Бозорлар шаклланиши ва иқтисодий масалалари жиҳатидан жуда узоқ тарихга эга. Бозорларнинг келиб чиқиши милодийдан олдинги VII асрда металл пуллар келиб чиққунга қадар, истеъмол молларининг ўзаро алмашинуви, аниқроғи — деҳқончиликдан ҳунармандчилик ажралиб чиққан даврдан бошланган. Навоий яшаган XV асрга келиб, ҳар бир мамлакат, шаҳар, туманда ички бозор бўлган. Бу эса Буюк ипак йўли жаҳонгашта савдогарлар учун янгидан-янги имкониятлар яратганлигидан дарак беради. Шу боисдан бўлса керак, Алишер Навоий “Ҳайратул-Аброр”, “Маҳбубул-қулуб” ва бошқа асарларига ўзини ҳайратга солган ажойиботлар билан бир қаторда бозорлар ҳақидаги маълумотларни ҳам киритади.
Ҳақиқатан ҳам, ёшлик даврида Навоий эътиборини жалб этган даргоҳлардан бири – шоҳ арки (саройи) бўлса, иккинчиси – Ҳиротдаги машҳур бозор бўлган.
Зеро, улуғ шоиримиз “Ҳайратул-Аброр” да шундай ҳам ёзган: “Тўрт томон кетган йўл, унинг бозорлари... У ерда ким бўлса, ҳамма бирон нарсага харидор. Харидор қандай нарсани олишни ўйламасин, сотувчилар ундан юз ҳисса ортиғини муҳайё қиладилар. Турли хилдаги молларнинг қиймати билан ҳар бир дўкон ҳар қандай денгиз ва кон қийматига тенглаша олади. Баззозларда ран-баранг кийим-кечакларни тахлаб қўйишган; улар осмон атласлари каби қатма-қат турибди. Қутичалардаги гавҳару жавҳарлар осмон ва ундаги юлдузларни эслатади. Бу бозорга кириб қолган киши чиқишга йўл топа олмай қолади, айлана бериб, бутунлай ақлдан адашади”. Бу тасаввур Навоийнинг бошқа асарларида ҳам давом эттирилади. Ҳирот боғларида етиштирилган ажойиб мевалар: узум, анор, нашвати, анжир, олма, қовун, ҳандалак, тарвуз, қолаверса, сабзавотлар ҳам бозорнинг кўрки эканлиги тилга олинади.
Ёзувчи Иззат Султон кўрсатганидек, “Алишер туғилган йилларда Ҳирот темурийлар давлатидаги энг катта ва гўзал шаҳарлардан бирига айланган ҳамда ўз мавқеи ва шуҳрати жиҳатидан темурийлар пойтахти Самарқанд билан рақобат қилар эди”.
Бу маълумотлар Самарқанд бутун Осиё савдосида мол омбори ўрнини олганлигидан гувоҳлик беради.
Кўп йиллар Ҳирот ва Самарқандда истиқомат қилган Алишер Навоий мамлакат миқиёсидагина эмас, балки жаҳонда эътибор қозонган ҳисобсиз карвонларни, уларни бошқариб бораётган савдогарларни, маҳаллий бозорлардаги дўкондорлар ва уларга хизмат қилувчи гумашталар меҳнатини ўрганиб, ички савдо билан ташқи савдонинг бир-бири билан боғланганлиги, шу билан бирга, савдогарлар билан ҳунармандларни, бозорда ҳам савдо, ҳам ҳунармандлик билан шуғулланувчиларни, савдогарлар билан харидорлар муносабатларини таҳлил қилган.
Навоий бу ўринда саррофлар Самарқандда зарб қилинган тангалар билан чет эл валюталарини бирининг иккинчисига алмаштиришини кузатади. Бундан ташқари, савдогарнинг асосий мақсадини очиқ-ойдин равишда қуйидагича таърифлаб беради:
“Савдогарлар бошида, — деб ёзади Навоий, — бирини юз қиламан деган савдо, кўнглида бўзни шойига алмаштираман деган истак бор”. Лекин савдогарлар бу мақсадни амалга ошириш учун сюргал (подшоҳ томонидан инъом этилган ерлар – муҳаррир изоҳи) ва тархон (солиқдан озод қилинган аҳоли ерлари), ушр (ислом давлатларида солиқ турларидан бири) ва вақф (масжид ва мадрасаларга қарашли ерлари) ерларида эртадан кечгача тинмай ишлаган деҳқонлар меҳнати билан ҳосил бўлган қўшимча маҳсулотни ўзлаштиришда ва бунинг учун кенг шароит яратишда катта ер эгалари бўлмиш феодалларга яқиндан ёрдам бераётганларини қалбдан сезади ва уларнинг фаолиятини тартибга солиш мақсадида қуйидаги насиҳатлар билан мурожаат қилади: “Савдогар ёлғиз фойдани ният қилмаслиги, фойда қиламан деб ўзини катта машаққатга қўймаслиги, савдо қилиб фойда топаман деб, денгизга кема сурмаслиги, дур оламан деб наҳанг оғзига қўл солмаслиги, мол ва пул кўпайтираман деб жонсарак бўлмаслиги керак. Шунингдек, нафис матоларни аяб, эски чопон киймаслиги, лаззатли таомларни кўзи қиймай, қаттиқ нон емаслиги лозим”. Бу ўринда Навоий айрим савдогарларнинг ҳаддан зиёд хасислигини танқид қилиб, уларнинг кўрган қийинчиликлари тирикчилигини яхши ўтиши учун хизмат қилса ва топган фойдаси кўнгил фароғати учун сарфланса, яхши бўлади, деб кўрсатади. Акс ҳолда бундай савдогар хўжа эмас, мардикор бўлади, ўз хасислиги билан ҳамиша азоб-уқубатда бўлади.
Хасисликнинг кўринишларидан бири – солиқ тўлашдаги алдамчиликдир. Айрим савдогарлар закот ва бошқа солиқларни камроқ тўлаш мақсадида давлатни алдаб, молларини яширадилар, уларни кўрсатмасликка ҳаракат қиладилар, молларни азиз тутиб, лекин ўзларини хор этиб, обрўларини тўкадилар.
Навоий савдо жараёнини кузатиб, шаҳар олибсотарларини қоралайди. “Шаҳар олибсотари, — деб ёзган эди Навоий, — хиёнатчидир. Ўз фойдасини кўзлагани ҳолда, элга қаҳатчилик тилайди, унинг мақсади – элга зиён етказиш орзуси, арзон олиб, қиммат сотишдир. У оларда шойини бўз деб камситади, сотарда эса бўзни шойи деб вайсайди. Дўконида инсофдан бўлак ҳамма мато мавжуд, ўз айбига иқрорликдан бўлак ноинсофликнинг барча тури топилади. Мусофир билан савдогарни бамисоли эр-хотин, балким, бирини аскар, иккинчисини эса унинг хотини дейиш мумкин. Олибсотарга фойда-ю, харидорга – нуқсонли мол, ҳар икки томонидан ёлғон онт ичган даллолдир”.
Навоийнинг фикрича, бозор олибсотари бозор косибларидан қисман фарқ қиладилар. “Улар бир пуллик матони юзга сотиш билан минг бор мақтанадилар, минг сўм турадиган нарсани юз сўмга олишдан уялмайдилар. Тўғрилик билан савдо юритиш – улар учун гўё зарар келтиради. Ваъдага вафодорлик – улар учун гўё бадкирдорлик ҳисобланади. Улар савдога берилиб, охиратни унутадилар: инсоф ва адолат тарозиси борлигини тан олмайдилар. Ўғил отани алдаши — буларнинг ҳунарлари. Шундай қилиб, бозор косиблари арзон молларни қайта ишлаб, ҳунар кўрсатадилар, ўз рисолаларидаги талаблардан четлаши, фирибгарлик йўлига ўтганлар...” (“Маҳбубул-қулуб”дан).
“Маҳбубул-қулуб”дан келтирилган парчалар Навоий замонидаги пул бирликлари: динор, дирхам ва бошқалар билан танишиш имкониятини берибгина қолмай, Навоий пулнинг алмашиш қуроли, қиймат ўлчови, жамғариш ва хазина тўплаш, тўлов воситаси, жаҳон пуллари функцияларидан хабардор эканлигини кўрсатади. Бу ўринда Навоийнинг пулнинг қиймат ўлчови функциясига бўлган таърифи қизиқарлидир. Шунингдек, “Маҳбубул-қулуб”да маҳсулот яратишда ва маҳсулот сифатини таъминлашда меҳнатнинг ролига алоҳида эътибор берилганлиги диққатга сазовордир.
“Тез қўлга кирган бойлик, — деб кўрсатади Навоий шу асарида, — узоққа бормас, мақтаган билан ҳеч нарсанинг баҳоси ортмас. Бир хумдондан мингга сопол идиш чиқар, қиймати бир тангадан ортиқ бўлмас, кунда юзтаси синса ҳам, биров ачинмас. Чинни идишнинг қиймати уни тайёрлашдаги қийинчиликка яраша баланддир, уни асрашда ҳам қийматига яраша аҳамият берилади”.
Алишер Навоий инсон ҳаётида меҳнатнинг ролини фақат ҳунармандчилик эмас, балки, айниқса, деҳқончилик мисолида ҳам чуқур таҳлил қилишга ҳаракат қилган. “Дон сочувчи деҳқон, — деб ёзади Навоий, — ерни ҳайдаш билан ризқ йўлини очади... Ҳалол меҳнат билан дон сочади, ҳар бир донини етти юзга етказади”.
Деҳқон тўплаган ҳосилнинг аҳамияти ҳақида гапириб, Навоий шундай хулосага келади: “Чумолилар уйи ундан обод. Кабутарлар мастлигию тўрғайларнинг шўх навоси шу донлардан, ўроқчининг тирикчилиги шунинг орқасидан. Қушчининг ундан муроди ҳосил, сомончи ундан мақсадга васил. Гадойлар у билан тўқ, хонадон эса маъмур. Мусофирга таом шундан, мужовирга ком ундан. Новвойнинг тандири у билан иссиқ, аллоф-унфурушнинг бозори у билан қизиқ, фуқаронинг ризқ-рўзи, ғарибларнинг куч-қуввати дон биландир. Шоҳ хазинаси эса дон орқасидан инжу ва олтинга бой. Деҳқоннинг бир дон сепганида шунча ҳикмат бор, ўзга ишларини таърифлаш маҳолдир”.
Ҳа, бу парчани деҳқон меҳнатининг чуқур таҳлили, десак бўлади.
Навоий Ҳиротдан Астрободга борганидан кейин Ҳусайн Бойқарога бир мактуб йўллайди. Унда бошқа масалалар билан бирга ташқи савдо масалаларига ҳам алоҳида аҳамият берилган.
“Яна улким..., — деб ёзади Навоий, — даҳоналарда (чегара дарвозаларида) андоқ мазбут (қувватли) кишилар қўйиб, андоқ мустаҳкам қилилсаким... Атрофдан келган бозургонлар (савдогарлар)нинг жонибин ривоят қилсалар (уларнинг манфаатларига зарар етказилмаса)...
Ул вилоятда “тамғо” лафзи машҳур бўлмаса, савдогарларга бож солинмаса, закотни (мулкдан олинатурган солиқни) шаръ ва ҳукм (шариат ва қонун) йўсуни билан закотчилар алардин мустахлас қилсалар (олсалар). Закотчилар ишидан тавчи, (тафтишчи) балки, ҳафт-баҳафта вуқуф топиб (хабардор бўлиб, текшириб кўриб), арзга еткурсалар. Жузъий жарима (озгина гуноҳ) қилганни қуллий сиёсат қилилса, бок йўқдур (қаттиқ жазога тортилса зарарсиздир), то бу овоза олам мамоликига (мамлакатларига) ёйилса, тужжорнинг ружуи кўпроқ бўлса (савдогарларнинг келиши кучаяди)”.
Биз юқорида Алишер Навоийнинг бозор иқтисодиёти билан боғланган айрим мулоҳазаларини баён қилишга ҳаракат қилдик. Навоийнинг савдогарлар ҳақидаги кўп фикрлари ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг “Садди Искандарий” ва бошқа асарларида ҳам бозор иқтисодиёти масалалари, масалан, савдо-сотиқдаги тош-тарозу, харидорларни алдаш ва бошқа масалалар кўрсатиб ўтилган. Тадқиқотчиларимизнинг навбатдаги вазифаларидан бири – Навоийнинг фақат савдо-сотиқ соҳасидаги эмас, балки давлат молияси, маҳкамалардаги лавозимларда хизмат қилувчилар, ҳунармандлар ва деҳқонлар меҳнатини, сипоҳийларга тўланадиган уруфалар ва бошқа иқтисодий воситаларни батафсилроқ таҳлил қилиш ва шу орқали иқтисодий тарихимизнинг ёритилмаган саҳифалари билан танишишга ёрдам беришдир.
Изоҳ қолдириш