15 августдан автотранспорт воситаларининг куни билан юришига ва 30 кишилик тўйларга рухсат берилди

15 августдан автотранспорт воситаларининг куни билан юришига ва 30 кишилик тўйларга рухсат берилди

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда саноатни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда.

Давлатимиз раҳбари тадбир бошида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтди. Жумладан, охирги бир ойда барча ҳудудларда даволаш ўринлари ва нафас бериш аппаратлари сони бир неча баробар кўпайтирилгани, муолажа қилиш усуллари янгилангани ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати кучайтирилгани қайд этилди. Буларнинг натижасида мамлакатимиз бўйича коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 59 фоиздан 77 фоизга етди. Вирус юқтирганлар сони 32 мингдан ошган бўлсада, уларнинг 25 мингдан зиёди соғайган, 7 минг бемор даволанмоқда.

– Ҳар бир фуқаромиз соғлиғи ва ҳаёти учун курашни янада кучайтирган ҳолда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитини енгиллаштириш мақсадида карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарур. Халқимизнинг ўзи шуни илтимос қилмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шуни ҳисобга олиб, 15 августдан автотранспорт воситаларининг кун давомида юриши, маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат бериш кераклиги айтилди. Санаторийлар, меҳмонхоналар, музейлар, болалар оромгоҳлари, дала ҳовлилар ижараси, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, очиқ ҳавода хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам тикланади. Белгиланган талабларга амал қилган ҳолда уйда 30 кишилик оилавий маросимлар ўтказиш мумкин бўлади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар