1,2 трлн. сўмдан ортиқ ҚҚСни ноқонуний ҳисобга олиш фактлари тасдиқланди

1,2 трлн. сўмдан ортиқ ҚҚСни ноқонуний ҳисобга олиш фактлари тасдиқланди

Давлат солиқ қўмитаси томонидан фаолиятида солиқларни тўлашдан қочишнинг турли хил схемаларидан фойдаланганлик ҳолатлари кузатилган «Шубҳали» корхоналар рўйхати янгиланмоқда.

Дастлабки аниқланган 396 та ва иккинчи босқичда аниқланган 129 та шубҳали корхоналар қаторига учинчи босқичда яна 53 та корхона киритилди.

Ҳозиргача ўтказилган таҳлилларга кўра, мазкур 53 та шубҳали корхона билан иқтисодий алоқага кирган 1 733 та контрагент томонидан амалга оширилган товар айланма 682,5 млрд. сўмни, шундан асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммаси 87,3 млрд. сўмни ташкил этган. Мазкур шубҳали корхоналар ҳисоб рақамлари ёпилди ва уларнинг контрагентларига хабарномалар жўнатилди.

Дастлабки босқичларда «Шубҳали» деб топилган 525 та корхонанинг солиқ қонунчилигига риоя этилиши бўйича ўтказилган солиқ текширувлари натижасида 4 та корхонада «шубҳали» деб топилишига асос бўлган ҳолатлар тўлиқ бартараф этилганлиги сабабли уларни «Шубҳали» корхоналар рўйхатидан чиқариш тўғрисида хулоса қилинди.

Бугунги кунда «Шубҳали» корхоналар жами 574 та бўлиб уларнинг контрагентларида 97 фоиз ҳолатда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачет)га олиш факти тасдиқланди.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари асосида фаолияти шубҳали деб топилган корхоналар билан амалга оширилган битимларни ўрганиб чиқиш учун тезкор равишда камерал солиқ текширувлари ташкил этилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 19 март ҳолатига республикамиз бўйича жами 8 796 та корхонада 1 284,5 млрд. сўмлик асоссиз ҳисоб (зачет)га олинган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларига аниқлик киритиш бўйича камерал солиқ текширувлари якунланди.

Натижада:
– 8 529 та, яъни 97 фоиз корхонада (1 214,6 млрд. сўм) «сохта» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди;
шундан, 100 та, яъни 1,1 фоиз (23,5 млрд. сўм) ташкилотда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачет)га олиш факти қисман тасдиқланди;

– 267 та, яъни назорат тадбирлари ўтказилган 3 фоиз солиқ тўловчилар томонидан 46,4 млрд. сўмлик ҚҚС суммасини тўғри ҳисоб (зачет)га олганлиги ҳолатлари бўйича асословчи ҳужжатлар тақдим этилди. Шу сабабли улардан ортиқча олинган маблағларни қайтариш бўйича тезкор жараёнлар бошланди.

Шунингдек камерал солиқ текширувлари натижасида контрагентлар хатолари тасдиғини топган бўлсада, тадбиркорлик субъектларини узлуксиз фаолият кўрсатишларига шароит яратиш мақсадида, камчиликларини тан олган 352 та субъектга 53,9 млрд. сўмлик бюджетга тўланиши лозим суммаларни жорий йил якунига қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашларига рухсат берилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар