Ўзбекистоннинг 2024 йилги бизнес муҳитини таҳлил қилиш – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоботи

Ўзбекистоннинг 2024 йилги бизнес муҳитини таҳлил қилиш – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоботи

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлари асосида 2024 йил учун бизнес муҳитини таҳлил қилиш натижаларини тақдим этди. Олинган маълумотлар асосида бизнеснинг жорий ҳолатлари ва уларнинг тахминларини тавсифловчи бизнес муҳити кўрсаткичи шакллантирилди.

Бизнес муҳитининг ўзгариши индекатори IFO институти (Германия) методологиясига асосланган. Сўровлар давомида корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш динамикаси, талаб, нархлар ва бошқа кўрсаткичлар асосида тадбиркорлик фаолиятидаги жорий ва кутилаётган ўзгаришларни баҳолайдилар.

Бизнес муҳити индекси

Йил давомида бизнес муҳитининг индекси кўрсаткичи ўзгарувчан хусусиятга эга бўлиб, йиллик ўртача 53 бандни (-100 дан +100 гача бўлган шкалада) ташкил этди ва бу Ўзбекистондаги бизнес муҳитининг ҳолатини ижобий деб баҳолайди.

Энг юқори кўрсаткичлар январь ойида қайд этилган ва 61 бандни ташкил этган бўлса, энг қуйи кўрсаткич октябрь ойида 42 бандда қайд этилган, бу саноат тармоғи кўрсаткичларининг мазкур ойда 72 банддан 31 бандгача пасайиши билан боғлиқ.

Шу билан бирга, май сентябрь ойлари оралиғида индекс кўрсаткичида ижобий кутилмалар сақланиб қолди. Ушбу даврда саноат ва қишлоқ хўжалигидаги кўрсаткичлар сезиларли даражада яхшиланиб, 63-66 бандгача етди. Йил якунида барча тармоқлар оптимизм даражаси ўсиб, индекс қиймати 56 бандни қайд этди.

Умуман олганда, йил давомидаги ўзгарувчанликка қарамай, йил якунида бизнес вакилларининг оптимизм даражаси ўз ўрнига қайтган, бу эса ўз навбатида, келгусида ҳам иқтисодий ривожланишдаги ижобий тенденция давом этишини билдиради.

Бизнеснинг жорий ҳолати индекси

Бизнес жорий ҳолати индекси динамикаси йил давомида кескин ўзгаришлар билан шаклланиб борган бўлсада, йил якунида бизнеснинг барча тармоқларида ижобийлик ортиши кузатилган.

Бизнес жорий ҳолати индекси йиллик ўртача 39 бандни ташкил этиб, мазкур кўрсаткич қишлоқ хўжалигида 42 банд, саноатда 33 банд, қурилишда 38 банд ва хизматлар соҳасида 40 бандни қайд этган.

Сўровнома натижаларига кўра, бизнеснинг жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолаганлар улуши йил давомида сентябрдаги максимум 45% ва июлдаги минимум 37% қийматлари оралиғида шаклланган. Тармоқлар кесимида энг юқори кўрсаткич сентябрда қишлоқ хўжалаги – 49%, энг қуйи кўрсаткич январда қурилиш – 26% соҳаларида кузатилган.

Бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси

2024 йил давомида бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси йиллик ўртача 68 банд ташкил этиб, юқори даражада сақланиб қолган. Мазкур кўрсаткич қишлоқ хўжалигида 73 банд, саноатда 66 банд, қурилишда 69 банд ва хизматлар соҳасида 66 бандни қайд этган.

Январь-октябрь ойлари оралғида, келгуси 3 ойда талаб ортишини кутаётганлар улуши 74% дан 57% гача пасайган.

Келгусида нархлар ўсишини қайд этганлар улуши йил давомида апрелдаги максимум ва июлдаги минимум оралиғида шаклланган ва йиллик ўртача 25% ташкил этган.

Бизнесдаги долзарб муаммолар

Йил давомида бизнес юритишдаги тўсиқлар аста-секин камайиб борди. Марказ сўровномаси натижаларига кўра, тадбиркорларнинг ўртача 54%и бизнес юритишга маълум бир тўсиқлар мавжуд эмаслигини таъкидлаганлар. Хусусан, бизнесда тўсиқлар йўқлигини билдирганлар улуши январь-июль ойларида ўртача 50% бўлган бўлса, 2024 йилнинг сўнгги чорагида 62%га етган.

Умуман олганда, ўтган йилга нисбатан тадбиркорлар дуч келадиган бир қатор муаммолар камаймоқда. Масалан, молиялаштириш бўйича муаммолар даражаси 15%дан 13%га; ер олишдаги тўсиқлар 7%дан 4%га сезиларли даражада камайди.

Саноат тармоғида молиялаштириш 5%га, электр энергия таъминоти 3%га ва ер олиш муаммолари 4%га камайди. Март ойида 24%га етган молиялаштириш бўйича муаммо даражаси октябрь ойига келиб 5%гача тушган, бу саноатдаги молиялаштириш билан боғлиқ вазиятнинг сезиларли яхшиланишини кўрсатмоқда.

Қишлоқ хўжалигида асосий тўсиқ деб энг кўп таъкидланган муаммолардан бири сув таъминоти йиллик ўртача кўрсаткичи 10% ташкил этди. Йил бошида ушбу муаммони 20% респондентлар қайд этган, йил якунига келиб бу кўрсаткич 6%гача тушган. Шундай қилиб, вақтинчалик тебранишларга қарамай, умумий тенденция қишлоқ хўжалигида сув таъминоти билан боғлиқ вазиятнинг аста-секин яхшиланганлигини кўрсатмоқда.

Қурилиш соҳаси вакиллари қолган тармоқларга қараганда энг кўп талабнинг камлигини асосий тўсиқ сифатида кўрсатишган. Мазкур муаммони қайд этганлар улуши йил бошида 9% дан март ойида 2%гача тушган бўлса, декабрда 3% ташкил этган.

Хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларининг 58% бизнес юритишда тўсиқлар мавжуд эмас деб ҳисоблашган, бу 2023 йил даражасига тўғри келади. Шунингдек, 11% молиялаштириш, 6% юқори солиқ ставкаларини ва 5% электр энергияси таъминоти муаммоларини асосий тўсиқ деб кўрсатишган.

Суннатила Зикриллаев, Бош илмий ходим

Банк-молия ва капитал бозорлари фаолиятини ўрганиш шўбаси,

тел.: (78) 150 02 02 (411)

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими,

тел.: (78) 150 02 02 (417)

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар