Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоконференцалоқа тарзида йиғилиш ўтказилди. Унда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 17 миллиондан зиёдини хотин-қизлар ташкил қиляпти. Уларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларини бартараф этиш учун жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилди. Бунинг учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтириладиган бўлди.
Сенат ахборот хизмати маълумотига кўра, «Халқ банки» тизимида, энг аввало, «Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш департаменти» ташкил этилди. Банкнинг 14та ҳудудий ва 196та туман (шаҳар) филлиалларига хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий қилинган бошқарувчи ўринбосари лавозимларига энг муносиб номзодлар тайинланди ва иш режалари ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, Савдо-саноат палатаси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, «Тадбиркор аёл» ишбилармон аёллар ҳамда «Ҳунарманд» уюшмалари, хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, шунингдек, бошқа нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда аёллар тадбиркорлигига хос бўлган 60 хилдан ортиқ намунавий «Бизнес режа» лойиҳалари ва тарқатма материаллар тайёрланиб, жойларга етказилди. Аёлларнинг молиявий саводхонлигини ошириш ва тадбиркорликка йўналтириш бўйича алоҳида веб-саҳифа ҳамда «телеграмм бот» ишга туширилмоқда.
«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг хоҳиш-истаклари, ҳар бир ҳудуднинг ички хусусиятларидан келиб чиқиб, бизнесга йўналтириш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар билан тушунтиришлар берилди. Бу бўйича ташкил этилган ўқув-курсларига эса 2 минг нафардан зиёд аёллар жалб қилинди.
Айни пайтда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ҳамда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг бизнес лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Изоҳ қолдириш