Афғонистондаги вазият туфайли Ўзбекистон евробондлар арзонлашди

Афғонистондаги вазият туфайли Ўзбекистон евробондлар арзонлашди

Ривожланаётган давлатлар инвесторлари Афғонистондаги инқироз оқибатларига тайёргарлик кўриши ортидан душанба куни Ўзбекистон ва Покистоннинг халқаро облигациялари босим остида қолди, деб ёзди Financial Times.

Фондлар бошқарувчиларининг сўзларига кўра, Афғонистондан қочқинларнинг эҳтимолий чиқиб кетиши қўшни давлатларда молиявий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, Покистонга толиблар билан ҳамкорлик сабабли расмий ва норасмий санкциялар жорий этилиши хавфи тилга олинмоқда.

Покистоннинг доллардаги облигациялари нархи тахминан 1 фоизга пастлади. Апрелда Покистон 2,5 млрд доллар номилидаги 5, 10 ва 30 йиллик облигациялар чиқарган эди. Июль бошида мазкур мамлакат қарз бозори орқали яна 1 млрд доллар жалб қилди. Айни пайтда Покистонда 8,8 млрд долларлик тўққизта еврооблигациялар пакети мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси долларда.

Ўзбекистоннинг 2030 йилда қайтариладиган доллар номиналидаги облигациялари нархи тахминан 0,25 фоизга арзонлашди. Мамлакат 2020 йилнинг ноябрида 2030 йилда қайтариш муддати билан 555 млн доллар номиналидаги евробондларни чиқарган эди.

LGIM Ривожланаётган давлатларнинг қарз мажбуриятлари бўлими бошлиғи Удай Патнаик фонд яқинда сўнгги ойларда Ўзбекистон ва Тожикистон чиқарган облигациялар захирасини қисқартирганини маълум қилди.

«Хавотирларни келтириб чиқарадиган бир қанча сабаблар бор. Улардан бири — қочқинлар инқирози. Кўриниб турибдики, Покистон бундан жабр кўрмоқда ва бу қимматга тушади», — деди у.

FT бозор Афғонистон қўшниларига диққат қаратаётганини мазкур мамлакатнинг халқаро бозорда қарз мажбуриятлари йўқлиги, йиқитилган ҳукумат молиявий дастакни Ғарб давлатлари ҳукуматлари ҳамда Жаҳон банки ва ХВЖ каби донорлардан олгани билан изоҳламоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар