натижа кўрсатган тиббиёт муассасаси мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
-
Интеллектуал мулк объектларига оид айрим текширувлар “Саноат мулки муҳофазаси портали” орқали амалга оширилади
“Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–221-сон, 26.04.2022 й.) га кўра қуйидаги текшириш ва ўрганишлар Адлия вазирлигининг “Саноат мулки муҳофазаси портали”дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:
- сертификациялаш органлари томонидан сертификатлаштириш жараёнидаги қўлланилган ном, қадоқлар ва бошқа реквизитларда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ўрганиш ва текшириш;
- Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан дорилар, тиббий буюмларни рўйхатидан ўтказишда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлигини текшириш.
-
Мактаблар ва боғчаларга ҳам юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан туман даражасидаги қуйидаги идораларга юридик хизмат кўрсатилади
Босқичма-босқич Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан туман даражасидаги қуйидаги идораларга юридик хизмат кўрсатилади:
- маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими;
- қишлоқ хўжалиги бўлими;
- туризм ва маданий мерос бўлими;
- спортни ривожлантириш бўлими;
- оила ва хотин-қизлар бўлими;
- давлат солиқ инспекцияси;
- аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази;
- давлат умумий ўрта таълим мактаблари;
- давлат мактабгача таълим ташкилотлари;
- давлат кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалар.
-
Маҳаллий инновацион товарларни сотиш бўйича давлат органлари билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади
“Тубдан янгиловчи” инновациялар яратишни рағбатлантиришнинг қуйидаги тизими жорий этилади:
- маҳаллий илмий ташкилотлар ва корхоналарга инновацион товарлар бўйича давлат органлари билан шартномаларни тўғридан-тўғри имзолаш ҳуқуқи берилади;
- устав фондида 50 ва ундан кўп фоиз давлат улуши бор хўжалик жамиятларида фойда солиғини тўлагунгача унинг 10 фоизгача ажратмаларидан Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Бунда:
- маблағлар “тубдан янгиловчи” инновацияларни яратишга ва жорий қилишга йўналтирилади;
- Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар портфели Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилади.
-
Маҳаллаларда ижтимоий хизматлар комплекс ёндашув асосида кўрсатилади
“Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–300-сон, 29.06.2022 й.) га кўра 2022 йил 1 августдан дастлаб Сурхондарё вилоятидаги маҳаллаларда (2022 йил 1 ноябрдан республиканинг бошқа барча маҳаллаларида) “Маҳаллада ижтимоий хизмат” модули орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилади.
-
Айрим давлат хизматлари интерактив режимга ўтказилади
Қуйидаги хизматлар фақат ЯИДХП орқали кўрсатилади:
- автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш;
- автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш.
-
Тажриба-синов ОТМда Аудитнинг халқаро стандартларини чуқурлаштирилган тарзда ўқитиш жорий этилади
Тажриба-синов ОТМларининг (Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти) таълим жараёнига АХС бўйича чуқурлаштирилган тарзда ўқитишни назарда тутувчи бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассислиги бўйича «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича янгиланган ўқув дастурлари жорий этилади.
10. «UzGasTrade» АЖ – «Ўзтрансгаз» АЖнинг ҳуқуқий вориси
«Ўзтрансгаз» АЖнинг табиий газни харид қилиш ва сотиш шартномалари ҳамда битимлари, шу жумладан маҳсулот тақсимотига оид битимлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари «UzGasTrade» АЖга ўтади. У:
- табиий газни давлатнинг ягона оператори сифатида республикадаги ишлаб чиқарувчилардан Идоралараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланадиган нархларда ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш;
- «Ҳудудгазтаъминот» АЖга ва магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларга табиий газни тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш функцияларини бажаришни бошлайди.
Изоҳ қолдириш