1 январдан нималар ўзгаради?

1 январдан нималар ўзгаради?

1. Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш учун жавобгарлик бошқарув органларига юкланади. Давлат харидлари бўйича топшириқлар ва импорт контрактлари “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази”да экспертизадан ўтказилмайди.

2. 100 бошли чорва ва 100 минг парранда бўлган хўжаликларда ветеринария врачи ва зоотехник штати жорий этилади.

Қорамолчилик йўналишидаги хўжаликлардаги ҳамда аҳоли қарамоғидаги сигирлар селекция режасига асосан наслли буқалар уруғи билан сунъий уруғлантирилади.

Туман ҳокимлари келгуси йилга озуқа экинларини жойлаштириш режасини “Ўзбекчорванасл” агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишади.

3. Республиканинг барча ҳудудларидаги кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат электрон шаклдаги кадастр паспорти тайёрланганидан кейин нотариуслар томонидан электрон киритилади ва мулкдорга Реестрдан кўчирма берилади.

4. Қуйидагилар кадастр органларига электрон юборилади:

  • банклар томонидан уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини ҳамда ипотекани давлат рўйхатидан ўтказишда уй-жойни қабул қилиб олиш далолатномаси ва бошқа зарур ҳужжатлар;
  • Давлат активларини бошқариш агентлиги ва риэлторлик ташкилотлари томонидан кўчмас мулк объектини “E-IJRO AUKSION”да сотиш ва риэлторлик хизматлари кўрсатиш орқали вужудга келган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур маълумотлар.

5. Тут дарахтларини ғайриқонуний кесганлик, шикастлаганлик ёки йўқ қилганлик учун ундирилган жариманинг 50 фоизи ҳуқуқбузарлик содир бўлган ҳудудда янги тут кўчатлари экиш учун йўналтирилади.

6. Қора металлар прокатини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган индукцион печлар ва камераларга нисбатан тегишли божхона имтиёзлари татбиқ этилмайди.

7. Оғир ва йирик габаритли автомобилларнинг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш, уларнинг автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши учун йиғим ундириш ва ҳаракатланишига рухсатнома бериш Автомобиль йўллари қўмитаси (Қўмита) томонидан амалга оширилади.

Йўл ҳаракатини тартибга солишнинг техник воситалари ва уларнинг конструкциялари, шу жумладан фото- ва видеоқайд этиш техник воситалари Қўмита билан келишилган ҳолда ўрнатилади.

Автомобиль йўлларининг қатнов қисмларига узунасига жойлашган муҳандислик коммуникацияларининг янги тармоқларини лойиҳалаштириш ва ётқизиш тақиқланади, уларнинг автомобиль йўллари билан кўндаланг кесишиши бундан мустасно.

8. Автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, йўл-қурилиш ишларини техник назорат қилиш учун янгидан бошланадиган объектлар бўйича шартномалар фақат давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказиладиган танлов (тендер) якунлари бўйича тузилади.

Йўл-қурилиш ишлари бўйича консалтинг хизматлари (техник назорат) мустақил ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Тошкент шаҳри кўчаларини қуриш ва таъмирлаш бўйича буюртмачининг функцияларини синов тарзида Тошкент шаҳар ҳокимлиги амалга оширади.

9. 2020 йил 1 январдан бошлаб, нефть битумининг йўлларга мўлжалланган маркаларини сотиш соҳасида фоалият олиб бориш ҳуқуқи учун лицензия олиш талаб этилмайди.

10. Ҳокимликларнинг алоҳида функция ва ваколатлари тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилади.

Ҳокимликларнинг бир қатор функция ва ваколатлари чиқариб ташланади.

Давлат органлари ва ташкилотлари жами 28 турдаги ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилиши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан эса уларнинг берилишига йўл қўйилмайди.

Президент ва Ҳукумат ҳужжатлари билан тузилган (рўйхати мазкур қарорда келтирилган) идоралараро коллегиал органлари тугатилади.

11. Айрим хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятли корхоналар харидларни амалга оширишдан олдин давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида эълон жойлаштиради.

12. Тажриба-синов тариқасида 10 та олий таълим муассасалари ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади.

13. Аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади.

14. 2020 йил 1 январдан тажриба тариқасида айрим давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва ҳудудларда, 2021 йил 1 январдан бошлаб эса республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат хизматига қабул очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилади.

15. Давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари:

  • республика, вилоятлараро ННТлар учун - БҲМнинг 4 бараваридан 3 бараваригача;
  • вилоят ННТлари учун – БҲМнинг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилади.

16. “Баркамол авлод” болалар мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкалари:

  • директор ва директор ўринбосарлари учун 1,55 бараварга, тўгарак раҳбари учун 1,5 бараварга оширилади;
  • инструктор-услубчилар ва услубчилар меҳнатига ҳақ тўлаш базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб амалга оширилади ҳамда уларнинг базавий тариф ставкалари тўгарак раҳбарлариникига тенглаштирилади.

17. Ялпи тушумнинг умумий ҳажмида тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларининг экспорти 60 фоиздан кам бўлмаган экспорт улушига эга бўлган корхоналар 2023 йил 1 январгача мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади.

Тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал, ва мўйначилик корхоналарининг фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган базаси етти йил давомида тенг улушларда замонавий тозалаш ва канализация иншоотларини қуриш бўйича xаражатлар суммасига камайтирилади.

Чорва молларини сўйиш бўйича замонавий автоматлаштирилган мажмуаларни ишга тушираётган ташкилотлар ва терини қайта ишловчи корхоналар 2023 йил 1 январгача ер солиғи тўлашдан озод этилади.

“Ўзтўқимачиликсаноат” ва “Ўзчармсаноат” уюшмаларининг хорижий консультантлари Ўзбекистон Республикасидаги даромад манбалари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини унинг белгиланган ставкасидан 50 фоиз миқдорида тўлайди.

18. Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун ташувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бўлинмаларига йўловчилар тўғрисида дастлабки маълумотларни ўз вақтида тақдим қилган ҳолда қайтиш авиачиптаси мавжуд бўлган шартларда мамлакатимиз халқаро аэропортлари орқали 7 кундан кўп бўлмаган муддатга Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби белгиланди.

19. Қуйидаги янги нотариал ҳаракатлар жорий этилади:

  • фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш;
  • мулкий ва мерос масалаларида медиатор вазифаларини бажариш;
  • муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектининг тақдим этилган вақтини тасдиқлаш.

Қуйидаги қулайликлар яратилади:

  • кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда МИБнинг ваколатларига кирадиган коммунал хизматлар бўйича қарздорликлар ҳақида маълумотлар фақат Бюронинг ахборот тизими орқали онлайн режимда текширилади;
  • агар тарафлар турли ҳудудларда бўлса, ўша ҳудуддаги нотариал идорада туриб видеоконференцалоқа орқали битимларни нотариал тасдиқлаши мумкин;
  • очиқ ахборот тизимидаги айрим ҳужжатларнинг электрон шакли мулкни бегоналаштириш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатларни амалга оширишда ҳужжатнинг қоғоз шакли билан тенг ҳуқуқий кучга эга бўлади;
  • республика ҳудудида нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар нотариусга тақдим этилмасдан туриб, уларни ноёб рақам орқали текшириш мумкин бўлади;
  • нотариусга мурожаат этишда электрон навбат олиш ва ҳужжатларни олдиндан тайёрлаб қўйиш хизмати жорий этилади;
  • нотариал архивда мавжуд бўлган ҳужжатлар нусхасини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкони яратилади.

20. Дорилар ва тиббий буюмларнинг савдо жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш мазкур фаолият учун лицензия талаби ҳисобланади ва талабнинг мунтазам бир йил давомида бир мартадан кўп бузилиши лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлади.

21. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг инвестициялар ва давлат-хусусий шериклар масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади.

Қўмита тизимига кирувчи бюджет ташкилотлари ходимларининг лавозим маошлари 1,5 коэффициентга оширилади.

22. Жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ:

  • қуёш фотоэлектрик станциялари учун – 3 миллион сўмдан;
  • қуёш сув иситкичлар учун – 1,5 миллион сўмдан;
  • газ-горелкали қурилмалар учун – 200 минг сўмдан ошмайдиган миқдорда компенсациялар тақдим этилади.

23. “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” (“UzTest” )га айлантирилади.

24. Туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда, 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 АҚШ доллари миқдорида қоплаб берилади.

Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар (кино, теле ва видеофильм, клип, мультфильм, анимелар) яратишдаги харажатларининг бир қисми (“rebate”) битта маҳсулот учун 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.

Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги тўлиқ метражли бадиий, қисқа метражли бадиий, хроникал ҳужжатли фильмларни суратга олиш учун 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади.

Тадбиркорлик субъектларининг республика ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) чет эл таомларига ёки алоҳида йўналишга ихтисослаштирилган мавзули овқатланиш шохобчаларини, шунингдек, “караоке” заллари ва туристик қўнгилочар муассасаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисми ҳар бир лойиҳа учун 10 миллион сўм миқдорида қопланади.

Тасдиқланадиган рўйхат бўйича моддий маданий мерос объектлари ҳудудларига 5 тоннадан юқори вазнга эга катта ҳажмли автотранспорт воситаларининг киришига чеклов қўйилади.

ЮНЕСКО рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари ва давлат муҳофазасига олинган ёдгорликлар ҳудудида фақат мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сувенир маҳсулотлари сотилади.

25. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қуйидаги ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилади:

  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш;
  • жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш.

26. Юридик шахслар – суғурта брокерлари ва суғурта агентлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси комиссия мукофотининг 13 фоизи миқдорида белгиланади.

Суғурта ташкилотининг бошқа суғурта ташкилотлари устав фондларида иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Суғурта захираларининг минимал даражаси белгиланади.

27. 2020 йил 1 январдан бошлаб:

  • 2023 йил 1 январга қадар Миллий каталог ва Реестрга киритилган ҳунармандлар учун календарь йили давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини (ишлар, хизматлар) сотишдан тушган тушуми 100 млн сўмдан 1 млрд сўмгача бўлган миқдори учун якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ягона солиқ тўлов ставкаси 2 фоиз миқдорида тўланади;
  • ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича янгидан давлат рўйхатидан ўтишда тўланадиган давлат божи якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун амалда белгиланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи миқдорида ўрнатилади;
  • Миллий каталогга киритилган ҳунармандларга шогирдлар сони бўйича чекловлар бекор қилинади.

28. Мажбурий ижро бюросининг кўрсатилаётган сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш бўйича функциялари “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларга ўтказилади.

29. Тошкент шаҳрида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва «Тошкент метрополитени» УКнинг айрим йўналишларида кўрсатилган йўловчи ташиш хизматлари учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади.

30. Қуйидаги талаблар бекор қилинади:

  • тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланганда коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни текшириб олиш;
  • давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг аризани ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотни бевосита қоғоз кўринишда тақдим этиш;
  • мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмлари��и экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларидан тўлов ундириш.

31. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий гвардия тасарруфидаги спорт мактабларининг директорлари, директор ўринбосарлари, тренер, инструктор-методистлари ҳамда олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатларининг тренер, инструктор-методистларининг базавий тариф ставкалари ўртача 1,35 бараварга оширилади.

32. Давлат мақсадли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ғазначилик ижроси билан тўлиқ қамраб олинади.

Давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари ва харажатлари Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига киритилади.

33. Тижорат банклари томонидан (миллий валютада) янгидан бериладиган барча турдаги кредитлар, шу жумладан, давлат дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган даражада белгиланади.

34. Нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистоннинг Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини тўлашни назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.

Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун божхона чегараси орқали қўл юкида, кузатиб борилаётган багажида, шунингдек, почта жўнатмалари орқали олиб кириладиган ҳайвонотга мансуб озиқ-овқат маҳсулотларида ишлаб чиқариш ўровининг мажбурий мавжудлиги тўғрисидаги талаб ўрнатилади.

35. Қуйидагилар жорий этилади:

  • “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (“ЯММТ” ИДАК);
  • янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек уларни тугатиш ҳолатларини “ЯММТ” ИДАКда мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби;
  • “ЯММТ” ИДАКда автоматик тарзда шакллантириладиган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи электрон меҳнат дафтари.

36. Сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини, шунингдек, уларни харид қилиш ва қуришга ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тақдим этилади.

Бюджет маблағларини олувчилар билан тузиладиган импорт шартномаларини мажбурий экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш талаби сув тежовчи технологияларни жорий этиш доирасида тузиладиган импорт шартномаларига татбиқ этилмайди.

Ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини Давлат бюджети ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби бекор қилинади.

37. Кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, аҳолининг ўзини ўзи банд қилишни ривожлантириш, аёллар учун имкониятларни ошириш ва ёш авлодни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари доирасидаги лойиҳаларни кредитлаш Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича устувор равишда АТ Халқ банки, “Микрокредитбанк” АТБ ва “Агробанк” АТБ (ваколатли банклар) орқали амалга оширилади.

Кичик бизнес, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёш авлод ташаббусларига ваколатли банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация ва субсидиялар беришга рухсат этилади.

Мазкур дастурларни молиялаштириш учун тегишли жамғармалар томонидан ажратиладиган ресурсларнинг 2020-2022 йилларда сўндириладиган қисми ҳар ойда ваколатли банкларга дастурлар доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади, бунда ресурслар бўйича фоиз ставкаси қайта молиялаштириш ставкасидан 4 фоиз паст қилиб белгиланади.

38. 2020 йил 1 январдан бошлаб “Uzbekistan Airways” АЖнинг хориждаги ваколатхоналарининг барча тушумлари (эксплуатация харажатлари ва ваколатхоналарни сақлаш харажатларидан ташқари) мажбурий тартибда Ўзбекистон тижорат банкларидаги ҳисобрақамларга тушади.

39. Давлат улуши 50 % дан ортиқ бўлган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ўрнатиладиган квоталар бўйича фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинади.

Шунингдек, қуйидагилар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали сотилади:

  • техник мой, омухта ем, хўжалик совуни, нефть эриткичи, нефть парафини ва мис купороси;
  • маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакар (республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларида жойлашган истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартнома асосида ўз савдо тармоқлари орқали сотиладиган, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 10 фоизидан ошмайдиган ҳажми бундан мустасно);
  • иситиш ёқилғиси, ёқиш мазути, суюлтирилган газ ва нефть битуми (махсус истеъмолчиларга ўрнатилган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиладиган ҳажмлар бундан мустасно).

40. ЙПХ ходими ўз хизмат вазифаларини бажаришда қуйидагиларга мажбур бўлади:

  • хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориш;
  • йўл ҳаракати қатнашчиларига мобиль видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиш ва келгусида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун видео ёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш.

Шунингдек, йўл ҳаракати қатнашчилари хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмасликка ҳақли.

41. Олий мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори билан тасдиқланган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги низом кучга киради.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар