2022 йил учун прогноз қилинган вилоят маҳаллий бюджети даромадлари 3 059,4 млрд. сўм ва харажатлари 4 741,6 млрд. сўмни ташкил этади. Республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдори 1 682,3 млрд. сўмни ташкил этади.
2022 йил учун прогноз кўрсаткичларига кўра, Андижон (272,93 млрд. сўм) шаҳри ҳамда Асака (136,10 млрд.сўм) ва Шаҳрихон (93,01 млрд. сўм) туманлари даромади энг юқори бўлган ҳудудлар ҳисобланади.
Вилоят бюджетининг даромад қисми юридик шахслардан олинадиган даромад солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (қисман), давлат божлари, жарималар, йиғимлар, мобил алоқа хизмати, алкогол ва тамаки маҳсулотлари акциз солиғидан тегишли равишда ўтказиб бериладиган даромадлар ҳисобидан шаклланади.
Маҳаллий бюджет таркибида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 890,8 млрд. сўм ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи 182,35 млрд. сўм, йиғимлар 99,67 млрд. сўм ва давлат божи 185,83 млрд. сўмни ташкил этади. Давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича 25 млрд. сўм маблағ тушуми режалаштирилган.
Жорий йил учун маҳаллий бюджет шаҳар ва туманлар кесимида таҳлил қилинганда, Андижон шаҳри (314 млрд. сўм), Асака тумани (308,7 млрд. сўм), Шаҳрихон (264,98 млрд. сўм) ва Избоскан (233,20 млрд. сўм) шаҳарлари энг юқори харажатларга эга ҳудудлар ҳисобланади.
2022 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга харажатлар маҳаллий бюджетнинг асосий (68,58%) қисмини ташкил этади. Мазкур харажатлар соғлиқни сақлаш (32,49%), ижтимоий ҳимоя (17,47%), маориф (14,51%) ва фан (0,05%) соҳаларига ажратилиши назарда тутилган. Шунингдек, маҳаллий бюджетнинг харажатлари қуйидаги соҳаларга ажратилган:
- иқтисодиётга харажатлар (11,32%)
- марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштиришга харажатлар (8,02%)
- давлат бошқарув органларини сақлаш (5,59%)
- фуқаролар ташаббуси жамғармаси (3,06%)
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш (1,98%).
Андижон вилояти маҳаллий бюджетининг жами 1 540,6 млрд. сўмлик қисми соғлиқни сақлаш ва 687,99 млрд. сўмлик қисми маориф соҳасига ажратилган. Кўп болали ва кам таъминланган оилаларга нафақалар ва компенсациялар учун 828,23 млрд. сўм маблағ ажратилган. Спорт ва маданият соҳаларига маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағ миқдори 129,68 млрд. сўмга тўғри келади.
Иқтисодиётга ажратилган харажатлар таркибида cув хўжалиги вазирлиги (46,25%) ва ободонлаштириш (32,00%) ташкилотлари энг кўп улушга эга эканлиги қайд этилган. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида ажратилган маблағлар мазкур соҳага харажатларнинг 4,85%ини ташкил этади. Маҳаллий бюджетларда ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун 23 млрд.сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштиришга харажатлар 380,38 млрд. сўм маблағ сарфланиши назарда тутилган.
Вилоятнинг Асака (172.64 млрд.сўм), Шаҳрихон (171,97 млрд.сўм ) ва Пахтаобод (162,07 млрд.сўм) туманлари энг кўп бюджет трансфери ажратилган ҳудудлар ҳисобланади. Бўстон (73,62 млрд.сўм) ва Улуғнор (69,68 млрд.сўм) туманлари ҳамда Андижон (41,11 млрд.сўм) ва Хонобод (38,71 млрд.сўм) шаҳарларига эса бюджет трансферининг нисбатан кам қисми ажратилиши белгиланган.
Шоирахон Нурдинова
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Наманган филиали бош илмий ходими
Изоҳ қолдириш