Президент Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни “Uzbekistan airways” ҳамда “Uzbekistan airports” акциядорлик жамиятларини трансформация қилиш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 ноябрдаги фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси негизида иккита – “Uzbekistan airways” ҳамда “Uzbekistan airports” акциядорлик жамиятлари тузилган эди. Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар қаторида мазкур компаниялар ҳам трансформация қилиниши режалаштирилган. Шу билан бирга, коронавирус пандемияси билан боғлиқ иқтисодий қийин вазият авиация тармоғини такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Юртимиз авиакомпанияларини трансформация қилишда асосий эътибор иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган. Масалан, “Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти харажатларини 46,5 миллион долларга қисқартириш ҳисоб-китоб қилинган. Бунинг учун компания ва унинг таркибидаги ташкилотларда иш ўринларини оптималлаштириш, фойдаланилмаётган 12 та самолётни тасарруфдан чиқариш, авиачипталарни хорижда сотиш бўйича агентлар комиссияси фоизини тушириш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, даромадларни йилига 40 миллион долларга кўпайтириш мақсад қилинган. Бунинг учун талаб юқори бўлган шаҳарларга чартер парвозларни ва янги йўналишлар бўйича карго ташувларини амалга ошириш, барча маҳаллий рейсларга онлайн рўйхатдан ўтиш ва жойларни танлаш имкониятини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Янги бизнес стратегиясига кўра, қатновлар гибрид усулга ўтказилиб, тўлиқ хизматлар ва бюджет хизматлар модели бўйича амалга оширилади. Талаб кам бўлган йўналишларда бизнес класс бекор қилиниб, ўриндиқлар сони кўпайтирилади.
Изоҳ қолдириш