Аҳоли томонидан сезилган инфляция динамикаси 2022 йилнинг январь ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентлар томонидан сезилган инфляция ўтган йил декабрь ойидаги кўрсаткичга нисбатан 0,8 фоиз бандга пасайиб, 15,4 фоизни ташкил этган бўлса, жавобларнинг медиана (ўтган 12 ойда инфляция бўйича жавоблар вариацион қаторини тенг иккига бўлувчи қиймати) қиймати 13,4 фоизгача камайди.
Шу билан бирга, умумий жавоб берувчилар таркибида сезилган инфляцияни 9-12 фоиз атрофида ҳис қилган респондентлар сони ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан ошди ва медиана кўрсаткичини пасайишига сабаб бўлди. Жавобларнинг мода кўрсаткичи (ўтган 12 ойда инфляция даражаси бўйича респондентлар томонидан энг кўп белгиланган жавоблар қиймати) ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз қолди (2-расм.).
Айни пайтда, январь ойида нархларни юқори ошди (21-30 фоизгача) деб кўрсатган респондентлар улуши ҳам пасая бошлади. Респондентларнинг кўпчилик қисми январь ойида бензин ва ёқилғи маҳсулотлари, гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда дори воситалари қимматлаганини сезишган бўлса, дуккакли маҳсулотлар, таъмирлаш хизмати ҳамда гигиена-тозалаш воситаларининг нархи бироз ошганини таъкидлашган (3-расм.)
Фаолият соҳалари бўйича умумий овқатланиш, савдо, банк-молия соҳалари, талаба ҳамда нафақадаги респондентлар томонидан сезилган инфляция даражаси бошқа соҳа вакилларига нисбатан юқорироқ шаклланди.
Айни пайтда, ишлаб чиқариш, тиббиёт, қурилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида сезилган инфляция умумий кўрсаткичдан пастроқ бўлди (4-расм.)
Сезилган инфляциянинг нисбатан юқори кўрсаткичлари Хоразм, Фарғона вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида кузатилган бўлса, нисбатан паст кўрсаткичлар Қашқадарё ва Андижон вилоятларида қайд этилди.
Даромадлари кесимида инфляция динамикаси
Марказий банк томонидан уй хўжаликларининг даромадлари даражаси бўйича инфляциянинг таъсири ўрганилди. Бунда, Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида аҳолининг даромадлари кесимида энг кўп истеъмол қилинган товарлар нархлари ўзгариши йиғиндиси асосида гуруҳлар инфляция даражаси ҳисоблаб чиқилди.
2022 йилнинг январь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция даражаси 9,8 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси 13,1 фоизни ташкил этган бўлса, истеъмол товарлари нархларининг
ўзгариши аҳолининг турли даромадли гуруҳларига турлича қийматга эга бўлди.
Хусусан, январь ойида жон бошига 2 млн. сўмгача ва 2-4 млн. сўм даромадга эга уй хўжаликлари гуруҳларининг озиқ-овқат инфляцияси мос равишда 14,2 ва 10,9 фоизга тўғри келмоқда.
Юқори даромадли (5 млн. сўмдан ортиқ) гуруҳнинг озиқ-овқат инфляцияси эса 7,8 фоизга тенг бўлди (1-расм.).
Кам даромадли гуруҳлар харажатлари таркибида озиқ-овқатга йўналтирилган қисми ноозиқ-овқатдан 1,7 баробар кўп бўлса, юқори даромадли гуруҳда, аксинча, 40 фоизга кам шаклланган.
Бу, ўз навбатида, нисбатан кам даромадли аҳоли харажатлари таркибида нархлари юқори ўсган маҳсулотлар улушининг катталиги, улар томонидан нархлар ўсишини кўпроқ сезилишига сабаб бўлмоқда.
Гуруҳлар бўйича инфляция даражаси ойлар кесимида таҳлил қилинганда, инфляция кўрсаткичи юқори бўлган даврда яъни февраль-апрель ва октябрь-декабрь ойларида даромадлари нисбатан камроқ аҳоли гуруҳлари истеъмол товарлари ойлик инфляцияси юқори даражада шаклланган бўлса, нархларнинг мавсумий арзонлашиш даврида, яъни май-август ойларида ушбу гуруҳ вакиллари учун ойлик инфляция даражаси кўпроқ пасайган (3-расм.).
Шу билан биргаликда, Марказий банк томонидан 2022 йилдан бошлаб аҳоли томонидан энг кўп истеъмол қилинадиган ва яшаш учун зарурий ҳисобланаган озиқ-овқат маҳсулотларнинг – ижтимоий товарларнинг (мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти, тухум, картошка, пиёз, сабзи, олма,
гуруч, биринчи навли буғдой уни, обинон, ўсимлик ёғлари ва шакар) нархлари ўзгаришини таҳлил қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.
2022 йилнинг январь ойида ҳам ижтимоий товарлар нархлари ўсиши умумий инфляциядан юқори шаклланиб, 13,4 фоизни ташкил этди.
Айни пайтда, ижтимоий товарлар нархлари ўсиши билан умумий инфляция ўртасидаги тафовут 2021 йилнинг август ойида 10 фоиз бандгача кенгайган бўлса, 2022 йилнинг январь ойида – 3,6 фоиз бандгача қисқарди.
Изоҳ қолдириш